Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Эътироз эргашган эътироф

Баҳо:
+-1 | -

Мақоламиз аввалидаёқ бир фикр­ни алоҳида таъкидлашни истардик: профессионаллашув борасида футбол журналистлари бошқа ҳамкасбларимиздан илғорлик қилишмоқда. Ўзбек футболининг ютуқ ва муаммолари, борки икир-чикирлари уларнинг нигоҳидан четда қолмаяпти.

Мана, ЎФФ келишилган ўйинлар борасида кескин чоралар кўришга киришди. Демак, футбол журналист­лари томонидан аёвсиз равишда ёритилган муаммо расмий ҳолда эътироф этилди. Аммо буни жуда узоқ кутишга тўғри келди. Футбол журналистлари шу узоқ вақт давомида муаммони бот-бот қаламга олишди, мухлисларни зериктириб бўлса-да, мавзуни ёритишдан чарчашмади. Кўриниб турибдики, ЎФФ мутасаддилари, хусусан, ташкилот матбуот хизмати вакиллари барча футбол нашр­ларини диққат билан кузатиб боришади. Энг муҳими, улар футбол нашрларига ўгай кўз билан қарашмайди. Улар учун асосийси, танқиднинг холислиги ва ҳаққонийлигидир. Хуллас, бошқа соҳа мутасаддилари матбуотга муносабат масаласида ЎФФ раҳбарларидан ўрнак олишса арзийди. Келинг, бошқа соҳа вакиллари ҳақидаги фикримиз қуруқ гаплигича қолиб кетмасин. Маълумки, халқ таълими вазирлиги ҳам мамлакатимиздаги энг нуфузли расмий ташкилотлардан ҳисобланади. Шу нуфузга яраша мамлакатимизда таълим соҳасига ихтисослашган ўнлаб тармоқ ва нодавлат нашрлари фаолият юритишади. Ўз навбатида, худди футболимизда бўлгани каби таълим соҳасида ҳам ютуқлар билан бир қаторда ҳал этилиши, матбуотда ёритилиши лозим бўлган муаммолар анчагина. Афсуски, таълим соҳаси журналистлари кўпроқ мўътадил йўлни танлашади. Улар мақолаларига шундай мавзуни танлашадики, натижада ҳеч ким бу ишни ноўрин ҳисобламайди. Хуллас, улар соҳадаги энг оғриқли жиҳатлар - ўқув дастурлари ва дарсликларидаги ўта жўн ҳамда қўпол камчиликлар, хатоларни кўриб, кўрмасликка олишмоқда. Йўқ, бу муаммоларни кўра билаётган, аниқлик асосида таҳлил қилаётган таълим нашр­лари ҳам бор. Масалан, «Эртакчи-репетитор» газетаси! Афсуски, бу газета нодавлат нашри ва айнан шу сабабга кўра, унда ёритилган танқидий мақолалар таъсири унчалик билинмаяпти, чоғи. Агар халқ таълими мутасаддилари «Эртакчи-репетитор» саҳифаларида ўқувчиларбоп қилиб ёзилган танқидий мақолаларга эътиборли бўлишганида, балки 6, 7-синфларнинг 2013 йилда янги нашр этилган дарсликлари камчиликларсиз чиқармиди...?

Начора, улар бундай йўл тутишни исташмади. Мираброр Усмонов раҳбарлигидаги ЎФФнинг устун жиҳати шунда. Ташкилотдагилар футбол нашр­ларидаги танқидий мулоҳазалар соҳа ривожи учун хизмат қилишини яхши билишади.

Эътироф ҳақида сўз борар экан, яна бир қанча мисоллар хаёлимиздан ўтмоқда. Ёдингизда бўлса, анча аввалроқ мақолаларимиз моҳиятидаги имо-ишоралар хусусида ёзган ва Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон» шеъри даст­лабки банди таҳлилини мисол тариқасида келтиргандик. Қаранг-ки, жонкуяр мухлисимиз, таниқли адабиётшунос Дониёр Бегимқулов саъй-ҳаракатлари билан InterFutbolда ёритилган ўша мулоҳазаларимиз Абдулла Ориповнинг «Танланган асарлар»и 7-жилдидан ўрин олди. Фахрли жиҳати шундаки, InterFutbolдаги мулоҳазаларимизга халқимизнинг ардоқли фарзанд­лари муносиб баҳо беришмоқда.

Шу ўринда яна бир эътирофга эътиборингизни тортамиз. InterFutbolнинг 2013 йил 98-сонида «Ижтимоий футболнинг вазифаси» номли мақола эълон қилиб, жаҳон чемпионати финал босқичида 36та терма жамоа иштирок этиши зарурлигини ўзимизча исботлаган, Осиё минтақасида ҳам саралаш баҳслари аввалданоқ гуруҳ раунди кўринишида бўлса, футболи ривожланмаган мамлакатларда-да ижобий ўзгаришлар юз беришини таъкидлагандик. Мақола эълон қилингач, айримлар уни истеҳзо билан ўқишди. Яхшики, бизни бош муҳарримиз алоҳида қўллаб-қувватлади ва шу мавзуда кўпроқ ёзишга ундади. Қувончлиси, орадан кўп ўтмай, Мишель Платини жаҳон чемпио­нати финал босқичида 40та терма жамоа иштирок этиши хусусидаги таклиф билан чиқди. Тўғри, мулоҳазаларимиз ҳозирча шунчаки, таклиф, холос. Лекин биз учун муҳими - шундай ғоянинг жаҳон футболи жамоатчилигида мавжудлиги. Мана, энди ОФК ҳам жаҳон чемпионати саралаш баҳслари бошидан гуруҳ босқичи кўринишида ўтказилишини билдирди. Ҳа, матбуотнинг вазифаси ҳаётдан олдинда юриш. InterFutbol шу йўлдан бормоқда.

ОФК, ниҳоят, буни ҳис қилди ва қитъамиздаги футбол тафаккури анча илгарилаб кетганини тан олди. У яна эскича тизимни қўллашда давом этганида, футбол жамоатчилиги олдида обрўсини йўқотарди. Қисқаси, ОФК тараққиёт сари юз бурди. Энди шу тараққиёт шуъласидан етарли баҳраманд бўлсак, бас.

Мана, ниҳоят, клубларимиз ОЧЛда бор имкониятларини ишга соладиган пайт келди. Биз шундай қоидани анчадан буён орзу қилардик. Орзуларимиз амалга ошганда, ундан фойдаланолмасак, аламли бўлади, албатта.

Газетамизнинг ўтган сонида мураббийларимиз маҳорати масаласида танқидий мулоҳазаларни билдиргандик. Куни кеча «НТВҚФутбол» телеканали журналистлари «Ливер­пул»­нинг муваффақиятларини таҳлил қила туриб, қизиқарли маълумотларни тилга олишди. Ёши бир асрдан улуғроқ бўлган мазкур жамоа­ни ҳозиргача бор-йўғи 18 нафар мураббий бошқарибди. Энди ўзингиз таққосланг. «Пахтакор»га ҳам кейинги 20 йил ичида 18 нафар мураббий келиб-кетибди. Бошқа яна бир қатор жамоа­ларимизда аҳвол янада баттарроқ. Бунақада клубда маълум бир услуб, фалсафа шаклланмайди. Аслидаку ўз қадрини билган, футбол фалсафасига эга мураббий бирор жамоа билан қисқа муддатли шартнома имзоламайди. Ана, Фабио Капелло 2018 йилга қадар Россия терма жамоасини бошқарадиган бўлди. Мутасаддилар жаҳон чемпионати-2014 натижаларини кутиб ўтиришмади. Ҳар икки томон бир-бирига ишонди. Негаки, жамоа ва мураббийнинг имкониятлари бир-бирига мувофиқ. Назаримизда, энди «Пахтакор»да ҳам шундай мувофиқлик таъминланди. «МЮ»да эса аксинча, номувофиқлик кўзга ташланяпти. Гарчи таркиб мукаммал бўлса-да, жамоа «Сток Сити»дан енгилди. Тўғриси, жамоа мутасаддилари бош мураббий танлашда бироз шошилишгани тобора ойдинлашмоқда. «МЮ» эҳтимол ке­йинги ўйинларда ғалаба қозонар, бироқ бу Дэвис Мойесга барибир, наф келтирмайди. Чунки ўртадаги ишончга аллақачон дарз кетди.

«Барселона» ва унинг бош мураббийи тўғрисида ҳам шу каби фикрларни айтиш мумкин. Зеро, «Барселона» - «Валенсия» учрашувидан сўнг мухлисларимиз ўртасидаги баҳс-мунозара анча вақтгача тинмади. Кимдир Луис Арагонеснинг вафоти Хави, Фабрегас, Пике, Иньеста, Бускетс каби футболчилар руҳиятида оғир из қолдирганини айтса, бошқа биров бу мағлубият «Манчестер Сити» билан учрашувдан аввалги алдамчи ҳаракат эканлигини исботлашга уринди. Психологлар эса жаҳон чемпионатидан аввал Тео Уолкот ва Радамель Фалкаонинг жароҳати натижасида таниқли юлдузларда эҳтиёткорлик синдроми юз беришини таъкидлашди. Фикримизча, юқоридаги мулоҳазаларнинг ҳар бирида қандайдир ҳақиқат бор. Лекин асосий сабаб «Валенсия» танлаган ўйин услуби билан боғлиқ. Бутун учрашув давомида «Валенсия» футболчилари «Барселона» ҳужумларини ўз жарима майдонлари атрофида тўхтатишдан чўчишмади. Уларнинг бахтига Месси сал орқароқда ўйнади. Унинг онда-сонда уюштирган рейдлари эса баъзан фантастик кўриниш олган бўлса-да, гол билан якунланмади. Бошқача айтганда, ҳимоячилар ёки дарвозабон зарбаларни ўз вақтида қайтаришди. Кўплаб амалга оширилган бурчак тўпларидан эса «Барселона» одатдагидек унумли фойдаланолмади. Фигули бошчилигидаги «Валенсия» футболчилари имкон туғилиши билан олға ташланишди. Тактик таваккал боис «Валенсия» ютуққа эришди. Ваҳоланки, биринчи бўлимнинг асосий қисмида «Барселона» «Валенсия»ни шунчаки, эрмак қилиб ўйнади, рақиб ҳам ўйин гўё, шу сценарий асосида давом этишига розидек кўринди. Фақат Парехо гол ургандан сўнг барчаси ўзгарди ва албатта, бунда танаффуснинг аҳамия­ти катта бўлди. Херардо Мартино эса очиғи, буни олдиндан фаҳмламади. Агар аргентиналик мутахассис шу зайлда ишлайверса, унга нисбатан ҳам эътирозлар кучаяди ва охир-оқибат буни эътироф этишга мажбур бўлади.

Бу - футболнинг энг тараққийпарвар қонуни! Уни олқишлаган ҳеч қачон ютқазмайди.

Муҳаммад Вали

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 08:42, 06.02.2014.
Ўқилди: 6126 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.