Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мурод Исмоилов: «Мураббий футболчига танбеҳ бера олмаса, клубда ишлашининг кераги йўқ»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон чемпионати старт олиши арафасида “Нефтчи” жамоаси бош мураббийи Муроджон Исмоилов ҳамда клуб аъзолари Дилёр Эрматов, Иқбол Бобохонов ва Отабек Исроиловлар маҳаллий “Рухсор” телеканалининг “Спорт сайёраси” жонли лойиҳаси меҳмонига айланишди. Бир соат давом этган жонли эфирдаги суҳбатда футбол мухлислари студияга келган меҳмонлар билан қўнғироқ қилган ҳолда тўғридан-тўғри мулоқатга киришишди. Қуйида эса мана шу суҳбатнинг қисқача мазмунини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Туркия йиғини ҳақида

Мурод Исмоилов:
— Бу йиғинни ўтказишдан асосий мақсад футболчиларнинг жисмоний ва техник томонларини юқори савияга олиб чиқиш эди. Шу қатори режага киритилган бир қатор назорат ўйинларини ҳам ўтказдик. Ўйлайманки, 2014 йилги мавсумга бўлган тайёргарлик жараёнимизда ушбу йиғин бизга ижобий таъсир қилди.

“Нефтчи” учун мавсумнинг оғир қисми.
— Жамоада аввалдан тўп суриб келган футболчилардан ташқари таркибга бир қатор янги ўйинчиларни таклиф қилганмиз. Шунинг учун мавсумнинг бошида жамоа аъзолари бирозгина бир-бирларини тушунмай қоладиган ҳолатлари бўлиши мумкин. Лекин бир-неча турдан кейин ўйинчилар ўзларининг спорт формаларини яхши савияга олиб чиқишади ва биз қўйган вазифаларни бажаришади деган умидаман.

Жамоадаги муҳит
— Айни пайтда муҳит аъло даражада. Мана эски футболчилар янги ўйинчиларни жуда яхши қабул қилишди. Бу ерда ҳеч қандай ноҳуш ҳолатни кўрмаяпман. Ҳаммалари аҳил, иноқ. Жамоага профессионал футболчилар йиғдик ва улар ўз ишининг ҳақиқий усталари ҳисобланишиди. “Нефтчи” доим юқори поғоналарни эгаллаш учун ҳаракат қилган. Мана шу ўйинчилар ҳам клубни янада янги ютуқларни қўлга киритишида ёрдам беришади.

Назорат ўйинларидаги мағлубиятлар
— Бунинг асосий сабаби йигитларнинг бир-бирлари билан тўлиқ киришиб кетишмаганида. Яна бир сабаб, яқинда бир ўйлаб қолдим, жамоада яхши ҳужумчи ва ярим ҳимоячилар етарлича. Фақатгина голли вазиятлардан фойдаланмаслик ҳолатлари кўп юзага келди. Тўғри, буни баҳона қилиб кўрсатиб бўлмайди. Бироқ буни ҳар хил изоҳлаш мумкин. Масалан, йигитларнинг бир-бирини яхши тушунмаслиги, жисмоний ҳолатини яхши эмаслиги. Изоҳ кўп, лекин бизга бироз вақт керак. Маълум вақтдан кейин ўйинчилар бизни, клуб раҳбарияти ва мухлисларни хушнуд эта оладиган голларни уришади.

Мансур Саидов, Бахтиёр Ёқубов, Анвар Бердиев каби ўйинчиларнинг клубдан кетиши ҳақида
— Биринчи навбатда айтишим керак, бу ўйинчилар мен Фарғонага келишимдан олдин кетишганди. Бунинг энг асосий сабаблари эса менга қоронғу. Шу қатори, бу ҳолатни чуқур изоҳлашни ҳам истамайман. Лекин хар бир жамиятнинг ривожланишида кимларнингдир катта меҳнати бўлади ва буни ҳеч ким инкор қилмайди. Буёғига мана шу клубда қилинган яхши ишларни давом эттириш ҳам керак. Энди футболчиларга тўхталадиган бўлсак, ҳар бир ўйинчи ўзини бошқа клубларда ҳам синаб кўришга уринади. Эшитишимча, клубни тарк этганлар ОЧЛда ўйнайдиган жамоаларда фаолиятини давом эттиришни хоҳлашибди. Агарда ана шу футболчиларнинг юрагида бирон нарса бўлганида, ана шу жамиятни қийин аҳволда ташлаб кетишмас эди. Энди, шу ҳолат шундайлигича қолиши керак. Худо хоҳласа, биз мана шу Мансуржонга, Шукуралига, Бахтиёржонга ўхшаган ўйинчилар кашф қилишга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда, собиқ ўйинчиларимиз қилган меҳнатлари учун етарлича тақдирланганлар. Клуб қароргоҳида эса уларнинг исмлари чиройли қилиб ёзиб қўйилган. Бор гап шу.

“Нефтчи” ишқибозлари Мансур Саидовни қайтишини исташмоқда
— Бу масалада кўплаб мухлислар телефонимга смслар йўллашди. Мансур Саидов “Нефтчи”нинг юраги эди! Лекин мен клубга келганимда жамоанинг юрагини кўрмадим. Нима учун жамоа юраксиз қолди? Билмадим. Хўп, мухлислар Саидовни қайтиши исташяпти экан. Нима учун Мансур кетганидан кейиноқ шу масалани кўтариб чиқишмади? Ҳайронман. Мана энди футболчи “Бунёдкор”дан кетганиданг сўнг ишқибозлар уни сўраб қолишди. Шу ҳолат мани ўйлантиряпти. Нима учун олдимизга Мансуржоннинг ўзи келмайди ? Клуб раҳбарининг олдига келиб нимага шу фикрларини билдирмайди? Бу билан мен Саидовни қораламоқчи эмасман. Ҳозир шунақа ҳолатки, фақат олдинга қараб юришимиз керак. Бошқа нарсаларга чалғисак, биз тўхтаб қоламиз. Футболда доим олдига қараб юриш керак бошқа йўл йўқ. Бор, фақат у орқага!

Санжар Асқаралиевнинг “Футбол экспресс” газетасига берган интервьюси
— Ҳамма эркин фикрлаш ҳуқуқига эга. “Нефтчи” биздан олдин ҳам бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Бу клуб бехосдан чиқиб қолган жамоа эмаски, келажаги бўлмайди десак. Тарихи бор клубнинг келажаги ҳам бўлади. Мана шукурки, ажойиб ишқибозларимиз бор. Фарғонада қандай раҳбар ишлашидан қатъий назар доим футболга бефақар бўлинмаган. Аввало, ана шу гапирган одамга худо инсоф берсин. Ҳақорат деган сўз билан танбеҳ сўзларининг ўртасида катта фарқ бор. Футболчини ҳақорат қилганларни ҳам эшитганмиз. Лекин биз бунақа ишлардан йироқмиз. Ана шу танбеҳ ҳам нима учун бўлди? Санжарни камситиш учун эмас, жамоанинг натижаси учун. Яхши биласизлар, клубнинг натижаси учун доим бош мураббий жавоб беради. Энди мураббий оддий танбеҳ бера олмаса, унда нима қилади клубда ишлаб. Ташқаридан майдондаги кўп хатолар кўзга ташланади. Катта тезликда югураётган ўйинчи эса буни яхши пайқамайди. Мана шу ерда Санжаржон бироз адашган.

“Бухоро”га қарши ўйин хусусида
— Туркиядан қайтгач бироз йигитларга дам бердик. Кейин эса асосий тайёргарликни клуб қароргоҳида бошладик ва “Бухоро”га қарши ўйинга бўлган тайёргарлик ҳам бир маром кетяпти. Бўлажак рақибга келадиган бўлсак, бу клуб шонли тарихга эга ва бухороликларнинг устози Эдгер Гесс ҳам кучли мутахассис. Натижа борасида гапирадиган бўлсам, фарғоналик мухлислар бизни қўллаб дуо қилиб туришса, албатта биз ҳам яхши натижа билан ортга қайтишга ҳаракат қиламиз. Ҳамма ишни яхши ният билан бошлаш керак. Ҳукмини эса яратган эгамнинг ўзи билади.

Мухлисларга мурожаат
— Биринчи навбатда бутун Ўзбекистон аҳлига соғлиқ тилайман. Хонадонларида доим тинчлик бўлсин. Ватанимиз тинчлиги ҳам абадий бўлишини истайман. Мана шу спортга эътибор қилаётган раҳбарларнинг умрлари узоқ бўлсин. Мухлисларга айтадиган гапларимга келадиган бўлсам, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Нефтчи” билан бирга бўлишсин. Илтимос қилган бўлардим, жамоа мағлуб бўладим ёки дуранг ўйнайдими, доим бизни тўғри тушунишсин. Биз албатта мухлисларимизнинг чиройли футбол кўришлари учун ҳаракат қиламиз.

Дастурни “Рухсор” ТРК спорт мухбири Ҳожиакбар ЖАББОРОВ олиб борди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:48, 14.03.2014.
Ўқилди: 7120 марта.
Фикрлар: 226 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.