Бугун ЖЧ-2014да яна 2та чорак финал баҳси бўлиб ўтади. Унинг дастлабкисида мазкур Мундиалда барча ўйинларда ғалаба қозониб келаётган икки терма жамоа — Аргентина ва Бельгия терма жамоалари баҳс олиб боришади. Улардан бири дастлабки мағлубиятни тан олишга ва ЖЧни тарк этишга мажбур бўлади.
Жамоалар барча ўйинларда ғалаба нашидасини сурган бўлсалар-да, улар ўз рақибларини ишонч билан мағлуб этишмади. Айрим ўйинларнинг сўнгги дақиқаларда киритилган гол бу термаларга ғалаба келтирди. Айниқса, аргентиналиклар бу борада "ўрнак" бўлишди. Айниқса, Месси ва унинг жамоадошлари Швейцарияга қарши бўлиб ўтган нимчорак финал баҳсининг қўшимча бўлимларига тугашига 2 дақиқа қолганида рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Мессининг ажойиб "рейди", Ди Мариянинг аниқ зарбаси ва Жемайли томонидан берилган зарбанинг дарвоза устунига тегиши Аргентинани пенальтилар сериясидан қутқариб қолди.
Бельгия-АҚШ баҳсида эса Тим Ховард ўйин қаҳрамонига айланди. Аммо қўшимча бўлимлар бошида Лукакунинг майдонга тушиши ва унинг Де Брюйне билан яхши тил топишиб ўйнаши оқибатида европаликлар ғалабани илиб кетишди.
Йўқотишлар
Бельгия терма жамоаси бош мураббийи Марк Вильмотснинг маълумот беришича, Алдервейрелд ва Вертонгеннинг Аргентина билан ўйинда майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Дембеле эса ўйнамаслиги аниқ. Икки нафар ҳимоячининг ўйнамаслиги Бельгия ҳимоясида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Аргентинада эса Маркос Рохо ўйнамайди. Бу ҳам жиддий йўқотиш.
Қуйидаги футболчилар ҳисобида биттадан сариқ карточка бор ва улар чорак финалда огоҳлантириш олишса, ярим финал ўйинини ўтказиб юборишади: Гарай, Ди Мария, Витсель, Вертонген, Дембеле ва Алдервейрелд.
Тахмин
Кўпгина экспертлар (Бельгия терма жамоаси бош мураббийи ҳам) бугун тактик жиҳатдан ёпиқ ўйин кутишмоқда. Натижада ўйин қўшимча бўлимларга ўтиши мумкин.
Фикрлар
Марк Вильмотс, Бельгия терма жамоаси бош мураббийи: "Аргентина — бу фақат Месси эмас. Ҳа, асосий эътибор унга қаратилади. Аммо мен Аргентина-Швейцария баҳсини кўрдим. Аргентиналиклар ҳақиқий жамоа сифатида ўйнашган, фақат бир-икки нафар юлдузлар эмас. Мен бугун ёпиқ ўйин кутяпман. Биз эса ўз фалсафамизга амал қиламиз ва олдинга ўтамиз. Бу терма жамоа тарихга кириши мумкин. Буни эса ўйинчилар яхши тушуниб туришибди. Жамоа жисмоний ва руҳий жиҳатдан тайёр. Ротацияни амалга ошириб келяпман. Захирадаги футболчилар ҳам ўйинга таъсир кўрсата олишади".
Алехандро Себалья, Аргентина терма жамоаси бош мураббийи: "Таркибимизда катта ўзгаришлар бўлмайди. Ниҳоят, Игуаин гол уришига ишонаман. Гонсало мавсум сўнгида ўз клуби сафида жароҳат олгани боис тўлиқ куч билан шуғуллана олмаётганди. Лекин у буюк ўйинчи, у кўп меҳнат қилмоқда. У ҳалигача гол ура олмагани - шунчаки омадсизлик. Жамоанинг Мессига боғланиб қолгани хавотирга соляптими? У дунёнинг энг яхши футболчиси ва ундан умид қилаётганимизнинг ёмон жиҳати йўқ".
Рақамлар
- Жамоалар ЖЧлари доирасида ўзаро учинчи марта тўқнаш келишмоқда. ЖЧ-1982нинг очилиш баҳсида Бельгия амалдаги чемпион устидан сенсацион тарзда ғалаба қозонганди (1:0). Орадан 4 йил ўтиб эса аргентиналиклар Марадонанинг дубли эвазига қасос олишнинг уддасидан чиқишганди ва ярим финалда Бельгияни мағлуб этишганди.
- ЖЧларидан ташқари Аргентина ва Бельгия терма жамоалари ўзаро яна икки марта тўқнаш келишган. 1928 йили бўлиб ўтган Олимпиада доирасида ўтказилган ўйинда Аргентина 6:3 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 1984 йили ташкил этилган ўртоқлик ўйини жанубий америкаликларнинг ғалабаси (2:0) билан якунланган.
- Аргентина терма жамоаси аъзолари — Пабло Сабалета, Серхио Агуэро ва Мартин Демичелис якунланган мавсумда "Манчестер Сити" таркибида Англия чемпионлигини қўлга киритишди. Бу жамоанинг сардори эса бельгиялик Венсан Компани ҳисобланади.
- Шунингдек, "Наполи" билан Италия кубогини қўлга киритган Дрис Мертенс, Гонсало Игуаин ва Федерико Фернандес ҳам бир вақтда майдонда пайдо бўлишлари мумкин.
Ҳакамлар
Учрашув италиялик ҳакам Никола Риццолига топширилган. Унга қанотларда Ренато Фаверани ва Андреа Стефани ёрдам беришади. Захира ҳаками эса австралиялик Бенжамин Уильямс.
Тахминий таркиблар