Ўзбекистон кубоги нимчорак финал илк учрашувида “Андижон” жамоасини қабул қилган футболчиларимиз чорак финал масаласини деярли ҳал этишди.
Шу куни “Марказий” стадионга ташриф буюрган мухлислар севимли жамоалари ижросида голлар шоусига гувоҳ бўлишди. Учрашувнинг 11-дақиқасидаёқ “Насаф”нинг тезкор ҳужуми гол билан якунланди. Кенжа Тўраев ўнг қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди ва чап қанот ярим ҳимоячиси Фарруҳ Сайфиевни ажойиб пас билан таъминлади. Фарруҳ эса 2-3 метр масофадан дарвозани нишонга олмаслиги мумкин эмасди – 1:0. Голдан бироз ўтиб меҳмонларда ҳисобни тенглаштириш учун яхши имконият юзага келди. Темур Султоновнинг жаримадан йўллаган кучли ва аниқ зарбасини Михаил Наумов қийинчилик билан қайтарган бўлсада, такрорий зарбани йўллашда меҳмонлар ҳужумчилари бироз хатоликка йўл қўйишди. Бўлимнинг сўнгги дақиқаларида Артур Геворкян “Андижон” посбони билан деярли бирга бир вазиятга чиқиб борди ва унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб тўрга йўл олди – 2:0.
Иккинчи бўлимда ҳам ўйин “сценарий”си ўзгармади. Мезбонлар ҳужум устига ҳужум уюштиришди, меҳмонлар эса қарши ҳужумларда ўз имкониятларини кутишди. Аммо 57-дақиқада тўп учун курашда “Андижон” ярим ҳимоячиси Иброҳим Отахонов “Насаф” сардори билан тўпсиз курашга киришиб кетди. Натижада бош ҳакам Геворкянга сариқ, Отахоновга эса қизил карточка кўрсатди. Ўйиннинг учдан бир қисимини бири киши кам бўлиб ўтказган Абдураимов шогирдлари қисқа вақт ичида ўз дарвозаларидан яна учта тўп ўтказиб юборишга мажбур бўлишди. Дастлаб Артур Геворкяннинг майдон марказидан узатиб берган тўпини Кенжа Тўраев рақиб жарима майдончаси ичида қабул қилиб олди ва бир ҳимоячини усталик билан алдаб ўтиб, кучли зарба билан дарвоза тўрини аниқ нишонга олди- 3:0. Орадан беш дақиқа ўтиб захирадан майдонга тушган Игорь Таран жорий мавсумда “Насаф” таркибида ўзининг илк голини уришга эришган бўлса, 77-дақиқада ўнг бурчакдан узатилган тўпни “Насаф” марказий ҳимоячиси Шерзод Аъзамов осонлик билан меҳмонлар дарвозасига йўллаб, ўйинда якуний ҳисобни ўрнатди – 5:0.
Ушбу жамоалар ўртасида нимчорак финалнинг жавоб учрашуви 26 май куни Андижонда ўтказилади.
Ўзбекистон кубоги. 1/8 финал. Биринчи учрашув. 10.05.2014.
“Насаф” – “Андижон” 5:0 (2:0)
Қарши шаҳри. “Марказий” стадион. 2021 томошабин.
Ҳакамлар: Олим Толибжонов, Алишер Усмонов, Тимур Гайнуллин, Наим Қосимов.
Назоратчи: Рашид Айтеков.
“Насаф”: 1. Михаил Наумов, 5. Ботир Қораев, 7. Акрамжон Баҳриддинов (19. Игорь Таран, 63) 10. Кенжа Тўраев (16. Алишер Юсупов, 81), 17. Артур Геворкян (с) (29. Улуғбек Дадабоев, 72) 20. Эркин Бойдуллаев, 23. Шерзод Аъзамов, 27. Илҳом Юнусов, 28. Шуҳрат Муҳаммадиев, 32. Ҳамза Каримов, 34. Фарруҳ Сайфиев.
Захирадагилар: 30. Ўткир Юсупов, 14. Лазиз Убайдуллаев, 33. Одилжон Ҳамробеков, 38. Дониёр Нарзуллаев.
“Андижон”: 32. Тимур Ғаниев, 3. Даврон Турсунов (19. Алишер Тўхтасинов, 46), 5. Алексей Касьян, 6. Иброҳим Отахонов, 7. Бекзод Ғозиев, 8. Баҳром Абдураҳмонов ( 17. Мирзакамол Камолов, 65), 14. Акмал Жўрабоев, 18. Шахзод Шайманов, 20. Тимур Султонов, 28. Расул Раҳмонов (4. Раҳимжон Қодиров, 77) 55. Асрор Раҳмонов.
Захирадагилар: 1. Муҳиддин Худоёров, 9. Лочин Солиев, 10. Анвар Ражабов22. Камронбек Кападзе.
Голлар: Фарруҳ Сайфиев (11), Артур Геворкян (45), Кенжа Тўраев (70), Игорь Таран (75) Шерзод Аъзамов (77).
Огоҳлантириш: А. Геворкян (57) – Б. Абдураҳимов (52), Б. Ғозиев (53).
Четлатиш: И.Отахонов (58).