Кириш Регистрация
11/01 00:45 Лацио - Комо
11/01 01:00 Райо Вальекано - Сельта
11/01 18:00 Алавес - Жирона
11/01 19:00 Эмполи - Лечче
11/01 19:00 Удинезе - Аталанта
11/01 20:15 Вальядолид - Бетис
11/01 22:00 Торино - Ювентус
11/01 22:30 Эспаньол - Леганес

4-тур сарҳисоби: Энг кўп мухлис Самарқандда, энг чиройли гол Бухорода

Баҳо:
+ | -

Мазкур турда мухлисларнинг қизиқиши янада ортди. Борган сари ишқибозларнинг стадионга ташрифи кўпаймоқда. 4-турда энг кўп томошабин йиғилган ўйин “Динамо” – “Бунёдкор” учрашуви бўлди, дея ёзади «Эрудит Спорт» нашри.

Самарқанддаги ўйингоҳга 13154 нафар мухлис ташриф буюрди. 5 мингга яқин томошабин ўйингоҳ ташқарисида қолганлиги маълум бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, ниҳоят “Бунёдкор” иштирокидаги ўйинга ҳам мухлисларнинг сони анча ортиб кетди. Бунгача чемпион ва Кубок соҳиби бўлган жамоанинг ўйинларини кўриш учун стадионга ҳатто 2000 мухлис ҳам келмаётганди. Аммо “Динамо” стадионига йиғилган ишқибозлар ҳозирча “Бунёдкор” учун энг кўп ташриф буюрган мухлислар сифатида қайд этилмоқда. Шунингдек, энг кам мухлис келган учрашув Тошкентда кузатилди. Турнинг сўнгги ўйини «Локомотив» - «Сўғдиёна» учрашувини томоша қилиш учун 2010 нафар мухлис келган. Муборакда эса “Машъал” “Пахтакор”ни қабул қилди ва Б.Вафоев номли стадионга 4612 мухлис келди. Аслида эса ушбу кўрсаткич “Машъал” учун энг яхшиси бўлди. Негаки, Муборакдаги ўйинга ҳозирча бунча ишқибоз келмаганди. Бу ҳам қизиқарли фактлардан бири бўлиб қолмоқда. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, 4-турда жами стадионларга 45477 мухлис келган.

3-2-2

Fалаба, дуранг ва мағлубият футболнинг асосий устунларидан биридир. Одатдагидек, бу турда уч ҳолатга ҳам гувоҳ бўлдик. Ўз майдонида тўп сурган жамоалар ҳар доим ғалаба қозонаверишмайди. Мазкур турда бўлиб ўтган беллашувларнинг учтасида майдон эгаларининг қўли баланд келди. Яъни, “Навбаҳор” “Насаф”ни, “Бухоро” Металлург”ни, “Локомотив” эса “Сўғдиёна”ни енгди. Иккита учрашувда эса ғолиб номи аниқланмай қолди. Булар “Нефтчи” – “Қизилқум” (0:0) ҳамда “Олмалиқ” – “Андижон” (0:0) учрашувларидир. Икки етакчи жамоалар – “Пахтакор” билан “Бунёдкор” сафарда уч очкони қўлга киритган клубларга айландилар. “Пахтакорчилар” Муборакда “Машъал” (0:1), “бунёдкорчилар” эса Самарқандда “Динамо” (0:2) устидан зафар қозондилар.

ГОЛЛАР СОНИ КАМАЙМОҚДА

Футбол голлар билан янада жозибалидир. Аммо 4-турда дарвозалар унчалик кўп ишғол этилгани йўқ. Ҳисоблаб чиқилса, 11 марта тўп киритилди. Шулардан 6 таси мезбонлар, 5 таси эса меҳмонлар ҳисобига ёзилди. Иккита учрашувда эса ҳисоб очилгани йўқ. Энг кўп тўп киритилган ўйин “Локомотив” – “Сўғдиёна” учрашувида кузатилди. Унда тошкентликлар 3:1 ҳисобида ғалабага эришишди. Жамоалар асосан натижа учун ўйнашаётгани сабабли голлар сони камайишига олиб келяпти. Чунки кимдир гол урса, албатта ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Мухлисларга эса биринчи навбатда чиройли ўйин билан голлар керак. Дарвоқе, ушбу турда ўз дарвозасига гол уриб, рақибга ёрдам берган футболчилар ҳам бўлди. Жумладан, “Бухоро” – “Металлург” қарама-қаршилигида мезбонлар ҳимоячиси Ойбек Нурбоев кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Аммо бу гол “Бухоро”нинг ғалабасига тўсқинлик қилмади. Энг қизиғи, учрашув охирида “Металлург” ўйинчиси Алишер Зиёвуддинов пенальтидан гол ура олмади. Шунингдек, “Динамо” – “Бунёдкор” учрашувида меҳмонларнинг муваффақиятига самарқандликлар ҳимоячиси Акмал Холмуродов ўз “ҳиссасини” қўшди.

ОГОҲЛАНТИРИШ ВА ЧЕТЛАТИШЛАР

Доимгидек бу турда ҳам ҳакамлар чўнтагидан кўплаб сариқ карточкаларни чиқаришди. Унинг орасида қизил карточка ҳам бор. Энг қўпол ўйин сифатида “Нефтчи” – “Қизилқум” учрашуви эътироф этилди. Учрашувни бошқарган Владислав Цейтлин 9 марта ўйинчиларни сариқ карточка билан жазолади. Шулардан тўрттаси “Нефтчи”, бештаси эса “Қизилқум” ўйинчиларига кўрсатилди. 9 та сариқ карточка кўрсатилган ўйинда “қизил” ҳам бўлиши табиий. Меҳмонлар вакили Миржалол Қурбонов 82-дақиқада иккинчи сариқ карточка туфайли майдонни тарк этди. Энг кам огоҳлантириш кўрсатилган баҳс “Машъал” – “Пахтакор” учрашуви бўлди. Иккала жамоадан биттадан футболчи сариқ карточкага лойиқ кўрилди.

ЭНГ ЧИРОЙЛИ ГОЛ

Айнан ушбу турда бир қатор чиройли голлар гувоҳи бўлдик. Хусусан, Бухоро, Косонсой ва мубораклик мухлислар ҳафта голлари гувоҳига айланишди. Бу борада Вобкентда ўтган «Бухоро» - «Металлург» учрашувининг Фирдавс Асадов томонидан киритилган иккинчи голи ажойиб тарзда чиқди. Бу вазиятда Фирдавс дарвозабоннинг ўз дарвозасини тарк этганлигини пайқаб, чамаси 35 метрлардан кучли зарба билан дарвоза «тўққизлиги»ни нишонга олди. Косонсойдаги ўйинда ҳам «Навбаҳор»га муҳим ғалабани келтирган голни Алишер Маҳмудов чамаси 25 метрлардан фантастик зарбаси билан дарвозага киритди. Шунингдек, Жамшид Искандаровнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган ажойиб зарбаси дарвоза устунига тегиб, дарвозадан ўрин олди. Бу голлар ҳеч шубҳасиз мавсумнинг энг чиройли голлари сафидан ўрин ола билади.

 

ТУР РАМЗИЙ ЖАМОАСИ

 

Газетанинг анъанавий тур рамзий жамоасидан табиийки, бу сафар «Динамо» футболчилари жой олмаган, аксинча Самарқандда икки голга ҳаммуалифлик қилган «бунёдкорчи» Сардор Рашидов ва гол муаллифига айланган Олег Зотеевлар ўрин олган. 4-тур таркиби қуйдаги футболчилардан ташкил топган:

Дарвозабон: Темур Ғаниев «Андижон»
Ҳимоячилар:
Жаҳонгир Жиямуродов «Нефтчи», Шукурали Пўлатов «Навбаҳор», Асқар Муҳитдинов «Қизилқум», Алексей Касьян «Андижон».
Яримҳимоячилар: Алишер Маҳмудов «Навбаҳор», Олег Зотеев «Бунёдкор», Жамшид Искандаров «Пахтакор», Сардор Рашидов «Бунёдкор».
Ҳужумчилар: Фирдавс Асадов «Бухоро», Иван Нагаев «Локомотив».
Бош мураббий: Бахтиёр Ашурматов «Навбаҳор».

Манба: www.fcdinamo.uz
Киритилди: 17:53, 09.04.2014.
Ўқилди: 4849 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.