Мавсумнинг сўнгги қисми "Атлетико" учун мураккаб тақвимни тақдим этган бўлса-да, Диего Симеоне шогирдлари барча рақибларни бирин-кетин мағлуб этиб, чемпионлик сари яқинлашиб бормоқда.
"Реал" ва "Барселона" мухлислари бугун "Валенсия"дан қаҳрамонлик кутишди, аммо бу қаҳрамонлик рўй бермади. Балки, илк дақиқадаёқ валенсияликлар томонидан уюштирилган ҳужум гол билан якунланганида ўйин бошқача кечиши ҳам мумкин эди. Пако Алькасер жарима майдончаси доираси ичида шеригида пас қабул қилиб олиб, йўллаган зарбасига бироқ аниқлик етишмади.
"Атлетико" ўйин бошида ўзига ўхшамади. Фақатгина 30-дақиқалардан кейин улар ташаббусни қўлга кирита бошлашди. Ҳисоб эса 43-дақиқада очилди. Габи тўпни юмшоқ тарзда 11 метрли нуқта атрофига узатди. Рауль Гарсия икки ҳимоячи қуршовида турганди. Шунингдек, "Валенсия" дарвозабони ушбу зонага яқинлашиб келди. Аммо Гарсия дарвозага тескари ҳолатга турганига қарамай, барчадан баланд сакради ва тўпни дарвоза томон бурди. Тўп устунга урилиб, тўрга бориб тушди.
Иккинчи бўлимда "Валенсия" вазиятни ўнглашга ҳаракат қилди. Аммо ҳисобни ошириш учун "Атлетико" қулайроқ имкониятларга эга бўлди. Диего Коста икки марта дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди, аммо ҳар иккала сафар Висенте Гуаита ушбу дуэлда ғолиб чиқди. Пицци шогирдларига эса дарвозани ишғол қилишда бироз аниқлик етишмади.
Симеоненинг асабийлашишга мажбур қилган ўйинда "Атлетико" минимал ҳисобда бўлса ҳам ғалабани қўлга киритди. Мадридликлар яна 2та ўйинда ғалабани қўлга киритишса, муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритишади. Сўнгги турда "Барселона"га қарши кечадиган ўйин ҳеч нарсани ҳал қилмайди.
Испания чемпионати, 35-тур
Валенсия – Атлетико 0:1 (0:1)
Гол: 0:1 – 43 Р. Гарсия.
"Валенсия": Гуаита, Барраган (Фегули, 62), Гайя, Матье, Р. Кошта, Парехо (Варгас, 53), Фуэго, Пьятти, Жоау Перейра, Пако Алькасер, Жонас (Картабия, 81).
"Атлетико": Куртуа, Хуанфран, Миранда, Годин, Филипе Луис, Коке, Тиагу, Р. Гарсия (Соса, 68; Алдервейрелд, 90), Габи, Коста, Вилья (Туран, 59).
Огоҳлантиришлар: Жонас (37), Годин (70), Фуэго (86), Варгас (90).
Четлатиш: Хуанфран (90).