“Насаф” – “Бухоро” баҳсидан сўнг дастлаб меҳмон жамоа бош мураббийи Эдгар Гесс учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
— Бугунги ўйинга шогирдларимни муносиб тайёрлагандим. Учрашув бошида ҳаммаси яхши кетаётган эди. 15–дақиқадаги пенальти футболчиларимизга салбий таъсир этди. Хатоликлар, ўзаро тушунмай ҳаракат қилиш шундан сўнг бошланди. “Бухоро” янги шаклланаётган жамоа. Ўтган йилги асосий таркибдан фақатгина битта футболчи жорий йилда ҳам жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда.
— Раҳбарият жамоа олдига қандай вазифа қўйган?
— Аввало яхши шаклланган жамоа тузиш, муҳлисларбоп, чиройли ўйин кўрсатиш…
— Ўтган йилги таркиб нега тарқатиб юборилди?
— Мен “Бухоро”га келганимда, жамоа деярли йўқ эди. Кўпчилик футболчиларни ҳаттоки кўрмадим ҳам. Айримлари бошқа жамоаларга ўтиб кетган, бошқалари илгари бирга ишлаган мураббийлари билан “Бухоро”ни тарк этишган.
— Андрей Акопянцни бугун майдонга туширмадингиз?
— Акопянцнинг енгил жароҳати бор. Кеча ёшлар лигасида синаб кўрдик. Кейинги ойдан жамоага ёрдам беради.
— Бухоро шаҳрида замонавий стадион бўла туриб уй учрашувларини жамоангиз Вобкентда ўтказмоқда?
— Бухородаги стадион апрелнинг ўрталаридан тўла мавсумга тайёр бўлади. Ўзимиз ҳам уй ўйинларимизни марказда ўтказишни хоҳлаяпмиз!
— Ҳакамларга эътирозингиз йўқми?
— Мен ҳакам эмасман, ҳакамлик қилмаганман ҳам. Шунингдек, вазиятларга мендан кўра улар яқинроқ бўлишади. Пенальти ҳақида гапирадиган бўлсам, жарима майдончасида ҳушёрроқ ўйнаш кераклигини, рақибга нисбатан қўпол ўйнаш жамоага қимматга тушишини боғча боласи ҳам билади.