Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳридаги стадион қурилишида қатнашаётган ишчи ҳалок бўлди. Associated Press ахборот агентлининг 29 март, шанба куни тарқатган хабарига кўра, бу стадионда 2014 йил ёзида футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиши ўтказилиши керак.
Вақтинчалик ўриндиқларни ечишга қарашаётган ишчи саккиз метр баландликдан йиқилган ва шифохонада вафот этган. Қурилиш компанияси ва тиббиёт муассасаси ходимлари ишчининг ҳалок бўлганини тасдиқлашди.
Рўй берган ҳодиса «Арена Коринтианс» (бошқа номи – «Итакеран») стадионини топшириш муддатларига таъсир қилиш-қилмаслиги ҳозирча номаълум. Қурувчилар шунда ҳам 2013 йил ноябрида рўй берган минорали краннинг ағдарилиши сабаб режадан ортда қолишмоқда – ушбу фавқулодда ҳодиса натижасида уч киши ҳалок бўлган, шарқий трибуналарнинг бир қисми эса вайрон бўлганди.
ФИФА «Арена Коринтианс» май ойи ўрталарига, яъни, ЖЧ-2014’нинг 12 июнда бўладиган очилишидан бир ой аввал фойдаланишга топширилишини кутмоқда. Ушбу объектдаги қурилиш ишлари 2014 йил ёзидаёқ якунига етиши керак эди.
Режа бўйича ушбу стадион жаҳон чемпионатидан бир йил аввал ўтказиладиган Конфедерациялар Кубоги учрашувларига мезбонлик қилиши керак эди. Бироқ молиялаштиришдаги узилишлар сабаб арена ҳалигача қуриб битказилгани йўқ.