12 апрель куни олий лигада бешинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Турнинг марказий учрашувларидан бири жамоамиз иштирокида ўтади. "Пахтакор" шанба куни "Олмалиқ"ни қабул қилади. Мавсумни янги стадионда бошлаган олмалиқликлар ўтган 4 беллашувда 8 очко тўплашди ва пешқадамлар қаторида боришмоқда. Игорь Шквирин шогирдлари ҳужумкор футбол намойиш этиб, янада юқори савияга чиққанликларини исботлаб улгуришди. Ушбу жамоага қарши баҳс жуда кескин ва қизиқарли ўтиши, шубҳасиз.
"Пахтакор" душанба кунидан бошлаб менежер Самвел Бабаян қўл остида мазкур беллашувга жиддий тайёргарлик олиб бормоқда. Олий лигада очко йўқотмаган ягона клуб бўлиб турган "шерлар" буни ўз майдонида давом эттириш учун ҳаракат қилишади.
Жамоалар олий лигада 12 бор майдонга тушганлар. "Пахтакор" 8, "Олмалиқ" 3 ғалабага эришган, 1 баҳс дуранг билан тугаган. Тўп киритиш борасида устунлик жамоамиз тарафида - 18:7. Ўтган йилги ҳар икки баҳс рақиб жамоанинг 1:0 ва 2:1 ҳисобидаги ютуқлари билан якунланганди.
Ёшлар таркиблари 11 апрель, жума куни соат 16:00да Қибрайдаги стадионда ўйинларини бошлашади. Асосий жамоалар баҳсига эса 12 апрель, шанба куни "Пахтакор" Марказий стадионида соат 17:30да старт берилади. Учрашувдан аввал стадионга ташриф буюрган ишқибозлар ўзбек санъат юлдузларининг чиқишларидан баҳраманд бўлишади. Шунингдек, мухлисларда турли эсдалик совғаларни ютиб олиш имконияти бўлади. Чипталарни харид қилиш билан "Омадли мухлис" совринли ўйини иштирокчисига айланасиз. Эсдалик совғалари сифатида "Пахтакор" тарихи ҳақидаги китоблар, клуб рамзи туширилган шарф ва бошқа атрибуткалар, DVD плеер, 2 дона LED телевизорлари ва 2та I Phone 5 уяли телефони қўйилган. Ўйин давомида стадионда турли салқин ичимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этилиб, мухлислар учун барча қулайликлар яратилади. Чипталарни "Пахтакор" Марказий стадиони кассаларидан харид қиласиз. Чипта нархлари 2000 сўм қилиб белгиланган.
"ПАХТАКОР" - "ОЛМАЛИҚ"
Ҳакамлар: Ильгиз Танташев (Бухоро), Абдураҳмон Қўлдошев (Бухоро), Бобур Қодиров (Бухоро), Олим Тўйчибоев (Тошкент).
Назоратчи: Вячеслав Валицкий (Тошкент).