Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ёмғирдан қочиб, дўлга йўлиққан «Нефтчи»

Баҳо:
+ | -

Машҳур файласуфлардан бири “қонунларнинг кераги йўқ, чунки ёвуз одамлар уларга бўйсунмайдилар, эзгу одамлар эса қонунлар бўлса-бўлмаса, барибир ҳам жиноят содир қилмайди”, деган эди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳукумат томонидан чиқарилаётган қонунларнинг бари аввало ўзбек футболини ривожлантириб, унинг довруғини дунёга танитишга қаратилган. Бироқ сўнгги пайтларда футболимизда “салла деса каллани” олиб келадиган айрим раҳбарлар сабаб чиқарилаётган қонунларимизни айланиб ўтиш ҳоллари кўп бўлаяптики, бунинг жабрини фақатгина ўзбек футболию унинг мухлислари тортишмоқда. Энг ёмони футболимизда эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб, шунчаки нафс йўлида ўзини тўхтатишга куч тополмаётган раҳбарларнинг сони ошса ошаяптики, асло камаймаяпти.

Йиртилган ҳақиқат
Ўтган йилнинг 11 май куни ўз уйида “Гулистон”ни қабул қилган “Нефтчи” ғалабани “Фарғона ҳақиқати” газетасини йиртиш билан нишонлади. Дилёрбек Эрматовнинг бу ҳаракати бундан сал аввал ушбу газетада танқидга учралган Юрий Саркисянни ишдан олиш учун катта баҳона бўлди холос. Юрий Вазгеновичнинг “сайраши”га сабаб бўлган бу ҳаракат ўзини тўлақонли оқлади. Натижада чорак асрлик умрини Фарғона футболига бағишлаган инсон бир лаҳзанинг ичида ҳатто раҳматга ҳам лойиқ кўрилмай жамоадан ҳайдалди. Қисқа фурсатдан сўнг ўзининг қилмишидан пушаймон бўлган футболчи яна ўша газетада ҳаммадан кечирим сўради. Аслида эса бу қилмиши учун Саркисяндан кечирим сўраши керак бўлган футболчи ўшандан бери “Нефтчи” жамоасининг сардори бўлиб келяпти. Мана мансаб ва амал учун ўз устозининг юзига оёқ қўйган шогирднинг иши. Кўриб қўйинг, устоз-шогирд муносабатини. Ушбу воқеаларнинг шунчаки қурбони бўлган Юрий Саркисяннинг ҳолини бир неча ҳафта олдин қўйилган “Футбол шарҳи” кўрсатувида кўрган бўлсангиз керак. Шундай экан изоҳга хожат йўқ.

Савол туғилади, хўш нега Фарғона футболи учун ўз умрини бағишлаган инсон ўша вилоятга керак бўлмай қолдию, бугун бўлса “Бунёдкор” учун тажрибали мураббий сифатида клубда эъзозланиб, у ерда фаолият юритяпти? Зарбоп тўннинг ўрнига йиртиқ чопонни ҳам эп кўрмаган фарғоналик футбол мутасаддилари ўша воқеадан сўнг нима топишди. Ўз вақтида Саркисяннинг кетишини худди 90-йиллардаги “Нефтчи” қайтиб келгандек тантана қилганларнинг бугун қилаётган иши курак тугул текис асфальтда ҳам турмаяптику.

Мирзабоевнинг оилавий жамоаси
Ўзбекистонда фақат биттагина оилавий жамоа бор. Ҳа, топдингиз ўша “Суюнчи” фильмидаги Шермат аканинг оилавий жамоаси. Ия, бу жамоа кинода холоску дерсиз. Йўқ, бугун ушбу жамоа ҳаётда ҳам ташкил этилди. Қачон дейсизми? Ўша матбуот анжуманида турли хил латифалари билан журналистлар орқали оммани кулдирадиган Юрий Саркисян кетгандан сўнг ташкил этилган “Мирзабоевлар оилавий жамоаси”.

Келинг, шарҳимизни бошлашдан аввал “Нефтчи” жамоаси таркиби билан таништириб чиқай: жамоа бошлиғи – Комил Мирзабоев (вилоят футбол федерацияси вице-президенти деган лавозимидан ташқари), жамоа мураббийи – Диёр Мирзабоев (Болалар ўсмирлар футбол макатби ва Фарғона футбол лицей-интернати мураббийлигидан ташқари эгаллаб турган лавозими).

Буни қарангки, катта умидлар билан клубга келган Мурод Исмоилов “Нефтчи”да ҳам катта қўғирчоқ бўлиб юрибди. Клуб футболчиларининг тақдирини бош мураббий Исмоилов эмас, балки айнан клуб раҳбарининг ўғли Диёр Мирзабоев ҳал қилиши кўпчиликнинг етти ухлаб тушига ҳам кирган эмасдир-а! Ҳар икки гапнинг бирида “ҳоким ҳал қилади” деган гап билан ҳокимни айбдор қиладиган Комил Мирзабоев аслида жамоа уловини ўз ўғлига топшириб қўйганини “Нефтчи”га ўғлини олиб борган ота-оналару, жамоа аҳволидан хабардор кишиларгина билади, холос.

Оддийгина 1993 йилда туғилган марғилонлик футболчи Ғанижон Қобилов билан ҳам клуб 2017 йилнинг 10 январига қадар 3 йиллик шартнома имзолаган. Бироқ ушбу футболчи Диёр Мирзабоевнинг “талаби”га тўғри келмагани учун у билан тузилган шартнома ПФЛ тасдиғига юборилмаган. Аниқроқ қилиб айтганда, футболчининг шартномаси шунчаки кўзбўямачилик учун тузилган, холос.

Қизиқ жиҳати шундаки, Ғайратжон Қобилов “Олмалиқ” ва “Бухоро” сингари клубларга бориш истагини билдирганда ушбу жамоалар “Нефтчи” билан шартномаси бўлгани учун уни клубга ололмаслигини таъкидлаган. Энди ўзингиз ўйланг, ёш футболчини чув тушириб, унинг келажагига тўсқинлик қилаётган раҳбарни Фарғона футболи фидойиси деб бўладими? Бу биргина мисол. Фарғона футболи учун меҳнат қилишга тайёр бўлган, бироқ “Нефтчи”га сиғмаган футболчилар кам деб ўйлайсизми? Яхшиямки, Олий лигада бошқа жамоалар борки “Нефтчи”га кераги бўлмаган футболчилар ўша жамоаларнинг асосий таркибидан ўрин олиб майдонга тушишмоқда.

Ҳа, айтганча клуб техник директори, бош ҳисобчиси ва унинг ёрдамчилари ҳам оилавий жамоа қайдномасидан ўрин олганидан хабарингиз бўлса керак.

Ётиб есанг, тоғ ҳам ағдарилади
Буғдойнинг исини олган сичқон деворни ҳам тешади. Буни қарангки, Комил Мирзабоевнинг “Нефтчи”га келиши худди буғдойнинг исини олган сичқонга ўхшайди. Нега дейсизми? Ахир клуб ҳисобида ётган миллиардлаб пулнинг ҳидини билган одамнинг томоғи қимирламай қаери қимирласин. Келинг, ҳаммасини бошидан бошлайлик.

Юрий Саркисяндан сўнг жамоага бош мураббий бўлиб келган Амет Маметга 100 миллион “подёмний” берган бошлиқ шу дондан бир чимдим олмаганига ҳеч ким ишонмайди. Ахир бир қоп буғдойни оилавий ўғирлаган сичқонлар ичида катта сичқон ўзининг улушини ажратмай иложи йўқда. Энг қизиғи, айни пайтда ҳам Амет Маметга тузилган шартнома пуллари ҳамон тўланиб келинмоқда. Буни қарангки, ушбу шартномадан ҳалигача вилоят ҳокимининг хабари йўқ экан.

Сўнгги пайтларда халқ оғзида “молингни сот, қўйингни сот, футболчи бўл”. Жуда бўлмаса бирор бир клубга бир йил ё мураббий, ё раҳбар бўлсанг кифоя, деган кинояли мақол юради. Сабаб дейсизми? Тўпиғи сув кўрмай туриб миллионлаб пулларни олаётган футболчию мураббийларга, уларнинг нонидан улуш олаётган раҳбарга ҳамманинг ҳам ҳаваси келади-да! Кимнинг ҳам пешона териси оқмай туриб пул топгиси келмайди дейсиз. Айниқса, “Нефтчи”дек клубнинг раҳбари сифатида миллиардлаб пулни бошқаришу, бу жамоанинг мураббийи бўлиб миллионлаб ойлик олишни истаган одамлар йўқ деб ўйлайсизми? Булар фақат ойлик. Мукофот пулидан тушадиган фойдани айтсак, молу-қўй тугул, уйини сотиб ҳам ё футболчи, ё мураббий, ёки клуб раҳбари бўламан деган одамлар сони кўпайиб қолиши аниқ.

Гап келганда ўтган йилги “ҳайдалиш операцияси”нинг қурбонлари қаторида бўлган Анвар Бердиев ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Маълумотларга кўра Бердиев “Нефтчи”га ҳурмати сабаб клуб тўлаши лозим бўлган 35 миллион сўм пулни олмасликка қарор қилган ва ушбу суммадан воз кечган. Бироқ клуб раҳбарининг талабига биноан футболчи оқ қоғозга олмаган пулини олдим деб қўл қўйиб берган. Хўш, айтингчи, Анварнинг пуллари кимнинг чўнтагини “излаб” топди. Бу жумбоқ саволга ҳали бери жавоб топилмаса керак. Бу ҳали ҳолваси. Анвар Бердиевдан ташқари Шерзод Ҳакимов, Бахтиёр Ёқубов сингари футболчиларнинг ҳам дарди ўз ичида. Улар ҳам олмаган пулини олдим деб жамоадан кетишган. Хўш ушбу футболчиларнинг пуллари қаерга кетган?

Чала футболнинг дала ўйинчилари
Етти ойда туғилган болани чала туғилган бола дейишади. Хўш, шундай экан олти ойлик шартномани қандай аташ керак. Чала тузилган шартномами? Чала туғилган боладай бир неча йилдан бери ярим йиллик шартномалар билан Олий лига жамоаларнинг пулини олаётган Зайниддин Тожиев, Ғулом Ўрунов, Вячеслав Понамарёв ва Мирзакамол Камолов сингари футболчилар ҳам Комил Мирзабоевнинг “Нефтчи” ҳисобидаги катта кўтарма пулию, ёшидан ҳам катта ойлик эвазига клубга келгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Айниқса, жуда катта кўтарма пули эвазига “Нефтчи” аъзосига айланган Зайниддин Тожиев вилоят ҳокимига голларим билан жамоага ёрдам бераман дедию бу ёғи “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидек битта “Қўзивой” бўлиб қолди. Айни пайтда ушбу футболчилардан фақатгина Вячеслав Понамарёвгина клубда холос. Қолганлари эса яна ўша чала шартномаси билан бошқа клубларнинг “қонини ичишмоқда”.

Яна бир гап. 2013 йилда “Олмалиқ” жамоасида ўйнаган, бироқ ушбу клубга керак бўлмай қолган Игор Петковични водийга келиши оз эмас кўп эмас нақд 200 миллион сўмга тушганини кўпчилик билмаса керак. Ҳозирда жамоада ўзини тиклаш билан банд бўлган футболчининг ойлиги ҳам АҚШ долларида тўланишига нима дейсиз? Иқтисодий аҳволни сабаб қилиб Биринчи лигадан бош тортаётган клубларнинг бир йиллик харажатига тенг пулни битта футболчига бераётган “Нефтчи” фақатгина Олий лигадан тушиб кетмаслик учун сарфлаяптими?

“Нефтчи” даволаш маркази
Ҳаммамизга маълумки ҳар йили мавсум олдидан барча жамоа футболчилари тиббий кўрикдан ўтказилади. Чиғатойда жойлашган ушуб ташкилотнинг якуний хулосасига асосан футболчиларга мавсум давомида майдонга тушиш ҳуқуқи берилади. Буни қарангки, “Нефтчи” жамоасига чақирилган аксарият футболчилар ҳатто тиббий кўрикдан ўтолмаган. Хусусан, нигериялик футболчи Девид Ония ҳам тиббий кўрикдан ўтолмай, “заявка”га кирмаган бўлсада, ҳамон жамоа ҳисобидан даволаниб юрибди.

Айниқса, Фарғонага россиялик легионер футболчи сифатида катта кўтарма пули эвазига чақирилган Левани Гвазава нима мақсадда клубга чақирилганини ҳеч ким тушунмайди. Хабарларга кўра, клубнинг яхшигина пули эвазига ташриф буюрган россиялик футболчи Фарғонага ўз формасини тиклаш учун ташриф буюрган холос. Соғлиғини санаторияда тиклашга келган одамдек “Нефтчи”да “заявка”сиз яшаётган Мамажонов, Жалилов сингари футболчиларни санаб чарчайсан киши. Хўш, ўша футболчилар кимнинг ҳисобидан кун кўришмоқда. Ёки клубнинг пули шунчалик ошиб-тошиб ётибдими?

“Комил шоу”
Вилоят ҳокимининг буйруғига асосан фарғоналик ёш иқтидорли футболчиларни “Нефтчи” клубига саралаб олиш мақсадида ташкил этилган “Нефтчи”да ўйнашни хоҳлайсанми?” турнири ҳақида кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. Расмий номи барчани қизиқтирадиган ушбу турнир ёш футболчилар орасида “Комил шоу” номи билан машҳур. Ўнган йилнинг декабрь ойида ўтказилган “Комил шоу” мусобақасида вилоятда ташкил этилган клубларда тўп сурувчи салкам 500 нафар фарғоналик ёши иқтидор эгалари иштирок этишган. Бироқ ушбу футболчиларнинг бирортаси “Нефтчи”нинг, аниқроқ қилиб айтганда, клуб раҳбарининг талабига “жавоб” бермаган.

Энди ўзингиз ўйланг, 500 нафар футболчи орасидан клубга атиги бир нафар бўлсада футболчи муносиб кўрилмаган бўлса, вилоятда футболни ўсиш дейиш керакми ёки ўлиш. Хўш, бунинг учун вилоят футбол федерацияси вице-президенти қандай жавоб беради. Фарғоналик ёшлардан ҳеч бир футболчи жамоага қабул қилинмагани вилоятдаги бирор бир мураббий ишламаётганидан далолат эмасми?

Яна бир ҳолат. Юрий Саркисяннинг “Нефтчи”дан кетиши орқали нафақат клубнинг ички тизими, балки эски уловлари ҳам четга чиқарилди. Булар қаторида узоқ йиллар давомида фарғоналик футболчиларни оғирини енгил қилиб келган “Икарус” автобуси ҳам эскилар қаторига қўшилди. Шу боис ҳам клуб янги автобусга эҳтиёж сезди. Натижада жамоага Хитойдан 47 минг АҚШ долларига “Фотон” русумли автобус олиб келинган.

Тушунарсиз ҳолат. Узоқ Хитойда 47 минг АҚШ доллар турган автобуснинг Фарғонага келганча нақд 450 миллион сўмга айланганини пашшадан фил ясашнинг исботи, деса бўлади. Энг қизиғи шунча катта миқдорда келган автобус айни пайтда бузуқ бўлиб, клуб ўзининг эски “Икарус” автобусида юрганига кўпчилик ишонмаса керак.

Ишонч
Бир йил аввал Фарғона вилоят ҳокими “Нефтчи” жамоасига янги раҳбар сифатида Комил Мирзабоевни тайинлаганда унга катта ишонч билдирилган эди. Айниқса, фарғоналик ёш футболчиларни ўстиришда, Олий лига ўйинларида вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилиши учун билдирилган ишончни сўз билан ифодалаш қийин. Ҳаммамиз биламизки, ишонч катта нарса. Уни оқлаш шунчаки деворни оқлаш эмас. Вилоят ҳокими ўзи ишонч билдириб футболни ривожлантириш учун танлаган инсон вилоят футболини орқага тортиб турса, хўш, футболда кимга ишониш керак. Ҳали бир йил бўлмасдан туриб фарғоналик футбол мухлисларининг нафратига учраган клуб раҳбаригами ёки “Ишонаманки, “Нефтчи” Олий лигадан тушиб кетмайди”, деган Мурод Исмоиловга? Футболда кимга ишонишни ҳам билмай қолди мухлислар. Қисқаси, машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов айтганидек, балиқ бошидан сасийди, думидан тозаланади. Балиқни тозалаш вақти келди, назаримда?!

Фарҳод НОРБЎТАЕВ
Тошкент-Фарғона-Тошкент

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 16:03, 30.03.2014.
Ўқилди: 13199 марта.
Фикрлар: 153 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.