“Пари Сен-Жермен” Германиянинг “Байер” жамоаси билан тўқнашувда фаворит ҳисобланаётганди, аммо ўйин тақдири биринчи ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ ҳал бўлишини ҳеч ким кутмаганди.
Ҳисоб немисларнинг қўпол хатоси эвазига ўйин бошидаёқ очилди. Матюйди майдоннинг "Байер" томонида тўпни Рольфесдан олиб қўйди ва уни Иброҳимовичга етказди, у эса Верраттини тўп билан таъминлади. Италиялик футболчи жарима майдончасига кириб бораётган Матюйдини кўрди ва тўпни ўз вақтида унга етказди. Матюйди дарвозабон билан бирга-бир вазиятдан имкониятни қўлдан чиқармади.
Бўлимнинг сўнгги дақиқалари эса германияликлар учун чинакамига фожиага айланди. Златан Иброҳимович 3 дақиқа ичида иккита тўпга муаллифлик қилиб, ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди. Дастлаб Максвелл чап қанотдан тўпни жарима майдончасига етказиб берган пайтда, Спахич Лавессини қоидага хилоф равишда йиқитди. Ҳакам томонидан белгиланган пенальтини Златан кучли зарба билан голга айлантирди.
Яна ўша Максвел ўзининг чап қанотидан тўпни Матюйдига етказди. У эса тўпни даврозага тескари ҳолатда қабул қилди ва қулай вазиятда турган Иброҳимовичга узатди. Златан "пушкадан ўқ отгандек" дарвозанинг олис юқори бурчагини нишонга олди. 3:0.
Иккинчи бўлим бошида мезбонлар бош мураббийи Сами Хююпия икки нафар футболчини алмаштириб, ўйинда суратини ўзгартиришни мақсад қилди. Леверкузенликлар босимни ошириб боришаётганди. Бироқ барчаси қизил карточкадан кейин чиппакка чиқди. Биринчи бўлимда сариқ карточка олган Эмир Спахич ҳакам билан тортишгани учун иккинчи сариқ карточкани олди ва майдонни тарк этди.
Қолган дақиқаларда тўп тўлалигича парижликлар томонида бўлди. Боз устига ўйин тугашига 2 дақиқа қолганида Кабай ҳисобни 0:4 кўринишига олиб келди.
“ПСЖ” илк ўйиндаёқ барча масалани ҳал қилди. Лоран Блан чорак финални кўзлаган ҳолда ўз ишини давом эттириши мумкин.
"Байер" (Германия) – "ПСЖ" (Франция) – 0:4
Голлар: 0:1 – 3 Матюиди, 0:2 – 39, пенальти Иброҳимович, 0:3 – 42 Иброҳимович, 0:4 – 88 Кабай.
Байер – Лено, Хильберт, Спахич, Топрак, Гуардадо, Л. Бендер, Рольфес (Райнартц, 46), Г. Кастро, Сэм (Волльшайд, 62), Сон Хын Мин (Брандт, 46), Кисслинг.
ПСЖ – Сиригу, ван дер Виль, Алекс, Силва, Максвелл, Верратти, Т. Мотта, Матюиди (Кабай, 67), Лукас, Лавесси (Пасторе, 76), Иброҳимович.
Огоҳлантиришлар: Матюиди (4), Хильберт (15), Спахич (38), Гуардадо (48), Г. Кастро (58).
Четлатиш: Спахич (59).