Бугун Ўзбекистон Кубогининг чорак финал босқичига қуръа ташланганидан хабарингиз бор.
ПФЛнинг иккинчи расмий мусобақасида жуда кам содир бўладиган ҳолат юз берди. Яъни, Ўзбекистон Кубогининг чорак финалига биринчи лига вакили етиб келди. Бунақаси ҳар доим ҳам содир бўлавермайди. Шу боис “Оқ-тепа”нинг чорак финалга чиқишини фақат олқишлаш мумкин. Агар “Истиқлол” ҳам нимчорак финалда “Навбаҳор” қаршилигини синдириб, бу вазифани бажара олганида чорак финалда бир йўла икки қуйи лига вакилини кўрган бўлармидик? Буёғи энди бошқа масала.
Хуллас, Кубок йўлида “НБУ-Осиё”, “Машъал” ва “Хотира-79”ни доғда қолдирган “Оқ-“епа" чорак финалда бугунги кунда ўзбек футболининг биринчи рақамли клуби бўлиб турган “Пахтакор”га қарши майдонга тушади. Қуръа натижасига кўра, биринчи учрашув биринчи лига жамоаси майдонида бўлиб ўтади. Яъни, “Оқ-тепа” стадионида.
Кўпчиликка маълум, бу жамоа стадиони маҳалла ичида жойлашган ва ўз бағрига бор-йўғи 2-3 минг ишқибозни сиғдира олади. Шуни ҳисобга олган “Пахтакор” клуби раҳбарияти “Оқ-тепа” жамоаси мутасаддиларига иккала учрашувни ҳам ўз майдонида ўтказиш таклифи билан чиқди. Таклифда ёзилишича, “шерлар”нинг мухлиси кўп, “Оқ-тепа” стадиони ишқибозларни сиғдира олмаслиги мумкин, қолаверса, ҳар хил нохуш воқеаларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ўйин “Пахтакор” марказий стадионида ўтказилгани маъқул. Иккала учрашувнинг ҳам барча харажатларини “Пахтакор” тўлиқ қоплайди.
Қисқаси, “Пахтакор” “Оқ-тепа” жамоасига шундай таклиф билан чиқди. Аммо биринчи лига клуби “шерлар”нинг бу таклифига ижобий жавоб қайтармади. Яна ҳам аниқроғи, 10 июнь кунги учрашув “Оқ-тепа” стадиона бўлиб ўтади. Гарчи стадион кичкина бўлса-да, “Оқ-тепа” “Пахтакор”га қарши ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнашни хоҳламоқда. Айтиш керак, мазкур клубнинг кам бўлса-да, содиқ ишқибозлари бор. Айрим мухлислардан фарқли равишда жамоа билан ўз ҳисобидан сафарга бориб, учрашувларда қўллаб-қувватлаб туришади.
Ёдингизда бўлса, “Пахтакор” бу йилги Ўзбекистон Кубоги баҳсларини сафарда “Хоразм”га қарши сафардаги ўйин билан бошлаши керак эди, аммо ўшанда икки клубнинг келишувига кўра, беллашув Тошкентда ўтказилганди.