"Нефтчи" Белек шаҳарчасига келганимизга ҳам олти кун бўлди. Бугун ҳам одатдагидек футболчилар икки маҳал машғулот ўтказишди. Эрталабки машғулот доимгидек маҳаллий вақт билан соат 9:30 да (Тошкент вақти билан 12:30)да бўлиб ўтди. Кечки машғулот эса эса маҳаллий вақт билан 15:30 (Тошкент вақти билан 18:30)да бошланди.
Кечки машғулотда Австриянинг учинчи дивизиони вакили “Пашинг” жамоаси дарвозабонлари ўзларининг замонавий тўп отиш машиналари билан “Нефтчи” дарвозабонларини синаб кўришди. Маълумот учун “Пашинг” Австриянинг “Ред Булл” жамоасининг фарм клуби саналади.
Навбатдаги рақиб - “Динамо”
"Нефтчи"нинг режасига яна ўзгартириш киритилди. Вакилларимиз эртага йиғиндаги иккинчи назорат учрашувини ўтказишади. Навбатдаги рақибимиз Санкт Петербургнинг “Динамо” жамоасидир. Учрашув маҳаллий вақт билан соат 17:30 (Тошкент вақти билан 20:30)да бошланади.
Айтганча, режага кўра, эртага жамоамиз Македониянинг “Шкенция” клубига қарши ўйнаши лозим эди. Аммо македонияликлар рад жавобини беришди. Шунингдек, олдиндан режалаштирилган Жанубий Кореянинг “Кангвонг” жамоасига қарши ўйин ҳам ўтказилмайди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, 24 февраль куни Латвиянинг “Венсплис”, 28 февраль куни эса Қозоғистоннинг “Спартак” клубларига қарши назорат учрашуви режалаштирилган.
Бизнинг маълумот:
Тўлиқ номи: «Динамо СПб» Санкт-Петербург
Ташкил топган йили: 1922 йил
Клуб президенти: Леонид Цапу
Бош мураббийи: Павел Гусев
Жамоа сардори: Александр Самохвалов
Россия биринчи дивизионида иштирок этади. Биринчи даврадан кейин питерликлар 17-ўринда боришмоқда. “Динамо СПб” 24 учрашувдан кейин 22 очкога эга.
Футболчилар қандай фикрда?
Бугун ҳам йиғинда иштирок этаётган яна икки нафар футболчининг фикрлари билан қизиқдик.
Александр Клецков: “Нефтчи”да аҳил жамоа жамланган”
Туркияга келишдан олдин “Нефтчи” билан шартнома имзолаган Александр Клецков ҳам айни дамда машғулотларни кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда.
— Бу ердаги машғулотлар қизиқарли тарз ўтаётганини таъкидлаш лозим. Бундай йиғинлар жамоанинг жисплашишида муҳим роль ўйнайди. Айниқса, назорат учрашувлари жуда фойдали деб биламан. Бундан ташқари, мураббийлар штаби ҳам мавсум давомида кимга кўпроқ ишонч билдиришлари мумкинлигини билиб олишади. Бунақа йиғинларни бир нечта марта ўтказиш лозим. “Нефтчи”да аҳил жамоа жамланган. Ўйлайманки, мавсум давомида мухлисларни хурсанд қиладиган натижаларни қайд этамиз.
— “Нефтчи” билан неча йиллик битим имзолагансиз?
— Бир йиллик келишувимиз бор. Шу вақт оралиғида бор кучимни ишга солишга ваъда бераман.
— Таиланддан қайтиб келгач, олдингизда бошқа вариантлар ҳам бормиди?
— Албатта. Ҳатто бир икки ой кутсам хорижда ҳам тўп суришим мумкин эди. Аммо мен Фарғонага келишга қарор қилдим.
Абдуллоҳ Олимов: “Нефтчи”га ўзимни кўрсатиш учун келдим”
Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари орқали мухлислар меҳрини қозонган Абдуллоҳ Олимов янги мавсумни ижара асосида “Нефтчи”да ўтказишидан хабарингиз бор. Бу футболчи ҳам айни дамда машғулотларда зўр бериб шуғулланмоқда.
— Ҳар куни ҳар хил машғулот ўтказилмоқда. Шунинг учун улар қизиқарли бўлмоқда. Ушбу йиғиннинг фойдаси жуда катта. Бу ерда кучли жамоалар билан назорат учрашувларини ўтказиш мумкин. Қолаверса, машғулотлар ўтказиш учун яхши майдонлар бор. Об-ҳаво ҳам қулай.
“Нефтчи”да ўйнашни болалигимдан орзу қилардим. Ушбу ниятим амалга ошганидан хурсандман. Чемпионат давомида яхши ўйнаб фарғоналик мухлисларнинг меҳрини қозонишга ҳаракат қиламан.