Хабарингиз бор, 26 март куни Австралиянинг Сидней шаҳрида кейинги йил ушбу мамлакатда ўтказиладиган Осиё Кубоги мусобақасига қуръа ташлаш маросими ўтказилади. Бу йилдан бошлаб Осиё Кубоги қуръа ташлаш шартлари ўзгарган: терма жамоалар ФИФА рейтингидаги ўринларига қараб саватчаларга жойланади.
Биринчи саватчадан мезбон сифатида Австралия, Япония, Эрон ва Ўзбекистон ўрин эгаллаган. Жанубий Кореянинг деярли барча босма ва интернет нашрлари ўз терма жамоаларининг иккинчи саватдан жой эгаллаганликларини ҳазм қила олишмаяпти. Жумладан, "Star News" нашри ушбу воқеликни ёритган мақоласини "Корея футболи энг сара саватдан тушиб кетди! Асабийлашяпмиз! Ё тавба, нега бундай бўлди?" дея номлаган ва гуруҳ босқичидаёқ корейслар учун азалдан ноқулай рақиб ҳисобланган Япония ёки Эрон билан баҳс олиб боришдан хавотирни изҳор қилган.
"Dailian" нашри эса Жанубий Корея жой эгаллайдиган гуруҳни турнирдаги "ўлим гуруҳи" бўлишини тахмин қилмоқда: "Ҳозирданоқ айтишимиз мумкинки, биз турнирда ғолиб чиқиши мумкин бўлган терма жамоа билан бир гуруҳга тушишимиз эҳтимоли юқори. Нафақат қоғозда, амалда ҳам фаворит бўлган жамоалар билан бир гуруҳга тушишимиз - биз "ўлим гуруҳи"га тушамиз дейишимизга асос бўла олади", деб ёзади.
"Kyunghyang Shinmun" нашри эса: "Эндиликда шу вақтгача катта турнирларга унчалик таъсири бўлмаган ФИФА рейтингидаги ўрнимизга эътиборлироқ бўлишимиз талаб этилади. Ҳозирда рейтингда 60-ўриндамиз, демак, ўзимизни оқлашга баҳоналар қидиришимиз ноўрин. Шу ўринга тушиб кетишимизга ўзимиз сабабчимиз", деб ёзса, "Economical Today" нашри эса: "Биринчи саватдан тушиб кетганлигимиз шунчаки шармандалик", деган сарлавҳани лозим топган.
Отабeк Йўлдошeв
Жанубий Корeя, Сeул