Туркияда яна бир можаро авж олди: ўтган йилнинг 15 декабр санасида бўлиб ўтган "Қосимпошо"-"Бешиктош" ўйини қайта ўтказилади. Баҳс 2:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлганди. Шота Арвеладзе ва Славен Билич жамоаларининг ўзаро навбатдаги тўқнашуви 11 февраль санасига белгиланди.
Матбуотдаги хабарларга қараганда, турк футбол дунёсининг юқори қатламларида етарли таъсир кучига эга бўлган "Бешиктош" раҳбарияти ўша учрашувдаги ҳакамнинг камида битта ўта жиддий хатосини натижага таъсир ўтказганини исботлай олган. Ўша вазият эса қуйидагича бўлганди: "Қосимпошо" ҳимоячиси Донк ўз жарима майдонида майдондаги иккинчи тўпни (голландияликка яна бир тўп меҳмонларнинг ҳужуми майдон марказидан ривожланаётган вақтдаёқ келиб қолганди) тепиб юборган ва у Угу Алмейдадан ярим метр наридан ўтиб кетганди. "Бешиктош" ҳужумининг гол билан тугаши мумкинлиги ҳақида гап бормаяпти, аммо клубдагилар ўша вазиятда пенальти белгилаш керак бўлганини исботлай олганлар. Натижада бир ҳафтадан сўнг учрашув қайта ўтказилади.