"Бунёдкор" клуби эртага, 25 февраль куни Саудия Арабистонининг "Ал-Фатҳ" жамоасига қарши майдонга тушади. Бу жамоа ОЧЛда илк марта ўз иштирокини бошлайди.
Дебютант жамоа бошлиғи Аҳмад Рашид эртага "Бунёдкор"га қарши бўладиган ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Ўйин қийин бўлади. "Бунёдкор" ўз сафига 12 нафар янги ўйинчини қўшиб олди. Улар ўз таркибларини кучайтиришди. Баъзилар ўйлагандек ўйин осон бўлмайди. Биз рақибни ҳурмат қилишимиз керак. Бизнинг жамоа сафида ҳам ўйин тақдирини ҳал қила оладиган футболчилар бор. Биз биринчи ўйинда 3 очкони қўлга киритишимиз муҳим аҳамиятга эга", дейди Ар-Рашид.
"Мухлисларимиз биздан кўп нарса кутишаётганини футболчилар яхши ҳис қилишмоқда. Шунинг учун барча эътиборимиз ўзбек клубини мағлуб этишга қаратилган. Олдимизда қандай қийинчиликлар ва тўсиқлар бўлмасин, биз илк марта ОЧЛда иштирок этаётганимизга қарамай, уларни енгиб ўтишимиз керак. Жамоа раҳбарияти мураббийлар штаби талаб қилган барча шароитларни яратиб берди. Миллий чемпонат доирасида "Нажран"га қарши ўйинни ўтказганимиздан кейин бу ўйинга тайёргарлик кўриш учун олдимизда кўп вақт бўлмади. Битта ўйинга тайёрланиш учун 3 кун камлик қилади, аммо жамоада малакали мутахассислар иш олиб бормоқда. Улар футболчиларни ўйинга тайёрлай олишади", дейди "Ал-Фотих" клуби бошлиғи.
"Ўзбек жамоалари Саудия клублари билан кўп марта тўқнаш келишган. Улар бизнинг қандай ўйнашимизни яхши билишади. Лекин футбол сюрпризларга тўла. Биз ғалабага ҳаракат қиламиз. Агар тезкор гол уриб олсак, бу ҳолат "Ал-Фатҳ" футболчиларидаги босимни камайтиради ва ҳимояга эътибор қаратиб, қарши ҳужумда ҳисобни йириклаштириш имкониятига эга бўламиз. Шунингдек, "Бунёдкор"нинг ҳар бир ҳужуми пайтида ўта хушёрлик билан ўйнаб, уларга эркин ўйнаш учун бўш ҳудуд қолдиришимиз керак эмас, айниқса, майдон марказида", дейди Аҳмад Рашид.