Ўзбекистон терма жамоаси 27 ва 29 май кунлари Уммон билан ўртоқлик учрашувларини ўтказади. Унда бош жамоамиз сафида ўзини кўрсатишга муваффақ бўлган бир қатор футболчилар — Максим Шацких, Улуғбек Бақоев ва Виктор Карпенко мухлислар билан хайрлашиш имкониятига эга бўладилар. Терма жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов билан қилган суҳбатимиз шу ва бошқа мавзуларда бўлди.
— Миржалол ака, Максим Шацких, Улуғбек Бақоев ва Виктор Карпенколар учун хайрлашув учрашуви ташкил қилиш ғояси қачон пайдо бўлди?
— Аслида бундай ҳайрлашув ўйини ташкил қилишни анчадан буён дилимга тугиб юрган эдим. Максим Шацких ҳам, Улуғбек Бақоев ва Виктор Карпенколар ҳам ўз вақтида терма жамоа учун жуда катта ишларни амалга оширдилар. Уларнинг меҳнати ҳақида кўп гапириш шарт эмас, мухлислар шундоқ ҳам яхши биладилар. Бу футболчилар терма жамоа сафида ўйнаганда ҳар доим бор кучларини майдонга ташлаб чиққанлар. Шу сабабли терма жамоадаги фаолиятларини шунчаки якунлаб кетишларига йўл қўя олмасдик. Хайрлашув учрашуви ташкил қилишни сўраб, Мираброр Усмоновнинг олдига кирганимда, ЎФФ президенти ҳам хурсанд бўлди. Мираброр Зуфарович мени тўлиқ қўллаб-қувватлади ва хайрлашув учрашуви ўтказиш учун лозим бўлган барча шароитлар яратилишини айтди. Насиб қилса, «Пахтакор» стадионида бўладиган ўйинда мухлислар улар билан хайрлашиш имконига эга бўладилар.
— Нима учун хайрлашув тадбирини «Олмалиқ»даги янги стадионда эмас, балки «Пахтакор»да ташкил қилинмоқда? Ҳар ҳолда янги стадионга мухлислар ташриф кўпроқ бўлиши кутилмоқда...
— Тўғри, «Олмалиқ»да балки мухлис кўпроқ бўлар, аммо бир нарсани ҳам ёддан чиқармаслик лозим. «Пахтакор» узоқ йиллар давомида юртимизнинг бош ўйингоҳи бўлиб келди. Бу стадион ҳар бир футболчининг юрагига яқин. Мухлислар билан хайрлашадиган футболчилар ўз вақтида мана шу стадионда илк бора терма жамоа либосида майдонга тушган эдилар. Шундай экан, бу ўйингоҳ уларнинг қалбига яқин бўлиши турган гап. Футболчиларимизнинг терма жамоа билан хайрлашишларида нафақат мухлислар, балки стадионнинг ҳам ўрни катта. Шу сабабли уларга «Пахтакор»да сўнгги бор терма жамоа либосида майдонга тушиш имкониятини яратиб беришга қарор қилдик. Боз устига пойтахтда бўладиган ўйинга ҳам мухлислар ташрифи яхши бўлишини кутмоқдамиз. Чунки миллий терма жамоа — халқники ва уни ҳар доим ва ҳар қандай шароитда қўллаб-қувватлашлари тайин.
— Учрашув қандай ташкил қилинади? Максим Шацких, Улуғбек Бақоев ва Виктор Карпенколар асосий таркибда майдонга тушадиларми?
— Ҳа, албатта. Уларнинг ҳар бири футболчилик фаолиятини давом эттирмоқда ва Уммонга қарши кечадиган ўйинда ҳам ўз савияларини намойиш этишлари турган гап. Бу футболчиларнинг майдонга тушишлари учрашув учун белгилаб олган режамизга асло халал бермайди. Аксинча, бу футболчилар сўнгги бор ёш футболчилар билан ўз тажрибаларини ўртоқлашишлари мумкин бўлади. Бу нарса ёшлар учун ҳам етарлича фойдали бўлишига ишонаман. Тажрибали футболчилар учрашувни асосий таркибда бошлайдилар ва уларни захирага олаётганимизда мухлислар билан хайрлашиб олиш имкониятига эга бўладилар.
— Максим Шацких борасида кўп баҳслар юради. Нима сабабдан бу футболчи сўнгги вақтларда терма жамоа йиғинларида иштирок этмай қўйди?
— Максим Шацких охирги вақтларда клубини кўп марта ўзгартирди. Футболчи янги жамоага ўтгач, табиийки мослашиши учун вақт керак бўлади. Боз устига Максим кўп ўйинларда илгаригидек ҳужумда эмас, ярим ҳимояда ҳаракатланди. Бу эса яна қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши турган гап. Шу сабабли Максим клубдаги ишларини йўлга қўйиб олиши учун унга халал бермасликка қарор қилгандик.
— Уммонга қарши кечадиган учрашувларда бир қатор ёшларга имкон беришингиз ҳақида гаплар юрибди.
— Ҳа, шундай режа бор. Аммо ҳозирча бу ҳақда ортиқча гапирмасликни маъқул кўраман. Ҳозир аниқ номлар ҳақида гапиришга бироз эрта. Ҳафта охирида олий лиганинг навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади ва фақат шундан сўнггина аниқ таркиб ҳақида гапириш мумкин. Бу ўринда шошилмаган маъқул. Чунки ёш футболчи учун терма жамоада бирдан ўйнаб кетиш анча қийин бўлади. Ҳар қандай ўйинчи ҳам илк бора терма жамоа йиғинига келганда ҳаяжон, хавотир ва руҳий босим остида бўлиши турган гап. Биз бир қатор иқтидорли футболчиларни кузатиб келмоқдамиз. Аммо улар терма жамоада ўзларини қандай тутишлари ҳозирча номаълум. Шундай футболчилар бўладики, улар фақат клубда ўзларини кўрсатишлари мумкин. Ёки аксинча ҳолатлар ҳам учраб туради. Шу сабабли бу ёшларни терма жамоа йиғинида синаб кўришни режалаштирганмиз. Бунинг учун улар албатта майдонга тушишлари ҳам шарт эмас. Ёшлар йиғин давомида футболчилар билан мулоқотда бўлиш ва машғулотларда иштирок этиш орқали ҳам мослашиш жараёнини ўтказадилар. Насиб қилса навбатдаги учрашувларда мухлислар албатта янги номларни кўришади.
— Уммон терма жамоаси ҳақида қандай маълумотларга эгасиз? Сизнингча бу жамоага қарши қандай ўйин кўрсатган афзал?
— Рақибни ўрганишда давом этмоқдамиз. Албатта ҳар қандай жамоада бўлгани сингари, уларнинг ҳам кучли ва кучсиз томонлари бор. Ҳозирча Уммонни тўлиқ ўрганиб бўлдик, деб айта олмайман. Ходимларимиз рақиб ҳақида янги маълумотлар қидиришда давом этишяпти. Йиғин бошлангач, футболчилар билан буни муҳокама қилиб оламиз. Аммо ҳозирданоқ бир нарсани аниқ айтишим мумкин: бу ўйинларда биз рақибга қараб эмас, балки рақибни ўзимизга мослашиб ўйнашга мажбур қилмоқчимиз. Терма жамоада бунинг учун керак бўлган жиҳатлар бор, деб ўйлайман.
— Демак, бу учрашувда терма жамоа ҳужумкор футбол намойиш қилишини тахмин қилсак бўлади?
— Албатта. Биз имкон қадар мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш қиламиз. Аммо бу учрашувларда фақат бир тактика билан чекланиб қолишни истамаймиз. Уммонга қарши иккита ўйин ўтказамиз, қўл остимизда эса синовдан ўтиши лозим бўлган кўплаб футболчилар бор. Таркиб ва вазиятга қараб турли услубларни синовдан ўтказиб олишимиз мумкин. Аслида бу ўйинлардан кўзланган мақсад ҳам шу. Осиё кубогига қадар ҳали вақт кўпдек туюлади, аммо ҳозирдан ишни бошламасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Биз мусобақага қадар ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
— Ўйин услуби ҳақида гап кетган экан, мумкин бўлса бир нарсани сўрасам. Яхши биламизки, узоқ йиллар давомида жаҳон футболида «барселонача» ўйин услуби етакчилик қилди. Аммо бу йил на «Барселона» ва на «Бавария» кутилган умидларни оқлай олди. «Барселона» ўйини инқирози ҳақида нима дея оласиз?
— Аввало буни ҳали «инқироз» демаган бўлардим. Шунчаки, кичик ортга кетиш холос. Футболда ҳеч нарса абадий бўлмаган. Ҳар қандай жамоа ҳам маълум муддат ўтгач, ортга кетиши муқаррар. «Барселона»да ҳам шундай вазият бўлиб турибди, холос. Рақиблар унга қарши қандай ўйнаш кераклигини ўрганиб олдилар. Демак, ниманидир ўзгартириш вақти келган. Нима учун бир клубда узоқ вақт ишлаган мураббий таркибни ўзгартириб туришга ҳаракат қилади? Сабаби шундаки, футболда ўзгариш қилиб турмаса, муаммолар бошланиб кетиши мумкин. ЕЧЛ ярим финалида «Реал» ва «Бавария» ўртасида кечган жавоб учрашувида бунинг исботини кўрдик. Мадридликлар «Бавария» қандай ўйин қилишини аввалдан сезиб, шунга қарши жуда самарали услуб қўлладилар. «Реал» керак вақтда прессинг қўллади, керак бўлганда эса, қарши ҳужумга ўтди. Бу учрашув «Реал» учун мавсумдаги энг яхши ўйин бўлса керак. Ундан бемалол қўлланма сифатида фойдаланса бўлади. Айниқса мадридликлар ижросидаги стандарт вазиятлар жуда самарали бўлди.
— Охирги вақтларда миллий терма жамоада айнан стандарт вазиятлар муаммо бўлиб қолмоқда. Айтингчи, бу муаммони тўғрилаш устида қандай ишлар олиб борилмоқда?
— Бу борада иш ҳар доим олиб борилган. Аммо ҳамма гап шундаки, футболчи машғулотларда жарима тўпи тепишни яхши уддалаши мумкин, аммо майдонга тушгач, барчаси ўзгариб кетади. Биз ўтган хатолардан хулоса чиқариб, бу оғриқли масалада иш олиб боришни кўзлаб турибмиз.
— Сервер Жепаровнинг жарима ва бурчак тўплари аввалгидек эмас. Балки унга стандарт вазиятларни топширмаслик лозимдир?
— Терма жамоа йиғини давомида ким ўзини яхшироқ кўрсата олса, ўша майдонда маълум ишларни ўз зиммасига олади. Мен ҳозир ортиқча гап айтмоқчи эмасман, барчаси машғулотларда ҳал бўлади. Стандарт вазиятлар ижросига келсак, бизда Сардор Рашидов, Жамшид Искандеров ва Санжар Турсунов каби футболчилар ҳам бор. Аслида ҳеч қачон барча стандарт вазиятларни бир футболчига юклаб қўймаганмиз. Чунки майдонда турли ҳолатлар юзага келиши мумкин.
— Миржалол ака, илгари сиз тепган жарима тўплари жуда хавфли вазият сифатида баҳоланарди. Ҳозир эса бундай вазиятлар оддий ўйин эпизоди бўлиб қолган. Айтингчи, бу муаммони бартараф этиш учун нима қилиш керак?
— Жарима тўпи тепиш учун шунчаки маҳорат ва техника камлик қилади. Футболчи ўша зарбаси гол бўлишини ўзи ҳам ич-ичидан ҳис қилиши лозим. Боя «Реал» ва «Бавария» ўртасида кечган учрашувни ёдга олдик. Ўша ўйинда Криштиану Роналду жарима тўпини тепаётганда нима учун ерлатиб зарба берди, деб ўйлайсиз? Шунчаки у аввалдан ниманидир ҳис қилган ва атайлаб ерлатиб зарба берган. Худди шундай ҳиссиёт футболчига жаримадан гол уришда ёрдам беради. Футболчи ўзига ишондими, қўрқмай, дадиллик билан масъулиятни ўзига олиб, жарима тўпи тепишни сўраши лозим. Жарима зарбаларини бир кишига боғлаб қўйиш керак эмас. Мен бир ҳолатни эслаб ўтсам. Ўшанда «Пахтакор»да ўйнардим. Ўзбекистон кубоги финалида «Навбаҳор»га қарши майдонга тушгандик ва 3:0 ҳисобида ғалабага эришгандик. Ўша учрашув вақтида биз жарима тўпи тепадиган бўлдик. Бутун стадион мендан гол кутаётганди. Аммо Фарҳод Магометов жарима зарбасини тепишни сўради ва тўпни унга қолдирдим. Ўшанда Магометов жаримадан жуда чиройли тўп киритганди. Футболда бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп. Шунчаки футболчи ўзига ишониши ва мунтазам меҳнат қилиши керак. Шундагина у ўз олдига қўйган мақсадига эришиши мумкин.
Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди