Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Янги "мода": Келишилмас ўйинлар

Баҳо:
+ | -

Биз (журналистлар, мухлислар, футболнинг фидойи ўйинчилари, мураббийлар, ҳакамлар) қарсак чалиб, айримлар эса (ўйинсотар футболчилар, мураббий ва ҳакамлар) атрофга олазарак мўралаб кутиб олган қарор ниҳоят, қабул қилинди.

ЎФФ қошида келишилган ўйинларга қарши курашадиган қўмита иш бошлайдиган бўлди. Албатта, бу ҳали ғалаба эмас. Чунки келишилган ўйинларга қарши кураш бошланиши - энди ҳамма «келишувчилар» учун сичқоннинг ини минг танга бўлишини англатмайди. Ҳа, ПФЛ расмий сайтида келишилган учрашувларга қарши АЁВСИЗ кураш бошлангани ҳақида хабар берилди, лекин ҳозирча бу кураш қандай кечишини фақат тасаввур қилишимиз мумкин, холос.

Аммо шунинг ўзи ҳам ўзбек футболи ривожланиш томон улкан қадам ташлаганига нишона. Шу вақтга қадар келишилган ўйинларга қарши кураш у ёқда турсин, ақалли бу ҳақда гапириш ҳам муаммо эди. Энди вазият анча ўзгарди. Касални даволаш учун аввало, уни тан олиш кераклигини яхши биласиз. Биз тан олдик. Шундай иллат борлигини тан олдик. Тиббиётда бир гап бор: «Тўғри ташхис - ярим даво». Мана шу мантиққа асосланиб айтсак, биз ҳам келишилган ўйинларга қарши курашда ярим ишни бажардик. Балли. Аммо шуни ҳам назардан қочирмайлик - ташхис тўғри қўйилгани билан касал тузалиб қолмайди. Бунинг учун даволанишни ҳам тўғри олиб бориш керак.

Олдиндан айтиш лозим, ҳозирдан ғалабани нишонлаб юборганлар қаттиқ адашадилар. Бу огоҳлантириш эмас - шунчаки, аввал ҳам кузатилган нарсалар юзасидан чиқарилган хулоса, холос. Албатта, катта иш бошланди ва бу таҳсинга лойиқ. Федерация қошида ташкил қилинадиган қўмитада бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда ва насиб қилса, амалга оширилади ҳам. Аммо шуни унутмангки, илгари ҳам футболдаги қинғир ишларга қарши курашилган, чора қўлланилган. Керак бўлса, кимлардир «бир умрга футболдан четлатилган» ҳам. Бироқ яхши биламизки, ўша кимлардир қандайдир йўллар билан барибир, футбол ичида қолиб кетишди. Шундай экан, балки хурсандчиликни бошламай турган маъқулдир.

Албатта, бу гап билан асло руҳингизни туширмоқчи эмасмиз. Шунчаки, ҳушёрликка чақиряпмиз, холос. ЎФФ президенти катта иш бошлади, қойил қолиш керак. Илгари келишувчилар олдинда эдилар, биз улар ҳақида гапиришга ҳам ийманардик. Энди биз бир қадам олдиндамиз. Аммо ҳушёр тортмасак, мана шу позицияни яна қўлдан бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Халқимизда бир гап бор: «Охиридан суюнтирсин». ЎФФ бошлаган иш бизни суюнтирмоқда. Умид қиламизки, охиригача суюнтиради. Аммо бунинг учун бир қатор ишларни амалга ошириш лозимки, келинг, ҳозир шулар ҳақида оз-моз суҳбатлашсак...

МУСТАҚИЛ ИШ ЮРИТИШ

Янгилик яхши. Агарда бу янгилик қайсидир соҳани юксалтириш борасида бўлса, янада яхши. Аммо шуни ҳам унутмангки, мабодо бир ташкилот ишини назорат қиладиган қўмита унинг қарамоғида бўлса, бундан ҳеч қандай натижа чиқмайди! Келинг, вазиятга очиқроқ қарайлик. Нима деб ўйлайсиз, агарда «Келишилган ўйинларга қарши кураш гуруҳи» ПФЛ қарамоғида фаолият юритса, бу иш етарлича самара келтирармикан? Майли, қўмита ЎФФ қарамоғида қолишига чидаш мумкиндир, чунки молиявий томонлама барибир, кимнингдир қаноти остида бўлиши табиий ҳол. Аммо ПФЛ қарамоғида қолсачи? Унда нима бўлади?

Яхши биламиз, қайсидир маънода бу нарсалар ПФЛга ҳам боғлиқ. Эртага бир иш аниқланган тақдирда, «илтимоснома» билан келадиганлар топилмаслигига кимдир кафолат беришига шахсан ўзим ишонмайман. Шундай экан, агарда ҳақиқатан ҳам, бу ишга жиддий киришилган экан, «Келишилган ўйинларга қарши кураш гуруҳи» ПФЛдан мутлақо мустақил бўлиши керак. Бу ҳали ҳеч нарса эмас, қўмита вазият тақозо этганда, ҳатто ПФЛ раҳбариятига ҳам эътироз билдириши, сўроққа тута олиши шарт. Акс ҳолда, «Келишилган ўйинларга қарши кураш»нинг ўзи ҳам оддий «ўйин»га айланиб қолиши ҳеч гап эмас...

  ИШ ТИЗИМИ

Тўғрисини айтсам, келишилган ўйинларга қарши кураш бошланиши ҳақидаги хабарни ўқиганим ҳамоно, хаёлимга бир савол келди - учрашувлар келишилгани қандай критерияларга кўра, аниқланиши мумкин? Албатта, футбол ичида ўсган, кўзи пишган инсон учун ўйин келишилганини пайқаб олиш қийин эмас. Тажрибали мутахассис буни бир қарашда аниқлаб беришига шубҳа қилмайман. Аммо исботчи? Қандай қилиб келишилган ўйинда иштирок этганини клуб ёки футболчининг бўйнига қўйиш мумкин? Мана шуниси мунозарали масала.

Менимча, қўмита ишида энг катта муаммо - бу келишилган ўйинларни аниқлаш эмас, балки исботлаш бўлади. Кимдир ўз вақтида тўпга етиб келолмаслиги, бошқа бири эса атайлаб қизил карточка олиши, ўз жарима майдончаси ичида қўполлик қилиши, кутилмаганда «жароҳатланиб» қолиши мумкин. Буларни исботлаш учун фақат тусмолдан айтилган гап етарли бўлмайди. Шунинг учун ҳам олдинда бир қатор муаммолар кутиб турибдики, шу ҳақда бирров сўзлаб ўтсак.

  ТРАНСЛЯЦИЯ

Ҳозир айтиладиган муаммо - йиллар давомида шаклланиб келдики, уни кўтариб чиқишга ҳам қўрқади киши. Мени бир нарса ўйга солмоқда: ўйинлари тайинли трансляция қилинмайдиган чемпионатдаги келишилган ўйинларни қандай аниқлаш мумкин? Албатта, бу ўринда вазият биз айтганчалик чигал бўлмаслиги ҳам мумкин. Яхши биламизки, деярли барча клубларнинг шахсий видеооператорлари бор ва улар жамоа иштирокидаги ўйинларни ёзиб борадилар. Клублар ўйинлар ёзилган дискларни мунтазам равишда қўмитага топшириши мажбурий қилиб қўйилиши ва шу орқали муаммони ҳал этиш мумкин. Аммо тан олайлик, учрашувлар трансляция қилинмас экан, барибир, вазият мураккаблигича қолиб кетаверади. Сабабми? Сабаби шундаки, клублар ўйинларни ўзлари истагандек ёзиб оладилар. 50 метр узоқликдан, сифатсиз, ғира-шира олинган тасвирдан эса пенальти бўлган ёки бўлмаганини аниқлаб олиш - мушкул масала. Боз устига, ўтган йиллар давомида учрашувлар ёзилган дисклар «йўқолиб» қолиши ҳолатлари ҳам учраб келди. Бундан кейин ҳам шундай ҳолат такрорланмаслигига ким кафолат бера олади?

Ўйинларнинг трансляция қилиниши нафақат чемпионат учрашувлари, балки «Келишилган ўйинларга қарши кураш гуруҳи» иш фаолиятини ҳам шаффофланишига олиб келарди. Албатта, бу ўринда ҳали тузилмаган гуруҳ ишига мутлақо эътироз билдирмоқчи эмасмиз. Аммо «Беайб - Парвардигор!» деган нақл ҳам борки, буни асло четга суриб бўлмайди. Қўшимчасига шуни ҳам айтиш мумкин - агарда қўмита аъзолари мухлислар кўз ўнгида эканликларини ҳис қилиб турсалар, янада яхшироқ ишлайдилар. Ҳар ҳолда, биз шунга умид қиламиз.

  БОШҚА КЎРСАТУВЛАР

Трансляциялар ҳақида мушоҳада қилар экансиз, ортидан яна бир қатор масалалар ҳам кўтарилиб келадики, вазият биз ўйлагандан ҳам чигалроқ эканига иқрор бўлмай, ўзга илож йўқ. Шу ўринда эътиборингизни яна бир нарсага қаратсак. Бугунда юртимизда спорт мухлисларининг чанқоғини қондириш учун алоҳида телеканал ишлаб турибди. Аммо афсус билан таъкидлаш лозим, ўтган вақт давомида бу телеканал ишини фақат эринчоқлар танқид қилишмади, холос. Хусусан, бундан олдинги бўлимда кўтарилган муаммонинг келиб чиқишига ҳам «Спорт» телеканалидаги камчиликлар сабаб бўлган. Мана энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, шундай вазиятда телеканалдан яна қўшимча нарса талаб қилишга ҳаддимиз сиғармикан? Шундай бўлса-да, барибир, айтиб ўтишга мажбурмиз. Кечирасиз-да, энди. Шу вақтга қадар «Спорт» телеканалида олий лига ўйинларини тўлиқ таҳлил қиладиган, камчилик ва муаммоларни очиб берадиган кўрсатув ишлаб чиқилмади. Тўғри, «Футбол шарҳи» бор. Аммо у ўз номи билан шарҳ ва бундан ортиғига даъво қилмайди. Қилишни ҳам истамайди. Яна бир қатор кўрсатувлар борки, улар ҳам мавжуд вазиятни реал ёритиб беришда оқсайди. Бизга эса, футболчиларнинг ҳар бир босган қадамини таҳлил қила оладиган кўрсатувлар керак.

Шунингдек, ҳакамлар фаолиятига қаратилган кўрсатувлар ҳам ортиқчалик қилмасди, асло. Яхши биламизки, футболдаги қинғир ишларда бу касб вакилларининг ҳам яхшигина улушлари бор. Шундай экан, «Ҳакам»ми, «ҳуштак»ми, деган кўрсатув яратилса, зарар қилмас эди. Аммо буниси энди ростмана «утопия»га ўхшаб кетди-а... Амалга ошмайдиган ишни орзу қилишдан не наф, шундай эмасми?

Аввал ҳам айтганман, яна бир марта такрорлайман - Эронда ҳафтада бир марта эфирга узатиладиган «120 дақиқа» номли кўрсатув бор. Ҳакамлар ҳақидаги бу кўрсатув намойиш этилгач, унча-мунча рефери кўчага чиқолмай қолар экан. Биздаги ҳакамлар эса исталган вақт бемалол «Чорсу»га чиқиб, бозор-ўчар қилиб келишлари мумкин. Бир-икки таниб қоладиганлар топилса ҳам, нари борса, бирга суратга тушиб оладилар, холос...

  УСКУНА

Агарда келишилган ўйинларга қарши курашга астойдил аҳд қилинган бўлса, «ишчи гуруҳ»ни керакли асбоб-анжом билан ҳам таъминлаш шарт. Биринчи навбатда, иш жойи билан. Иш жойи албатта, алоҳида бинода бўлиши шарт. Юқорида қўмита ПФЛдан мустақил равишда иш олиб бориши лозимлигини айтдик. Агарда ПФЛдан мустақил бўлар экан, бу ташкилот билан бир бинода жойлашиши - ҳеч қандай мантиққа сиғмайди. Шунингдек, қўмита бошқа зарур жиҳозлар билан ҳам таъминланиши керак. Профессионал видеоаппаратура, видеокамера ва овоз ёзиб олиш жиҳозлари дегандай. Кейинги таклифим бироз кулгунгизни қисташи мумкин, аммо барибир, айтаман. Зарурат туғилганда, қўмита ишида ёлғонни аниқлайдиган детектордан ҳам фойдаланиш керак. Албатта, бунинг учун бошқа соҳа вакиллари ёрдамига таянишга тўғри келади. Аммо ким айтди сизга, фақат футбол мутахассислари ёрдами билан келишилган ўйинларни аниқлаш мумкин, деб? ИИВ ва прокуратура бир четда қараб турмас...

  ҚЎМИТА

Юқорида кўп гаплар айтилди. Фаҳмимча, агар қўмита аъзолари ҳақида сўз очсак, ҳеч ким бизни маломат қилмаса керак. Бугунги кунда қўмитада ишлашга номзодларнинг бари ўта ҳалол инсонлар эканига шубҳа қилмайман. Аммо кимдир «Келишилган ўйинларга аралашиб қолганлар ҳам бор», деса, баҳслашишдан тортинаман. Агар бунинг акси бўлса, ҳозир биз келишилган ўйинлар ҳақида гаплашмас эдик. Бу билан бирор кишини айбламоқчи эмасман, зинҳор. Аммо айтишга мажбур бўлганимнинг ҳам сабаби борки, бирровга тўхталиб ўтсам. Яхши биласиз, Россия чемпионатида ҳам 2 йилдан буён келишилган ўйинларга қарши катта кураш кетяпти. Ҳаттоки, мамлакат президенти ҳам бу борада қарор қабул қилди. Шунга яраша бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, «Келишилган ўйинларга қарши кураш» қўмитаси тузилди, унга Анзор Амберкович Кавазашвили раҳбар этиб тайинланди. Бир қарашда иш тўғри йўлга қўйилгандек, кўп нарсалар амалга оширилгандек туюлади. Аммо бир гап айтсам, дарҳол ҳафсалангиз пир бўлиши турган гап. Мана шу «Келишилган ўйинларга қарши кураш» қўмитаси ўтган вақт давомида бирорта «эгри» учрашувни фош этолмади. «Эҳтимол, бундай ўйинлар бўлмагани учун ҳам фош этишмагандир», дерсиз. Эҳтимол, шундайдир... Аммо бир нарсани унутманг - «Анжи» ва «Амкар» клублари ўртасида кечган ўта шубҳали учрашув ҳам мана шу Россия чемпионати доирасида ўтказилганди. Қолгани ўзингизга ҳавола...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:10, 14.02.2014.
Ўқилди: 5818 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.