Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё чемпионатидан бронза медали билан қайтадиган бўлди. 3-ўрин учун баҳсда Баҳодир Аҳмедов шогирдлари Кувайтни 2:1 ҳисобида мағлуб этишди.
Ўйин давомида кичик устунликка эга бўлган терма жамоамиз ўйиннинг 11-дақиқасига келиб ҳисобни очишди. Дилшод Раҳматов шерикларидан тўпни қабул қилиб олди ва индивидуал маҳоратини ишга солиб, Кувайт дарвозасини ишғол қилди. Ушбу гол биринчи бўлимда ягоналигини сақлаб қолди.
Иккинчи 20 дақиқаликда ҳам устунлик терма жамоамиз томонида бўлди. Бўлимнинг биринчи ярмида ҳимоямизни ёриб ўтишга кўзи етмаган Кувайт бош мураббийи бешинчи ўйинчи тактикасидан фойдаланиб, таваккал қилишга ўтди. Натижада терма жамоамизда имкониятлар юзага кела бошлади. Бир вазиятда Абдумавлонов бўш дарвозани ишғол қила олмаган бўлса, Дилшод Раҳматов икки марта дарвозабон билан бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади. 35-дақиқада терма жамоамиз бурчак тўпидан сўнг дарвозани ишғол қилишди. Тўп муаллифи Фарҳод Абдумавлонов.
Орадан бир дақиқа ўтиб, Кувайт битта жавоб тўпини уришга муваффақ бўлди. Ўйиннинг сўнгги қисмини рақибимиз беш футзалчи билан ўтказди. Терма жамоамиз яхши ҳимояланишди ва ғалабани сақлаб қолишди.
Баҳодир Аҳмедов терма жамоани Осиё чемпионатига яхши тайёрлагани кўзга ташланди. Улар, Эронга қарши ўйинни инобатга олмаганда, ҳар бир рақибга қарши ишонч билан ўйнашди. Қўлга киритилган бронза медални ҳаққоний натижа деб бемалол айта оламиз.
Футзал бўйича Осиё чемпионати
3-ўрин учун баҳс
КУВАЙТ - ЎЗБЕКИСТОН - 1:2 (онлайн трансляция)
Гол: Ҳамад ал-Вадаҳий (36) — Дилшод Раҳматов (11), Фарҳод Абдумавлонов (35)
Кувайт: 3. Ҳани Мҳисен, 4. Аҳмад, 5. Ҳамад (С), 7. Абдулраҳмон ал-Тавал, 9. Абдулраҳмон ал-Мусабеҳий
Захира: 1.Абдуллоҳ, 2.Муҳаммад, 6.Абдулраҳмон, 8.Мешарий, 10.Муҳаммад ад-Дусарий, 11.Абдулазиз Ал-Басам, 12.Ҳамад ал-Авадий, 13.Жарроҳ, 14.Муҳуммад Муҳаммад
Ўзбекистон: 1. Рустам Умаров, 2. Умид Холматов, 4.Шуҳрат Тожибоев (с), 8.Фарҳод Абдумавлонов, 11.Артур Юнусов
Захира: 3. Жавлон Аноров, 5.Мақсуд Файзуллаев, 6.Даврон Абдураҳмонов, 7.Дилшод Раҳматов, 9.Андрей Шлёма, 12.Клим Тюгаев, 13.Даврон Чориев, 14.Аъзам Сайдаҳматов, 15.Жасур Содиқов