Бугун Жанубий Кореянинг «Sportal Korea» нашри Ўзбекистон терма жамоаси сардори Сервер Жепаровнинг Корея Футбол Ассоцияцияси Кубоги доирасида «Тегу» билан ўйиндаги ҳаракатларига баҳо берди. Нашр қуйидагича ёзади:
«Қимматбаҳо ўзбек футболчиси Сервер Жепаров қайтмоқда! Ўтган мавсумда сеонгнамликларнинг ҳал қилувчи етакчиси бўлган футболчи ушбу мавсумдан собиқ мураббий Парк Жонг Хван томонидан «нафратга учраган ўрдак» ҳолига келтирилган эди. 2013 йилги мавсумда у «Сеонгнам»нинг 31 ўйинида майдонга тушиб, 6та гол ва 2та голга ҳаммуаллифлик натижасини қайд этди. Бу мавсумда эса Парк Жонг Хван уни бир мартагина тўлиқ ўйнашига имкон берган бўлса, 26 март куни «Сувон» билан ўйинда захирадан майдонга туширди. Айнан «Сувон» билан ўйиндан кейин Парк Жонг Хван ундан ранжиганлигини билдирди: «Ўйинини кўрдингларми? У футболчи эмас», деди. Аммо ўша ўйинда Жепаровнинг 2та ажойиб тўп оширишни амалга оширганлигини қайд этиб футбол мутахассислари: «Бу фақат Жепаровгагина хос ўйин», деб ижобий баҳолаган эди.
Шундан сўнг Парк Жонг Хван Жепаровни захира ўриндиғига “қўриқчи” қилиб қўйди ва у фақат машғулотлардагина қатнашувчи «яримта футболчи»га айланиб қолди. Кубок ўйинида Жепаров ғалаба тўпига ҳаммуаллифлик қилди. Майдонда 72 дақиқа ҳаракат қилган ўзбекистонлик майдонни футбол мухлислари қарсаклари остида тарк этди.
Ўйиндан кейин Сеонгнам бош мураббийи вазифасини бажарувчи Ли Санг Юн: “Жепаровни асосий таркибга киритдим. Унинг қобилиятидан тўлиқ фойдаланиш устида бош қотиряпман», деди. Корея футбол ассоцияцияси маълумотларига кўра, 1 миллион долларлик йигит Сервер Жепаровдан умид катта. Ҳозирча “Сеонгнам”нинг чемпионатдаги ахволи яхши эмас. Жамоа кам гол уряпти. Ҳозирча бош мураббий вазифасини бажарувчи Ли Санг Юн жамоани инқироз ҳолатидан қандай олиб чиқиб кетишини эса вақт кўрсатади».
Отабeк Йўлдошeв
Жанубий Корeя, Сeул