Швейцариялик Рожер Федерер Монте-Карлодаги мусобақанинг финалида ҳамюрти Станислав Вавринка билан ўйнайдиган бўлди. У ярим финалда сербиялик Новак Жоковични мағлубиятга учратди.
"Албатта, Новакда айрим муаммолар борлигини кўрдик, - дейди Федерер АТР расмий сайтига берган интервьюсида. - Бугун мен яхши ҳимояландим ва ҳужумкорликни ҳам сақлаб қолдим. Финалга чиқиш, айниқса, грунтли турнирда, мен учун сюрприз бўлди. Лекин мен имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қиламан".
Финалда Федерерни Вавринка кутмоқда. Станислав ярим финалда испаниялик Давид Феррерни мағлубиятга учратди.
"У билан финалда учрашишимиз — бу ажойиб. Станислав сўнгги ойларда кўрсатаётган ўйини ва у билан машғулотларда кўп ўйинлар ўтказганимизни инобатга олганда, финал алоҳида аҳамиятга эга бўлади".