6 апрел куни “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида болалар ва ўсмирлар ўртасида Тошкент шаҳар биринчилигининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда академиямизнинг “Бунёдкор-Б” жамоаси БЎСМ-2 нинг турли ёш тоифасидаги жамоаларини қабул қилди. Шу кунги ўйинлар умумий натижасига кўра ёш “қалдирғочлар” меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Умумий тўплар нисбати ҳам шунга яраша: 26:8!!!
Қувноқ голлар шоуси: 6:2 (1998)
Қувноқ дейишимизга сабаб бор, албатта. Шу кунга белгиланган ўйинлар орасида айнан ушбу баҳс қизиқарлилиги билан ажралиб турди. Ўйинни мезбонлар катта устунлик билан бошлашди ва тезкор гол уришнинг уддасидан чиқишди. 4-дақиқада қанотдан уюштирилган ҳужумни Жавлон Абдуҳамидов боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни очди. Голдан сўнг ҳам бунёдкорчилар ҳужумни тўхтатмади. 16- ва 18-дақиқаларда Умид Мавлонов ва Раул Акгурин томонидан киритилган икки гол ҳисобнинг янада йириклашишига олиб келди. Тан олиб айтиш керакки, шу куни мезбонлар ўйинни ўзлари хоҳлагандек бошқара олишди. Иккинчи бўлимда ҳам голлар шоуси давом этди. Дастлаб меҳмонлар кетма-кет иккита гол уришнинг уддасидан чиқишди. Бироқ бу ҳолат мезбонлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмади ва якунда Улуғбек Маманоров, Сайдулла Тошпўлатов, Христас Сааков томонидан киритилган голлар “Бунёдкор-Б”га йирик ғалабани тақдим этди.
Тактик ўйиндаги устунлик: 2:0 (1999)
Ушбу ёш тоифасидаги жамоалар учрашуви мураббийларнинг ўзига хос тактик юришлари билан ёдда қолди. Ҳар икки жамоа вакиллари мураббийлар томонидан берилган кўрсатмаларни аниқ ва ишончли бажаришди. Вазиятлардан фойдаланиш бўйича устунлик мезбонлар томонида бўлди ва бу тезда ҳисобда ўз аксини топди. Биринчи бўлимнинг 21-дақиқасида Акобир Мустафақулов жарима зарбасидан муваффақиятли фойдаланиб ёш “қалдирғочлар”ни олдинда олиб чиқди. Голдан сўнг ўйин асосан майдон марказида кечди. Фақатгина ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида заҳирадан майдонга туширилган Шуҳрат Нуриллаев томонидан киритилган гол “Бунёдкор-Б”нинг ғалабасини мустаҳкамлади.
3:0 (2000)
Ёрқин Назаров бошқарувидаги “Бунёдкор-Б”нинг 2000-йилда туғилган болалардан иборат жамоаси ҳам ишончли ғалабалар кетма-кетлигини давом эттиришди. БЎСМ-2 тарбияланувчилари ушбу ўйинда мезбонларга ҳар қанча қаршилик кўрсатмасин якунда мағлубиятга учрадилар. Эътиборлиси, ўйиндаги барча голлар биринчи бўлимда дарвозалардан жой олди. Дастлаб Бобурмирзо эралиев пеналтидан мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса, орадан 2 минут ўтиб Равшан Ҳусанов иккинчи голни рақиб дарвозасига йўллади. 42-дақиқада эса Фаррух Нодиров бурчак тўпидан унумли фойдаланиб ҳисобни 3:0 га етказди ва ўйинга мантиқий якун ясади.
Ироданинг олий намунаси: 3:2 (2001)
Шубҳасиз, ушбу ўйин бунёдкорчилар матонатини яна бир бор намойиш этди. Ўйин тенг курашлар остида бошланди. Жамоалар ўз ўйинларини майдон марказида ташкил этди. Учрашувнинг 10-дақиқасида меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. Голдан руҳланган БЎСМ-2 ўйинчилари тинимсиз тарзда ҳужумлар уюштириб туришди. Бу тезда ўз самарасини бериб, меҳмонлар иккинчи бор “Бунёдкор-Б” дарвозасини ишғол қилди. Биринчи бўлим 0:2 ҳисобида якунланди. Иккинчи бўлимни кўтаринки руҳда бошлаган мезбонлар кетма-кет учта гол уриб, ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилди. Шоҳруҳ Асқаров, Муҳаммадқодир Аҳадов ва Абдуазим Абдулазизов томонидан киритилган голлар мезбонларга иродали ғалабани туҳфа этди.
3:0 (2002)
Акмал Рисқуллаев шогирдлари рақибга очиқ футбол таклиф этиб, якунда ишончли ғалабани қўлга киритди. Тўпни назорат қилиш борасидаги мураббий кўрсатмалари худди машғулотлардаги сингари аниқ амалга оширилди. “Бунёдкор-Б” нинг ҳар икки қанотдан уюштирган тинимсиз ҳужумлари хавфли кўриниш ола бошлади. Жалол Воҳидов ўйиннинг 20-дақиқасида ҳисобни очди. Орадан 3 минут ўтиб Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор меҳмонлар дарвозабонини доғда қолдирди. Ўйиннинг иккинчи бўлими ҳам қизиқарли тарзда ўтди. Мезбонларнинг учинчи голига Шаҳриёр Отахонов муаллифлик қилди ва ўйинни “Бунёдкор-Б” фойдасига ҳал бўлишини таъминлади.
Кичик “мастер-класс”: 6:3 (2003)
2003 йилда туғилган тарбияланувчилар баҳсида дарвозаларга 9 та (!) гол киритилди. Ўйин қизиқарли кечди. Бунёдкорчилардан Хондамир Алибеков ва Мубошир Маликов дубл қайд этган бўлса, Феруз Баҳодиров ва Зуфар Абдубаннобов ўз ҳисобларига биттадан гол ёздириб қўйишди. Меҳмонлар бунга жавобан учта гол уришга муваффақ бўлишди.
3:1 (2004)
Шу кунга белгиланган ўйинларни якунлаб берувчи ушбу баҳс ҳам мезбонлар фойдасига ҳал бўлди. Акмал Ҳайдаров, Мирмуҳсин Муҳсинов ва Азимжон Ҳусановнинг голлари “Бунёдкор-Б”га рақиб устидан ишончли ғалаба келтирди. Ўйин асосан БЎСМ-2 жарима майдонида кечди ва учрашув 3:1 ҳисобида якунланди.
Санжар Исматов