Ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев супероғир вазнда WBА йўналиши бўйича “мунтазам” жаҳон чемпионлиги камари учун баҳсда келиб чиқиши пуэрто-риколик бўлган АҚШ боксчиси Фрес Окендони мағлуб этди. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда.
6 июль, якшанба куни Чеченистон пойтахти Грозний шаҳридаги “Аҳмет-Арена” стадионида бўлиб ўтган жангда Чагаев очколар бўйича ғалаба қозонди. Ҳакамлар 114:114, 115:113 ва 115:113 ҳисобида жанг Ўзбекистон вакили фойдасига ҳал бўлганини маълум қилишди.
Чагаев профессионал рингда 33та жангда ғалаба қозонган бўлиб (20тасида нокаут билан), бир марта дуранг қайд этган ва икки марта мағлубиятга учраган (бир сафар – нокаут билан). Окенда эса 37 жангда ғалаба қозонган (24таси нокаут билан), саккиз марта мағлуб бўлган (икки марта – нокаут билан).