Қозоғистон Премьер-лигаси вакили "Иртиш" жамоасининг бош мураббийи Талғат Байсуфинов истеъфога чиқарилди. Натижада клубни ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Шавкат Саломов ҳам тарк этди.
Чап қанот ярим ҳимоясида муаммоларга эга бўлган "Шахтёр" эса Шавкатни ўз сафига чорлади ва Саломов бунга розилик берди.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган Шавкат Саломов фаолияти давомида "Бухоро", "Бунёдкор" ва "Насаф" жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Ўтган мавсумда футболчи Қозоғистоннинг "Жетису" таркибида 27та ўйинда майдонга тушиб, 3та гол урганди. Мавсумлар оралиғида эса Саломов "Иртиш" жамоаси билан шартнома имзолаб, жамоанинг йиғинларида иштирок этаётганди.
Байсуфинов "Иртиш"дан кетганидан кейин яна бир ўзбекистонлик футболчи Камолиддин Мурзоев ҳам "Шахтёр"га ўтишга қарор қилди. "Иртиш"даги яна бир ўзбек футболчиси Улуғбек Бақоевнинг тақдири борасида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Бугун, 16 февраль куни "Бунёдкор" ва Қарағанданинг "Шахтёр" жамоаси ўзаро назорат учрашувини ўтказишади.