Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтаётганидан хабарингиз бор.
Ўтган йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори, қитъа чемпиони Элмурат Тасмурадов юнон-рим кураши бўйича Осиё чемпионатлигини муносиб ҳимоя қилди. Тасмурадов 59 кг вазн тоифасида қозоғистонлик Баглан Заганша, Жанубий кореялик Гьючин Чои, ярим финалда қирғизистонлик Қанибек Жўлчубеков ва финалда япониялик Шинобу Ота каби курашчиларни енгишга эришди.
Яна бир ўзбекистонлик курашчи Рустам Ассакалов 85 кг вазн тоифасидаги мусобақалар финалида қозоғистонлик Нурсултон Турсуновга бой бериб, амалдаги Осиё чемпиони унвонини ҳимоя қила олмади Натижада Ассакалов иккинчи ўрин билан кифояланди.
Аёллар ўртасидаги эркин кураш бўйича қитьа чемпионатида ўзбекистонлик Асем Сейдаметова (53 кг), Севара Эшмуратова (55 кг) ва Гулмира Исматова (75 кг) лар бронза медаллари учун курашда ўз рақибларига ютқазиб қўйишди ва 5-ўриндан жой эгаллашди. Умумжамоа ҳисобида аёллар терма жамоаси 33 балл билан қитьада 7-ўриндан жой олди.
Ҳозирча терма жамоамиз аъзоларидан юнон-рум курашчиларимиз Элмурот Тасмурадовда олтин, Рустамда Ассакалов кумуш, эркин курашчиларимиздан - Фурқат Фармонов, Ихтиёр Наврўзов ва Рашид Қурбонов эса жами бронза медалига сазовор бўлишди.
Бугун юнон-рум курашчиларимиз Бобирбек Зайлобидинов (66 кг), Бесики Салдадзе (75 кг), Жаҳонгир Мўминов (80 кг), Жаҳонгир Турдиев (98 кг) ва Аброр Мамасолиев 130 кг вазн тоифасида баҳсларга киришади.