Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Андрей Фёдоров: «Нефтчи»га ёрдам бериш мақсадида келдим»

Баҳо:
+ | -

Бундан икки кун аввал “Нефтчи” мураббийлар штабида жамоанинг яна бир собиқ футболчиси Андрей Фёдоров иш бошлади. Албатта бу кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлди. Чунки узоқ йиллардан буён Россияда фаолият кўрсатиб, истиқомат қилиб келаётган Фёдоровни Ўзбекистонга қайтишини ҳеч ким ҳаёлига келтирмаган бўлса керак. Фёдоров бош мураббий Мурод Исмоиловга яқин маслаҳатчи мураббий сифатида ёрдам беради. “Олмалиқ”қа қарши учрашувга тайёргарлик кўраётган “Нефтчи” футболчиларига 13 май кунги машғулотда Фёдоров расман таништирилди. Шу куни Андрей Витальевич илк бор "Нефтчи" мураббийи сифатида "Футбол Экспресс" газетасига интервью берди.

- Андрей Витальевич, аввало Фарғонага хуш келибсиз!
- Раҳмат.

- Ўтган узоқ йиллардан сўнг яна ўзингиз учун қадрдон бўлган клубдасиз. Кўплаб мухлислар сизни Фарғонада ишлашингизни тасаввур ҳам қилишмаганди. “Нефтчи”га қайтиш варианти қандай пайдо бўлди?
Албатта, бу таклиф мен учун ҳам кутилмаганда рўй берди. Аммо бундан бир ярим ой олдин Москвага Ўзбекистондан журналистлар келиб, мен билан суҳбатлашишганда ва шунда бу ҳақда гап кетганди ("СА" ходимлари Фахриддин Исамуҳамедов ва Нодирхўжа Юлдашев Москва сафарида Фёдоров хонадонига ташриф буюрган эдилар, муаллиф). “Нефтчи”нинг собиқ футболчиси бўлганим боис Фарғонага келиб ишлаш мени бурчим эканлигини улар айтишганди. Тўғри, “Нефтчи” мен учун бегона жамоа эмас. Лекин барибир Москвадан келиб ишлашим мушкул эди. Яқинда Фарғонадан Москвага танишларим меҳмон бўлиб келишди ва улар бу ерда раҳбарият мени ишга таклиф этиш борасида гап-сўзлар бўлаётганини айтишди. “Нефтчи”га керак бўлганим боис жамоага ёрдам бериш мақсадида Фарғонага келдим. Мен учун қадрдон бўлган “Нефтчи”нинг бугунги ҳолатига бефарқ қарай олмадим. Қолаверса, мен шу ерда туғилганман ва “Нефтчи”да футболчи сифатида шаклланганман. Гарчи узоқда яшаган бўлсам ҳам жамоамнинг чемпионатдаги иштирокини кузатиб борардим. Албатта,
“Нефтчи” охирги пайтларда ўзига ўхшамаётганидан қайғурардим. Жамоанинг аввалги мавқеини тиклаш мақсадида Фарғонага келдим.

- Очиғини айтинг, бу таклифни узоқ ўйладингизми ёки дарҳол қабул қилдингизми?
- Икки соат ўйладим (кулади). Мен учун мураббийлик соҳасида олдинга ташланган қадам бўлади. Раҳбариятдан қандай вазифани бажаришимни сўраганимда, “Нефтчи”ни аввалги обрўсини тиклаш ҳамда мухлисларни стадионга қайтариш кераклигини англадим. Шу боис тажрибам билан “Нефтчи”га ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

- Фарғонада охирги марта қачон бўлгандиз? Шаҳар ва клубда ўзгаришлар
катта эканми?
- Фарғонага сўнгги бор бундан 10 йил аввал келгандим. Умуман олганда,
Ўзбекистонга, терма жамоада ўйнаётганимда Тошкентга тез-тез келиб турардим. Ўтган вақт мобайнида Фарғонада катта ўзгаришлар бўлгани кўриниб турибди. Лекин бу ерга келганимга энди уч кун бўлди ва ҳали шаҳарни тўлиқ айланиб чиқиб кўздан кечиришга улгурмадим. Асосан футбол баъзаси ва майдонларни кўрдим холос. Албатта, ўзгаришлар катта. Аэропортдан клуб қароргоҳига келётганимда кўплаб янги иншоатларни кўрдим. Жамоага академия ҳамда янги стадион қурилмоқда. Буларни
кўриб хурсанд бўлдим. Клуб қароргоҳи ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ерда у
қадар катта ўзгариш йўқ. Бироз қайта таъмирлангани билиниб турибди.

- Узоқ вақт Россияда бўлганингиз учун чемпионатимиз ҳамда рақиблар ҳақида барибир етарлича тасаввурга эга эмассиз. Масалан, сиз ўйнаган пайтда “Бунёдкор” ёки “Олмалиқ” деган жамоалар бўлмаган. Бу клубларнинг ўйинларини ҳам кўрмагансиз. Бу борада қийинчиликларга дуч келмасмикинсиз?
- Тўғри, айтиндингиз чемпионат ўйинларини анча пайтдан бери кўрмаганман. Интернет ёки ойнаи жаҳон орқали кузатиб бораётганимда ҳам асосан етакчи клублар ҳақида маълумот олардим. Лекин бу менга катта қийинчилик туғдиради деб ўйламайман. Чунки Ўзбекистонда танишларим кўп ва улар билан гаплашиб керакли маълумотларни олишим мумкин. Масалан, “Нефтчи”да ҳам мен яхши билан инсонлар кўп. Улар жамоа ўйини ва ҳаммасини менга тушунтиришмоқда. Ўз навбатида мен ҳам футболчилар билан яқиндан танишиб уларга маслаҳатларимни беришга ҳаракат қиляпман. Бир сўз билан айтганда,мураббийлар штабида Сергей Лебедов ва Мурод Исмоилов каби ишлар эканман ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмайман деб ўйлайман.

- “Нефтчи” футболчилари ҳақида дастлабки фикрларингиз қандай?
- Бир нечта машғулотларни кўрдим. Бундан ташқари жамоа ўйини туширилган видеодискларни ҳам кўриб чиқяпман. Бу билан нафақат мен, балки мураббийлар штаби вазиятни ўнглаш учун нималар қилиш кераклиги устида ишланяпти.

- Фарғонага жамоа жуда қийин аҳволга тушиб қолганда келдингиз. Вазиятни
ўзгартириб “Нефтчи”ни юқори поғоналарга кўтариш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Ҳозир бу борада гапириш қийин. Лекин яқинлашиб келаётган “Олмалиқ”қа қарши ўйинда мухлисларга дастлабки ғалабани тақдим этиш керак. Айни пайтда буни ҳамма ҳис қилиб турибди. Бу ўйинга футболчиларни тайёрлаяпмиз ва мураббийлар томонидан нимаки айтилиши керак бўлса ҳаммасини беришга ҳаракат қиляпмиз. Футболчилар ҳам энди ишга бошқача ёндошган ҳолда ўйнашлари керак. Агар биринчи ғалабани қўлга киритсак, қолган учрашувлар ҳам яхши ўтади ва шунда жамоа юқорига кўтарилади.

- Футболчилик пайтингизда кучли ҳимоячи бўлганингизни яхши биламиз. Бу борада сизда тажриба катта. Шунинг учун энди “Нефтчи”нинг ҳимоя чизиғини
мустаҳкамлашга катта урғу берилса керак?
- Машғулотларда шуни кўряпманки, ҳа ҳимояда айрим ўзгаришларни қилиш керак. Бу борада ўз маслаҳатларимни бош мураббийга бераман. Тўғри, жамоани қандай тактикада ўйнаши ва нималарга эътибор қаратишни бош мураббий яхши билади. Фақат шуни айтишим керакки, ҳимоя чизиғи бўш ва буни натижалар ҳам кўрсатиб турибди. “Нефтчи”га ёрдам бериш мақсадида келган эканман, бор билим ва тажрибамни ишга соламан. Албатта, “Нефтчи”нинг ҳимоя чизиғи энди бошқача ўйин кўрсатади. Тўғри, ҳозир мусобақа жадвали бизни хурсанд этаётгани йўқ. Бироқ ўйлайманки, яқин орада ҳаммаси ижобий кўриниш олади.

- “Рубин”дан кетганингиздан сўнг нима иш билан банд эдингиз?
- Икки ойча бекор юрдим холос. Менимча, бу катта муддат эмас. Шунда ҳам уйда бекор ўтирганим йўқ. Оддий мухлис эмас футбол одами сифатида ўйинларни кузатиб бордим ва ўзим учун керакли нарсаларни олдим. Умуман олганда футболдан узоқда бўлмадим.

- “Нефтчи”даги ёрқин фаолиятингиз Юрий Саркисян мураббийлиги остида ўтган. “Нефтчи”га келганингиз борасида Юрий Вазгенович билан гаплашмадингизми?
- “Нефтчи”дан кетганидан бери Юрий Вазгенович билан ҳали гаплашганим йўқ. Бироқ тез орада кўришамиз ва суҳбатлашамиз. Саркисян фаолиятимдаги яхши мураббийларимдан бири бўлган ҳамда унга ҳурматим баланд.

- Жамоани бошқараётган пайтда Юрий Вазгенович сизни “Нефтчи”да ишлашга таклиф қилганмиди?
- Футболчилик фаолиятимни тугатганим заҳоти “Рубин”да селекционер мураббий бўлиб ишлашни бошладим. Шунинг учун “Нефтчи”га кела олмасдим.

- Ўзбекистонда дўстларингиз ва танишларингиз жуда кўп. Улар билан гаплашишга улгурдингизми?
- Фарғонага келганимни ва “Нефтчи”да иш бошлаганимни ҳали кўпчилик билмайди. Интернетда “Нефтчи”да иш бошлаганим ҳақида хабар чиқса, келганимни эшитишади. Келганимни билган айрим танишларим қўнғироқ қилишди. Шунингдек, улар мени табриклаб Фарғонага қайтганимдан хурсанд бўлишди.

- Илгари “Нефтчи” ва терма жамоада бирга ўйнаган дўстларингиз Акмал Холматов, Виктор Карпенко ва Павел Бугало ҳали ҳам футболчилик фаолиятларини давом эттиришмоқда. Бундан хабарингиз бўлса керак?
- Уларни кексайганда ҳам яхши формада ва етакчи клубларда тўп суришаётганини эшитиш ёқимли албатта. Бу уларни профессионал эканлигидан далолатдир. Бу дўстларимнинг фаолиятларига омад тилайман.

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 14:57, 16.05.2014.
Ўқилди: 5518 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.