Бугун ёшлар лигасининг 5-турига старт берилди. Қарши шаҳридаги «Геолог» стадионида «Насаф» жамоаси ўринбосарлари фарғоналик тенқурларини қабул қилди. Афсуски, Баҳодир Аннаматов мураббийлик қилаётган ёш «аждарлар» бу сафар ўз майонларида имкониятни бой берди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида дарвозаларга тўп киритилмади. Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида ғалабага иштиёқи катта бўлган фарғоналик ёшлар ўз мақсадларига етишди. Учрашувнинг 72-дақиқасида Иззатбек Ғаниев Ўткир Юсупов қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олди ва у ушбу голи билан жамоасининг ғалабасини таъминлаб берди.
Шундай қилиб, Баҳодир Аннаматов бошчилигидаги «Насаф» ўринбосарлари кетма-кет иккинчи марта мағлубиятга учради.
Стадионга яхши ўйин ва ижобий натижа илинжида ташриф буюрган мухлислар ҳам ўйиндан ва натижадан норози бўлиб тарк этишди.
Афсуски, жамоада ишлар кўнгилдагидек эмасга ўхшайди. Бу кетишда ёш «насаф»чиларни қандай қилиб олдинга яъни ғалабалик ўйинларга етаклаш мумкин.Кейинги пайтда шу нарса маълум бўлмоқдаки, ўйинга тайёрлаш ва рақиб жамоага нисбатан тактика танлаш борасида ва буни амалга оширишда ўз шогирдларига керакли кўрсатмаларни беришда яққол мураббий ҳам «оқсаяпти». Балки ўйинчилар Баҳодир Аннаматов кўрсатмаларини бажармай қўйишгандир?
Сайтимиз орқали мавсум бошида жамоа мураббийи Баҳодир Аннаматовнинг айрим камчиликлари ҳақида ўз фикримизни билдирган эдик ва клуб раҳбарияти томонидан бу тўғрида керакли хулоса қилишини ҳам кутган эдик. Зеро, «Насаф» клуби ўз олдига ёш футболчиларга катта эътибор қилишини ва келгусида ана шу ёшлардан яхши ўйинчилар тарбиялаб асосий такркибга қўшиб олиш каби улкан мақсадлар қўйганидан хабардормиз.
Балки энди Баҳодир Аннаматовнинг ўзи хулоса чиқарар ва ўрнини тажрибалироқ мураббийга бўшатиб берар. Кутамиз. Аммо қачонгача?..