Бельгия терма жамоаси катта қийинчилик билан Жазоирни мағлуб этди. Бундай қийинчиликнинг юзага келишига эса европаликларнинг ўзлари сабабчи бўлди.
"Олтин авлодлар", "юлдузли таркиб" каби гап-сўзлар бельгиялик футболчиларга салбий таъсир кўрсатган шекилли, улар майдонга тушмасидан аввал Жазоирни руҳан мағлуб этиб бўлишганди. Шунинг учун уларда шиддат кўзга ташланди.
Жазоирликларда эса мотивация борасида муаммо йўқ эди. Улар имкон бўлди дегунча олдинга ўтишди ва рақибни хато қилишга мажбур қилишди. Ўйиннинг 25-дақиқасида бельгиялик ҳимоячи Вертонген жарима майдончаси ичида ўзидан ўтиб, тўп учун интилаётган Суфён Фегулийни қўли билан тортиб қолди. Натижада ҳаққоний пенальти! Жабрланувчининг ўзи 11 метрли жарима зарбасини голга айлантирди.
Бельгия руҳан ўйинга бўлган муносабатини ўзгартириши учун танаффус зарур эди. Шу боис, улар биринчи бўлимга охирига қадар нурсиз ўйин кўрсатишди. Боз устига, бошланғич таркибга киритилган айрим футболчилар ишончни оқламади. Иккинчи бўлим бошида туширилган футболчилар ўйинни ўзгартира олишди. Айниқса, Маруан Фелайни ўйинга яхши киришиб кетди. Ўйиннинг 70-дақиқасида Де Брюне чап қанотдан юқорилатиб етказиб берган тўпни Фелайни бош билан дарвозага жойлаб қўйди.
Жазоир голдан кейин ҳимояга ётди, умуман олдинга ўтмади. Аммо бир марта олдинга ўтишга уринганди, жазоланди. Тўп марказда йўқотилди ва тезкор қарши ҳужумга ўтган европаликлар Мертенсни зарба бериш учун қулай вазиятга чиқарилди. Унинг кучли зарбасини жазоирлик дарвозабон қайтара олмади.
Қолган 10 дақиқа ичида Фелайнида яна 2та имконият юзага келди. "МЮ" футболчисининг бош билан берган бир зарбасини дарвозабон қайтарган бўлса, яна бир вазиятда унинг ўзи майдонга йиқилиб тушди.
Мазкур ўйин Бельгия учун яхши сабоқ бўлиши керак. Жазоир эса ҳеч бўлмаганда бир очкони қўлга киритиши учун озгина тажриба етишмади.
ЖЧ-2014. "Н" ГУРУҲИ
БЕЛЬГИЯ – ЖАЗОИР 2:1 (0:1)
Голлар: 0:1 – 25, пенальти Фегули, 1:1 – 70 Феллайни, 2:1 – 80 Мертенс.
Бельгия: Куртуа, Алдервейрелд, Компани, ван Бейтен, Вертонген, Дембеле (Феллайни, 65), Витцель, де Брюйне, Шадли (Мертенс, 46), Э. Азар, Лукаку (Ориги, 58).
Жазоир: Мболи, Мустафо, Аллиш, Бугерра, Ғулом, Бенталеб, Межаний (Гилас, 84), Таидер, Маҳрез (Ласен, 71), Фегулий, Суданий (Слиманий, 66).
Огоҳлантиришлар: Вертонген (24), Бенталеб (34).