Бугунги кунда сайтимизга келиб тушаётган мактублар талайгина. Шулардан бири Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарига очиқ мурожаатнома сифатида ёзилган ва ушбу мактуб эътиборимизни тортди. Қуйида ушбу мурожаатномани эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Ўйлаймизки, мурожаатномада футболнинг оғриқли бўғинларидан бири ТВ-трансцялия ҳақида ўринли фикрлар айтилган ва ўзига хос ечимлар кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон футбол федерацияси президенти
М.З. Усмоновга
МУРОЖААТНОМА
Ҳурматли, Мираброр Зуфарович!
Сиз бошчилигингиздаги Ўзбекистон футбол федерацияси саъй-ҳаракатлари билан ўзбек футболи саккиз йил ичида ривожланиб, униб-ўсди. Мана шу ўтган саккиз йил мобайнида ҳар бир ёш тоифаларидаги терма жамоаларимиз ва клубларимиз инфратузилмалари ривожланди. Янгидан-янги стадионлар қурилди, бир неча клубларимиз қошида академияларимиз ташкил этилди. Миллий терма жамоамизнинг тўрт йиллик режалари тузилди. Мусобақалар олдидан йиғинлар ўтказилиб, жаҳон чемпионатларида турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларимиз муносиб иштирок этишди. Яқинда келишилган ўйинларга қарши курашиш учун федерация қошида гуруҳ тузилди. Албатта, юқоридаги ютуқлар учун биз мухлислар Сиздан миннатдормиз.
Ҳозирги кунда футбол билан чамбарчас боғлиқ бир соҳа борки, афсуслар бўлсинким, ўзбек футболи аҳли бу соҳадан кўнгли тўлмаяпти! Дунёда футболни мухлислар билан боғлашда кўприк воситасини ўтайдиган оммавий ахборот воситалари бизнинг юртимизда ўзбек футболи мухлислари эҳтиёжини қондира олмаяпти. Фақатгина турли интернет сайтлари ва “Машъал” радиоканали бундан мустасно.
Телевидение соҳасига келсак, бу борада биз мақтана олмаймиз. Ҳар ҳафта олий лиганинг еттита учрашуви ўтказилади. “Спорт” телеканали ушбу учрашувларнинг фақат Тошкентда ўтказилганларидан бирини олиб кўрсатади. Андижонликлар “Насаф” ёки “Қизилқум”нинг уй учрашувларини телевидение орқали кўрмоқчи бўлишса, аксинча сурхондарёликлар “Нефтчи” ёки “Навбаҳор” иштирокидаги уй учрашувларини томоша қилишни истаб қолишса, Спорт-ТВ ёзиб олинган вариантини қачон намойиш этаркин, деб кутишдан бошқа чора йўқ. Биринчи лига учрашувлари ҳақда гапирмасак ҳам бўлади.
Сиздан шу нарсани илтимос қилиб сўрамоқчи эдикки, бугунги футболимиз раҳбари сифатида футболнинг транцлияция бўғинини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратсангиз. Ўзбекистон телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ишлаш ва ўйинларни тезкор ёки тўғридан-тўғри эфирга узатиш бўйича таклифлар киритсангиз ғоятда миннатдор бўлар эдик. Агарда биргина “Спорт-ТВ”нинг олий лигамиз трансляцияларини амалга ошириш имконияти бўлмаса, ҳозирги кунда вилоятларимизда эфирга узатилаётган рақамли 12 та телеканалларни ҳам ҳамкорликка чорлаш (мисол учун телеканаллардан айримларини ҳудудий жамоаларга бириктириб, ўзаро келишган ҳолда ўша жамоанинг уй учрашувларидан жонли трансляциясини ташкил этиш)да ёки алоҳида яна бир канални Ўзбек футболи учун очиш ишларини амалга оширишда бошчилик қилсангиз ёки амалий кўмак берсангиз.
Ишонамизки, тв-транслияциялар ўзбек футболи ривожи учун хизмат қилади.
Ҳурмат билан, ўзбек футболи мухлиси
Руслан Раҳимов