"Барселона" бош мураббийи Херардо Мартино жамоаси ушбу мавсумда "Атлетико"ни илк марта мағлуб этишига ишончи комил эканини таъкидлаб ўтди. Ушбу жамоалар ўртасида Каталонияда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди.
"Биз вазифани асосий вақтда ҳал қилишга ва қўшимча вақтга иш қолдирмаймиз, деб умид қиламан. Ўртага катта мукофот қўйилган - бу Чемпионлар лигасининг ярим финал йўлланмаси. "Атлетико" бизга ўйинни тўлиқ назорат қилиш имконини берадиган жамоа эмас. Шунга қарамай, биз тўпни назорат қилишга ҳаракат қиламиз. Боиси, биз айнан шундай ўйнашни яхши кўрамиз. Биз ўйинга тайёргарлик жараёнида рақибнинг барча футболчилари майдонга тушиши мумкинлигини инобатга олишимиз керак.
Эртага қийин ўйин бўлади. Агар назоратни ўз қўлимизга олсак, биринчи бўлиб гол урсак, натижа бошқача бўлади. "Реал"ни мағлуб этган "Барселона" билан, ўтган ҳафта "Атлетико" билан жанг қилган "Барселона" ўртасида катта фарқ йўқ. Ягона фарқ шундаки, битта ўйинда ғалаба қозонган бўлса, иккинчисида дуранг билан кифояландик", - дейди Херардо Мартино.