Қишки олимпия ўйинлари бошланди! Олимпиаданинг дастлаб кунида 5та комплект медаллар ўз эгаларини топади. Бугунги кун анонси билан таништириб ўтамиз.
Биринчи медаль — Сноубордда
Мусобақада дастлабки медаллар комплекти сноубордчиларга тақдим этилади. Айни пайтда ушбу тур бўйича эркаклар ўртасида мусобақа давом этмоқда. Слоупстайл илк марта Олимпия ўйинлари дастурига киритилди. Ушбу спорт турида спортчилар транмплин, пирамида ва бошқа тўсиқлардан акробатик сакрашларни амалга оширишади.
Чанғичилар скиатлон билан бошлашади
Олимпиадада энг кўп медаллар ўйналадиган спорт турларидан бири чанғи спорти ҳисобланади. Бугун аёллар 15 км.ли масофада ўз имкониятларини синаб кўришади. Масофа икки хил услубда — классик ва конкича юриш орқали босиб ўтилгани учун бу йўналишнинг номи скиатлон дейилади. Ушбу баҳслари Тошкент вақти билан 15:00да бошланади.
Конькида югуриш
Эркаклар 5000 метрга югуриш баҳсларига соат 16:00да киришишади. Мусобақа қизғин кечишига шубҳа йўқ.
Биатлон — спринт
Олимпиаданинг энг қизиқарли спорт турларидан бири — Биатлон. Анъанага кўра, мусобақа спринт билан бошланади. Эркаклар 10 км.ли масофадан биттадан ётиб ва туриб отиш орқали финишга етиб келишади. Баҳслар 19:30да бошланади. Бу спорт турида об-ҳаво катта аҳамиятга эга. Агар қалин туман тушса, спортчилар нишонга ўқ отишда муаммоларга дуч келишади. Шу боис, қалин туман туфайли мусобақанинг вақти ўзгариши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Фристайл - могул
Ушбу спорт тури бўйича дастлабки мусобақалар 6 февраль куни бўлиб ўтди. Бугун саралашнинг иккинчи қисми ва финал баҳслари ўтказилади. Финал баҳси ярим тунда бўлиб ўтади.
Саралаш баҳслари
Шунингдек, бугун фигурали учишда жамоавий баҳсларнинг иккинчи куни давом этади. Бугун эркаклар яккаликда ва рақс жуфтликлари ўз санъатларини намойиш қилишади. Чана спортида саралаш баҳслари ўтказилади ва финалда иштирок этадиган спортчилар номи аниқланади. Бундан ташқари трамплинчилар K-95 трамплинидан сакрашни амалга оширишади. 50 нафар спортчидан 10 нафари финал йўлланмасини қўлга киритади.
Жамоавий спорт турлари
Хоккей бўйича қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади:
Аёллар
13:00. АҚШ - Финляндия
18:00. Канада - Швейцария