Бугун бутун дунё жамоатчилигининг нигоҳи Сочига қаратилган. Ўзбекистонлик спортчиларнинг уч нафари ва улар билан бирга мураббийлар ҳамда спорт делегацияси вакиллари Олимпиада ўйинларини кузатиб боришмоқда. www.sports.uz мухбири Ўзбекистон миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов билан мулоқотда бўлиб, қизиқтирган саволларга жавоб олди.
– Ойбек Омилович, аввало Сочидаги таассуротлар ҳақида гаплашсак.
– Биласизми, Сочи мусобақага катта тайёргарлик кўрган экан. Бизнинг спорт делегациямиз белгиланган вақтда Олимпиада қишлоғига етиб келди ва 5 февраль куни бу ерда Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Шубҳасиз, олимпиаданинг бош воқеаси бу очилиш маросими ҳисобланади. У ердаги тайёргарлик, кўрсатилган оламшумул томошадан баҳраманд бўлган ҳар бир инсоннинг кайфияти кўтарилди. Мамлакатимиз раҳбарининг ҳам очилиш маросимида қатнашганидан барча спортчиларнинг қалби ғурурга тўлди. Жумладан, мен ҳам бундай маросимда иштирок этганимдан бахтиёрман.
– Мусобақаларнинг очилиш маросими ҳақида гап бошладингиз. Ўзбекистон байроғини олиб кирувчи спортчини танлашда кимнинг овози кўпроқ аҳамиятли бўлди?
– Биз бир жамоамиз. Барча спортчию мураббийлар, дегелация вакиллари маслаҳатлашдик ва барчанинг фикрига қулоқ тутдик. Байроқдорни танлашда Ўзбекистонда спортга, хусусан, аёллар спортига қаратилаётган эътиборни жаҳон узра кўрсатишни мақсад қилдик. Шунингдек, Ксения Григорьеванинг халқаро майдондаги тажрибаси, унинг терма жамоада тутган ўрнига ҳам қаралди ва буни жамоанинг қарор деб айтсак, тўғри бўлади.
– Ўзбекистон спортчиларининг либосларини ким танлаган ва унинг дизайнида нималар аҳамиятли?
– Спортчиларнинг Олимпиада тантанали очилиш маросимида киядиган либосларини ўзимиз танладик. Унда спорт кийимларининг чиройли, хушбичим бўлиши билан бирга Ўзбекистон байроғи рангларини акс эттириши муҳим омил бўлди. Қолаверса, спорт оламида машҳур бўлган Nike фирмасининг маҳсулотлари билан очилишда иштирок этдик.
– Ўзбекистонлик спортчилар ва мураббийлар қайси мажмуаларда жойлашишди ва уларнинг машғулотлари қандай давом этмоқда?
– Ўзбекистонлик спортчилар икки гуруҳга бўлинишди. Яъни, Сочида иккита олимпиада қишлоғи бор ва бизникилар иккита қишлоқда жойлашишган. Миша Ге ва унинг мураббийи Адлердаги “Olimpik park”даги қароргоҳда бўлса, қолган икки спортчимиз – “Горной”, яъни тоғдаги Олимпия қишлоғида мураббийлари билан яшаб, тайёргарлик кўришмоқда.
– Сизнинг қатор мутасаддилар билан учрашганингизни эшитдик. Хусусан, Россия спорт вазири В.Мутко билан учрашувда нималар ҳақида гаплашдингиз? Умуман, спорт алоқаларини яхшилашда яна кимлар билан учрашувлар режалаштирилган ва Ўзбекистон спорти учун бу мусобақа қандай тажриба бермоқда?
– Мазкур Сочи қишки ўйинлари мен ва Ўзбекистон миллий Олимпия қўмитасининг яна бир қатор аъзолари учун жуда кўп мамлакатлардаги Олимпия қўмиталарининг бош котиблари, президентлари билан учрашишга ҳаракат қилмоқдамиз. Олимпия бирдамлиги ҳаракати вакиллари, қатор халқаро спорт федерациялари раҳбарлари, хусусан, Халқаро Олимпия қўмитаси президенти, жаноб Томас Бах билан учрашиб, суҳбатлашдик. Унга Ўзбекистонда спортга, хусусан, Олимпия ҳаракатига қаратилаётган эътибор ҳақида, Президентимизнинг бу борада қабул қилган муҳим қарори ва унинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган дастур ҳақида маълумотлар бердик. Жаноб Бах ҳам Ўзбекистонда бу борада қилинаётган ишларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Россия спорт вазири билан ҳам учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги спорт алоқаларини янада яхши йўлга қўйиш ҳақида суҳбатлашдик. Шунингдек, Олимпиа оиласидаги жуда кўпчилик муҳим шахслар билан танишдик, танишларимиз билан суҳбатлар, музокаралар уюштирдик. Олимпиада ўйинлари биз учун жуда катта халқаро тажриба вазифасини ўтамоқда.
– Миллий Олимпия қўмитамиз спортчиларимиздан қандай натижалар кутмоқда?
– Албатта, ҳар бир спортчимизнинг медалларни қўлга киритишини истаймиз. Лекин, воқеликка реал қарайдиган бўлсак, яъни реалист бўлган ҳолда қарасак, бунинг имкони камроқ. Муҳими, спортчиларимизнинг чиқишлари мазмунли бўлиб, имкон қадар улар кучлилар сафидан ўрин олишини кутмоқдамиз. Мен уларнинг Сочи олимпиадасида Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилишларини тилаб қолган бўлардим. Хусусан, Миша Ге билан ҳам шу мавзуда суҳбатлашдик. У ҳам ўзининг спортида дунёда ривожланган мамлакатларнинг етакчи спортчилари қатнашаётганини айтиб, яхши натижаларга эришиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини таъкидлади. Муҳими, спортчиларимиз жароҳат олишмасин ва мусобақаларда муносиб иштирок этсин.