"Бухоро" -" Металлург" учрашувидан сўнг www.pfkbuxoro.uz сайти мухбирлари чемпионатнинг энг чиройли голларидан бирини "Металлург" жамоаси дарвозасига киритган бухоролик ҳужумчи Фирдавс Асадовдан у учун тарихий учрашув ҳақида ва унинг ҳиссиётлари билан танишиш мақсадида у билан қисқача интервью уюштиришди.
— Ўйин яхши ўтди, натижадан жуда хурсандмиз. Чемпионатдаги ҳамда олий лигадаги биринчи голимни урганимдан жуда хурсандман. ПФЛдаги биринчи голимни амакимга бағишлайман, чунки бугун у кишининг туғилган кунлари ва бу суперголни туғилган кунларига совға қиламан.
Мухлисларга кўллаб-кувватлаганлари учун катта раҳмат, бир неча ўйиндан бери мендан гол сўраб юришган эди. Мен, худога шукур, бу голни урдим ва бу билан чекланиб қолмасликка ҳаракат қиламан. Эдгар Яковлевичга ҳам катта раҳмат, менга ишониб деярли ҳар уйинга асосий таркибда ўйнашга имкон бериб келаётганлари учун.
Бош мураббийимиз ҳозирги кунда камдан-кам мураббийлар қилаётган ишни қиляптилар, яъни биздай маҳаллий ва ёш футболчиларга имконият яратиб, мунтазам равишда ишонч билдириб, асосий таркибда ўйнаш имкониятини бермоқдалар. Мана бугун яна бир ҳамшаҳарим Равшан Асланов ҳам ўзини ажойиб томондан кўрсата олди ва битта голга ассистентлик қилди.
Бундан кейин мен бош мураббийимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламан ва албатта яна кўплаб голлар уришга интиламан.
Сайтларни мунтазам равишда кузатиб бораман, мухлисларнинг фикрларини диққат билан ўқийман ва танқидлардан керакли хулосалар чиқаришга ҳаракат қилиб келаман.