«Висенте Кальдерон» стадионида кечган сўнгги Мадрид дербиси ҳақиқий қайнаётган қозонга ўхшаб кетди. Эҳтирослар нафақат футбол майдонида, балки унинг ташқарисида ҳам юқори бўлди. Айнан ўша ерда Диего Симеоненинг ҳақиқий ёрдамчиси Херман Бургосни кўрдик.
Аввалги йилнинг декабрида «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтган Мадрид дербисида «Реал»нинг ўшандаги устози Жозе Моуриньо ва «Атлетико»да иш бошлаган Херман Бургос ўртасида можаро юзага келганди. Матбуотда ёзилишича, португалиялик мутахассис Бургосга ёқимсиз қилиқ қилган. Аргентиналик эса ўз захира ўриндиғини тарк этиб, «Реал» ўриндиғига келган ва «Эшитиб ол, Жозе, мен Тито эмасман. Каллангни узиб оламан», деганди. Шундан сўнг Моуриньо нигоҳларини фақат футбол майдонига қаратганди.
Умуман олганда, Диего Симеоненинг ўнг қўли примеронинг деярли ҳар бир учрашувида ўзини кўрсатади. У можароларни ҳал қилади. Агар «Атлетико»нинг захира ўриндиғига эътибор берсангиз, Бургосни шундоқ ажратиб олишингиз тайин.
Херман Бургос Аргентинанинг порт шаҳарларидан бири Мар-дель-Платада таваллуд топган. Бу мамлакатдаги энг катта балиқчилик порти ва денгиз курорти ҳисобланади. Мазкур шаҳар пойтахт Буэнос-Айресдан 400 км. узоқликда жойлашган. Хуллас Херман футболчилик фаолиятини айнан шу шаҳарда бошлаган. Бўлажак дарвозабон «Феррокарриль Оэсте» клубида ўйнай бошлаган. Бургос бу жамоада беш мавсумни ўтказган. Лекин ҳар доим ҳам асосий таркибда майдонга тушмасди. Дастлабки уч йил у «захира»нинг доимий меҳмони эди. Фақат сўнгги икки йилда кўпроқ «асосий»да ҳаракат қилган. Айнан шу икки йил ёш дарвозабонга «Ривер Плейт» скаутларининг эътиборини қозониши учун етарли бўлган.
«Ривер»да Херман бирданига асосий дарворзабонга айланди. Лекин у ерда қанча кўп қолса, «асосий»дан узоқлашаверди. Бунга Бургоснинг спорт формаси тушиб кетиши сабаб бўлди. Лекин «Ривер Плейт» сафида имконияти бор деярли барча совринларни ютди. Ўтган асрнинг сўнггида у ҳаётини ўзгартириб юборган қарорни қабул қилди, яъни Испанияга йўл олиб, «Мальорка» шарафини ҳимоя қила бошлади. Бироқ бу жамоада у ўзини кўрсата олмади. Икки мавсумда атиги 12та учрашувда майдонга тушди.
2001 йили эса Бургос «Атлетико» туфайли Балеар оролларини тарк этди. Ўшанда мадридликлар Сегундада фаолият олиб бораётгандилар. Биринчи мавсумда унинг омади келди. Биринчидан Херман асосий дарвозабонга айланган бўлса, иккинчидан жамоаси примеро йўлланмасини қўлга киритди. Кейинчалик аргентиналик дарвозабон одатдагидек захира ўриндиғига михланиб қолди. Натижада 2004 йили фаолиятини якунлашга қарор қилди.
Айтишларича, Херман Бургос бошқа бир дарвозабон Хосе Луис Чилаверт билан кўп айтишиб қоларкан. Аммо парагвайлик кипер жанжални майдон ташқарисига чиқармаган ва ҳаммасига ўз ўйини билан жавоб бермоқчи бўлган. Аргентина чемпионатида «Ривер Плейт» Чилавертнинг «Велес Сарсфилд»ига қарши тўп сурган. Ўша учрашувда Хосе Луис Бургос дарвозасига 60 метрдан гол урганди. Албатта, ўйиндан сўнг аргентиналик дарвозабон Чилаверт шаънига бир қатор номаъқул сўзларни айтганди.
Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббийликка ўтгунча олти йил ўтиб кетди. Бу вақт оралиғида у дам олиб, келажаги ҳақида бемалол ўйлаб олиши мумкин эди. Бургос футболчилик пайтида ўзининг кўриниши ва қилиқлари туфайли «Моно» лақабини олган. Бу испанчада «маймун» деган сўзни англатади. Мазкур лақаб Херманнинг жаҳлини чиқармайди. Аксинча, у бундан фахрланади. Бежизга «Фейсбук»даги саҳифасига исмини Херман Моно Бургос деб ёзмаган.
Футболчилик ва мураббийлик орасида Бургос мусиқа билан шуғулланди. Тез орада у рок жанрида куйлайдиган The Garb гуруҳини тузди. Айни пайтда келиб, бу группа бешта альбом чиқарган.
Ниҳоят 2010 йили Херман мураббийлик билан шуғулланишга аҳд қилди. У фаолиятини энг пастдан бошлади. Тез орада Мадриднинг «Карабанхель» клуби бош мураббийи бўлди. Лекин январга келиб, Диего Симеоне уни Италиянинг «Катания» клуби мураббийлар штабига таклиф қилди. Икки аргентиналик «Атлетико»да бирга фаолият олиб боришганида яқин дўст бўлиб қолишганди. Кўпчилик Симеонедан яхши мураббий чиқмаслигини гапирганди. Моно ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Лекин уларнинг Испания пойтахтига қайтишлари муваффақиятли кечмоқда. Мураббийлар ғалабага чанқоқ бўлган жамоани топишди.Айни кунда биз майдон четида турган Диего Симеонега кўзимиз тушади. Унинг ёнида эса ҳамиша Херман Бургос бор. У билан ҳазиллашиб бўлмайди. Шу ўринда айтиш жоиз, Херман «Атлетико»да ўйнаб юрган кезлари саратондан даволанган. Шундай касални енгиб чиққан инсоннинг мураббийлик вазифасини уддалашига ҳеч ким шубҳа қилмайди.