Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Ушбу ҳафтанинг 5та интригаси

Баҳо:
+1 | -

Европанинг кучли чемпионатларида мазкур дам олиш кунлари бир қанча эътиборга молик воқеалар кутилмоқда. Уларга превью шаклида тўхталиб ўтамиз.

АНГЛИЯ ЧЕМПИОНЛИК ТОЖИ
Эртага Англия Премьер-лигасида сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади ва чемпион номи маълум бўлади. "Ливерпуль"нинг кетма-кет 2та ўйинда "қоқилиши"дан кейин "Манчестер Сити" чемпионликни қўлга киритиши кутилмоқда. "Шаҳарликлар" "Ливерпуль"ни 2 очкога ортда қолдиришмоқда ва улар ўз майдонида "Вест Хэм" билан дуранг ўйнашса кифоя. Буни эса манчестерликлар бемалол уддалашса керак. Эслатиб ўтамиз, очколар тенг бўлган ҳолатда тўплар нисбатига қаралади. "Ман.Сити"нинг тўплар фарқи +63 бўлса, "қизиллар"ники +50. "Ливерпуль" битта ўйинда 13та гол ура олмаса керак ҳар ҳолда. Лекин жамоа мавсумни ўз мухлислари кўз ўнгида чиройли якунлашлари учун "Ньюкасл"ни мағлуб этишлари шарт.

Рақамлар

"Манчестер Сити" - "Вест Хэм" (11 май, 19:00)
 – «Манчестер Сити» ушбу ўйинда ғалаба қозонса, ўзининг тўртинчи чемпионлигини кафолатлайди. Юқорида айтганимиздек, "Сити"га дуранг ҳам етарли бўлиши мумкин.
– «Манчестер Сити» ва «Вест Хэм» чемпионат доирасида ўзаро 89 марта тўқнаш келишган. «Манчестер Сити» 42та ўйинда ғалаба қозонган бўлса, «Вест Хэм» ҳисобида 33та ғалаба бор. 14 ўйинда дуранг қайд этилган.
– Бу жамоалар АПЛнинг сўнгги тури доирасида бир марта баҳс олиб боришган. 2010 йил 9 май куни «Аптон Парк»да бўлиб ўтган ўйин дуранг (1:1) билан интиҳо топган.
– «Сити» – «Вест Хэм» тўқнашувларининг сўнгги 16тасида лондонликлар фақат 1 марта ғалаба (1:0) қозонишган. Бу ҳодиса 2003 йилнинг 27 апрель куни содир бўлган. Ўшанда ягона гол муаллифи Фредерик Кануте бўлганди.
– Ўйин куни «Манчестер Сити» ушбу мавсум давомида 14-кун мусобақа жадвалини бошқариб борган бўлади. Шунингдек, «Арсенал» (128 кун), «Челси» (64), «Ливерпуль» (59) ва «Манчестер Юнайтед» (2) карвонбошилик қилишган.

– Англия чемпионати Премьер-лига номини олганидан бери  «Манчестер Сити»нинг бирданига 3 нафар футболчиси илк марта 15тадан ортиқ гол урди. Улар: Яя Туре – 20, Серхио Агуэро – 17, Эдин Жеко – 16.

«Ливерпуль» – «Ньюкасл» (11 май, 19:00)
– Бу ўйин жамоаларнинг «Ливерпуль» майдонидаги ўзаро 75-ўйини бўлади. Мерсисайдликлар ҳисобида 48та ғалаба, 15 та дуранг ва 11 мағлубият бор.
– «Ливерпуль» сўнгги 18та ўйиндан бери ўз уйида «Ньюкасл»га ютқазмаяпти (15 ғалаба, 3 дуранг). Улар сўнгги марта 1994 йилнинг 16 апрель куни ўз майдонларида "Ньюкасл"га ютқазишган (0:2).
– «Ливерпуль» ушбу мавсумда чемпионатнинг 25та баҳсида ғалаба қозонди. Жамоа 1987/88 йилги мавсумда 26та ғалабани қўлга киритганди.
– «Ливерпуль» ушбу мавсумда 99 та гол урди. Англия чемпионатида 99та ва ундан кўп гол урган жамоа чемпионликни қўлга кирита олмаган ҳодиса 1962/63 йилги мавсумда содир бўлганди («Тоттенхэм», 111 гол).
– «Ньюкасл» бош мураббийи Алан Пардью ҳали бирор марта «Энфилд»да ғалаба қозонмаган (2 дуранг, 4 мағлубият).

ИСПАНЧА КУРАШ
Чемпионат тугашига 1та тур қолганида "Атлетико" чемпионликни қўлга киритиши мумкин, агар "Барселона" ушбу турда ғалаба қозона олмаса. Лекин каталонияликлар чемпионлик учун жиддий бел боғлашган. Боз устига, "кўк-анорранглилар" 37-турда камтаргина "Эльче" билан баҳс олиб боришади. Лекин барча нарса юз бериши мумкин. Сўнгги ҳафтада мазкур учлик барчаси бирин-кетиш очко йўқотишди. "Реал" эса 2та ўйинда дуранг ўйнагани учун "Барселона"нинг чемпионлик учун имконияти ошиб кетди. Энди каталонияликлар "Эльче" ва "Атлетико" устидан ғалаба қозонишса бўлгани.

РАҚАМЛАР
«Атлетико» – «Малага» (11 май, 22:00)
– Ушбу турда «Атлетико» ғалаба қозониб, «Барселона» очко йўқотса, мадридликлар ўз  тарихларида 10-чемпионликни нишонлашади. Шунингдек, Симеоне шогирдлари дуранг ўйнаб, «Барселона» мағлуб бўлса ва «Реал» очко йўқотса ҳам чемпионлик муддатидан аввал "Атлетико"га насиб этади.
– Чемпионатда 28 та ғалабани қўлга киритган «Атлетико» клуб тарихидаги рекордни қайд этди. Мадридликларнинг бунгача энг кўп ғалабаси 26та ўйиндан иборат бўлганди (1995/96 йилги мавсумда).
– «Атлетико» 1995/96 йилги мавсумдан бери илк марта чемпионликни қўлга киритиши мумкин. Ўшанда жамоа сафида ҳозирги бош мураббий Диего Симеоне тўп сурганди. У "Альбасете"га қарши бўлиб ўтган сўнгги тур ўйинида гол уришга муваффақ бўлганди.
– «Атлетико» дарвозабони Тибо Куртуа чемпионатнинг 20та ўйинида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бу мавсумдаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. «Реал» дарвозабони Диего Лопесга иккинчи натижа (16 ўйин) тегишли.
– «Атлетико» футболчилари орасида Кристиан Родригес ҳисобида 4та чемпионлик бор. У «Пеньярол» (1 марта) ва «Порту» (3) билан чемпионликни қўлга киритган. Шунингдек, Тиагу, Алдервейрелд ва Миранда ўз фаолияти давомида 3 мартадан чемпионлик нашидасини суришган.

«Сельта» – «Реал» (11 май, 22:00)
– «Реал» «Сельта»га ютқазса ёки «Атлетико» «Малага»ни мағлуб этса, Анчелотти шогирдлари чемпионликдан маҳрум бўлишади.
– Жамоалар Испания чемпионати доирасида 95та ўйинда тўқнаш келишган. «Реал» ҳисобида 52та ғалаба бор. 15та ўйин дуранг билан якунланган, 28та ўйин эса "Сельта" ғалабаси билан тугаган.
– «Реал» Вигода бўлиб ўтган сўнгги 6та ўйинда ғалаба нашидасини сурган. «Сельта» сўнгги марта 2001 йилнинг май ойида «қаймоқранглилар»ни мағлуб этганди (3:0).
– Европанинг "кучли бешлик" чемпионатлари деб номланган  чемпионатларида (Испания, Англия, Германия, Италия, Франция)«Реал» кетма-кет 5та мавсумда 100тадан кўп гол ураётган биринчи жамоага айланди. Бунгача «Вулверхэмптон» кетма-кет 4 мавсум давомида (1957/58 - 1960/61) бундай натижани қайд этганди.
– «Реал» сўнгги 2та ўйинда дуранг ўйнади. Улар сўнгги марта 2009 йилнинг май ойида кетма-кет 3та ўйинда ғалаба қозонишмаганди.

«Эльче» – «Барселона» (11 май, 22:00)
– «Барселона» қолган 2та ўйинда ғалаба қозонса, чемпионликни қўлга киритади. Сўнгги турда каталонияликлар «Атлетико»ни "Камп Ноу"да қабул қилишади.
– «Барселона» чемпионат доирасида «Эльче»га қарши 40-маротаба майдонга тушади. "Кўк-анорранглилар" ушбу рақиб билан 20 та ғалаба, 8та дуранг ва 11та мағлубият қайд этишган.
– «Барселона» ушбу мавсумда Сегундадан чиққан жамоаларга қарши бўлиб ўтган барча 5та ўйинда ғалаба қозонди.
– «Эльче» 12та ўйиндан бери (1974 йилнинг декабрь ойидан бери) «Барселона»ни мағлуб эта олмайди. Ўшанда бу жамоа ўз майдонида каталонияликларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишганди.
– «Эльче» 2014 йил давомида ҳали ўз майдонида мағлубиятга учрамади (4 ғалаба, 5 дуранг).
– «Барселона» ушбу мавсумда 12та пенальти тепди. 2011/2012 йилги мавсумда ҳакамлар "Реал" рақиблари дарвозасига 13 марта пенальти белгилашган.

ЗАНЕТТИНИНГ ХАЙРЛАШУВИ
Бугун "Интер" сардори Хавьер Занетти "Сан-Сиро"даги ўзининг энг сўнгги учрашувини ўтказиши мумкин. 40 ёшли аргентиналик футболчи ўз фаолиятини якунлашга қарор қилди. Аслида Занетти 2013 йилдаёқ бутсасини михга илиши мумкин эди. "Палермо" билан ўйинда жиддий жароҳат олган футболчи майдонни бу тарзда тарк этишни истамади ва жароҳатидан фориғ бўлиб, фаолиятини давом эттирди.

"Ҳозир футболчилик фаолиятимни якунлаш учун муносиб вақт. Мен ўз фаолиятимни "Интер"да якунлашни орзу қилгандим ва ўз орзуимга эришяпман", - дейди аргентиналик футболчи.

Занетти миланликлар сафида 856та ўйинда майдонга тушиб (жамоа рекорди), 21та гол урган. У "Интер" билан 16та совринни қўлга киритди. Унинг ҳисобида 5 карра Италия чемпионлиги, 1 мартадан Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиблиги бор.

"Интер" бугун "Лацио" билан ўйнайди. Миланликлар Европа лигаси йўлланмаси учун кураш олиб боришяпти ва бу ўйинда очко йўқотишга ҳақли эмаслар.

ТЎРТИНЧИ ЙЎЛЛАНМАСИ ЭГАСИ КИМ?
Германияда ЕЧЛга бериладиган сўнгги тўртинчи йўлланма эгаси номи маълум бўлади. Ушбу йўлланмага "Байер" (58 очко) ва "Вольфсбург" (57 очко) даъвогарлик қилишмоқда. Шунингдек, Мюнхенгладбахнинг "Боруссия"си (55) ҳам назарий имкониятларга эга.

Ливеркузенликлар биринчи даврани жуда кучли ўтказишди. Ҳаттоки улар Дортмунднинг "Боруссия"сини ҳам ортда қолдиришаётган эдилар. Аммо "Байер" иккинчи даврани жуда муваффақиятсиз ўтказди. Натижада Сами Хююпя истеъфога чиқарилди. "Вольфсбург" эса мавсумнинг якуний қисмини кучли ўтказмоқда.

"Байер" 4-ўринни ўзида сақлаб қолиши учун ўз уйида "Вердер"ни мағлуб этиши керак. "Вольфсбург" эса ўз майдонида Мюнхенгладбах шаҳри жамоаси билан баҳс олиб боради.

"ДИНОЗАВР"НИНГ ЎЛИМИ
Хабарингиз бор бўлса керак, "Гамбург" Бундеслигани ҳеч қачон тарк этмаган ягона жамоа ҳисобланади. Ушбу жамоа ўз тарихида илк марта Бундеслига билан хайрлашиши мумкин.

Ҳозирча "Гамбург" 16-ўринни эгаллаб туришибди (Бундеслигида 18та жамоа қатнашади). Улар бу ўриндан кўтарила олишмайди. Аммо 17-ўринни банд этган "Нюрнберг" гамбургликлардан 1 очко, Брауншвейгнинг "Айнтрахт"и эса 2 очко ортда қолишмоқда. "Динозаврлар" Европа лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бораётган "Майнц" майдонида ютқазиб қўйишса, улар қуйи лигага равона бўлишлари мумкин.

"Гамбург" 16-ўринни сақлаб қолган тақдирда ҳам иккинчи Бундеслигида 3-ўринни эгаллаган жамоа билан ўтиш баҳсида иштирок этади.

Манба: www.sport-express.ru, www.eurosport.ru
Киритилди: 09:01, 10.05.2014.
Ўқилди: 6982 марта.
Фикрлар: 14 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.