Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида паралимпиячилар ўртасида енгил атлетика бўйича давом этаётган Гран-при турнирида мамлакатимиз спортчилари Осиё рекордларини янгилашда давом этмоқдалар.
Дунёнинг 38 давлатидан келган мингга яқин спортчи иштирокида ўтаётган мусобақанинг 1500 метр масофага югуриш баҳсида ҳамюртимиз Фахриддин Ҳамроев 4 дақиқаю 03,94 сония натижа кўрсатиб олтин медални қўлга киритиш билан бирга Осиё рекордини янгиланганлиги ҳақида маълум қилган эдик. Фахриддин 800 метр масофага югуриш мусобақасида 1:53,20 сония натижа кўрсатиб, ушбу масофада ҳам биринчи ўринни эгаллаш билан бирга Осиё рекордини ўрнатди.
Гран-При турнирида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ёқутхон Холбекова ҳам хотин-қизлар ўртасида 800 метр масофага югуриш мусобақасида марра чизиғига биринчи бўлиб ўтиб келди ва 2:22,62 сония натижа билан Осиё рекордини янгилади.
Кеча бўлиб ўтган мусобақаларда, шунингдек, Убайдулла Имомқулов 1500 метр масофага югуришда 4:37,37 сония натижа билан навбатдаги олтин медални делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди.
Енгил атлетиканинг узунликка сакраш мусобақасида иштирок этаётган Фаррух Мирзақулов 6 метр 36 сантиметр натижа билан кумуш медал соҳиби бўлди.
Шу тариқа, бугунги кунга қадар бўлиб ўтган мусобақалар якунларига кўра терма жамоамиз ҳисобида 5 та олтин ва 3 та кумуш медаллари мавжуд. Гран-При турнири 26-февралга қадар давом этади.
Маълумот учун. Мазкур Гран-При турнирида 38 давлатдан мингга яқин спортчи иштирок этмоқда. Улар орасида саккиз нафар спортчимиз ғолиблик учун кураш олиб боришяпти. Ушбу халқаро турнирда жорий йил Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган ПараОсиё ўйинларининг йўлланмалари ҳам ўйналмоқда.