Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллари кураши бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида яна бир эркин курашчимиз Ихтиёр Наврўзов (-70 кг) ҳам бронза медали совриндори бўлди.
Учинчи ўрин учун кечган беллашувда тажрибали полвонимиз хитойлик Хайвей Лингни енгишга муваффақ бўлди.
Шу тариқа мазкур қитъа чемпионатида эркин курашчиларимиз жами учта бронза медалига сазовор бўлдилар. Ихтиёрга қадар Фурқат Фармонов (-65 кг) ва Рашид Қурбонов (-86 кг) бронза медалини қўлга киритишган эди.
Бугун юнон-рум курашчиларимиз баҳсларга киришадилар. Мазкур мусобақада Ватанимиз шарафини Элмурат Тасмурадов (-59 кг), Бобирбек Зайлобиддинов (-66 кг), Дилшод Турдиев (-71 кг), Бесики Солдадзе (-75 кг), Жаҳонгир Мўминов (-80 кг), Рустам Ассакалов (-85 кг), Жаҳонгир Турдиев (-98 кг) ва Аброр Мамасолиев (-130 кг) ҳимоя қиладилар.