Хориж чемпионатларида тўп сураётган бир қатор ўзбекистонлик футболчилар ўтган ҳафтада ўз жамоалари сафида майдонга тушишди.
РОССИЯ
Мавсум бошида «Краснодар» клуби билан шартнома имзолаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов айни дамда клуб билан Австрияда ташкил этилган йиғинда иштирок этмоқда. Таъкидлаш жоиз, Австриядаги йиғин давомида бир қатор ўртоқлик-назорат учрашувларида Краснодар сафида майдонга тушган Одил Аҳмедов клуб сафидаги голлар сонини очишга муваффақ бўлди. Дастлаб, Озарбайжоннинг «Қорабоғ» клубига қарши кечган назорат ўйинида майдонга тушган "Краснодар" учрашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, учрашувдаги ягона гол айнан Аҳмедов ҳисобига ёзилган.
4 июль куни «Краснодар» Австрияда ўзининг иккинчи назорат учрашувида Шотландиянинг «Селтик» клубига қарши майдонга тушди ва 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Учрашувда «Краснодар»нинг ягона голига яна Одил Аҳмедов муаллифлик қилган. Ҳар иккала учрашувда ҳам Одил Аҳмедов бир бўлимдан майдонда ҳаракат қилган. Маълумот учун, Россия Премьер-Лигасида янги мавсум 1 август куни старт олади.
Россия Премьер-Лигасининг яна бир вакили - Москванинг «Локомотив» клуби ҳам бир қанча муддатлик таътилдан сўнг ўз йиғинини бошлади. Москва темирйўлчилари ҳам худди «Краснодар» сингари ўз йиғинини Австрияда ўтказмоқда. Жамоа 4 июль куни Германиянинг «Мюнхен-1960» клубига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. «Локомотив» сафида Виталий Денисов иккинчи бўлим бошида захирадан майдонга тушди ва 45 дақиқа майдонда тўп сурди.
ҚОЗОҒИСТОН
6 июль куни Қозоғистон Премьер-Лигасида 19-тур ўйинларига старт берилди. Турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган «Актобе» шу куни сафарда «Қайрат» клубига қарши майдонга тушди ва йирик - 1:7 ҳисобида мағлубиятга учради. «Актобе» сафида ҳаракат қиладиган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Темур Кападзе учрашувда илк дақиқалардан майдонга тушди ва иккинчи бўлим бошида алмаштирилди.
Мавсум бошида «Актобе» сафида ҳаракат қилган Александр Гейнрих, мавсумлар оралиғида жамоани эркин агент сифатида тарк этиб, Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаган эди.
«Актобе» ушбу мағлубиятдан сўнг, турнир жадвали пешқадамлигини айнан «Қайрат» клуби билан бўлишиб турибди. Ҳар иккала клуб ҳисобида 36 очкодан мавжуд.
Қарағанданинг «Шахтёр» клуби эса, сафарда «Остона»га қарши майдонга тушиб, 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради. «Шахтер» сафида ҳаракат қиладиган икки нафар ўзбекистонлик футболчилар - Шавкат Саломов ва Камолиддин Мурзоевлар тўлиқ 90 дақиқадан майдонда ҳаракат қилишди.
«Иртиш» сафида ҳаракат қиладиган ўзбекистонлик яна бир ҳужумчи - Улуғбек Бақоев мазкур турда сафарда ўз жамоаси сафида «Тобол»га қарши асосий таркибда майдонга тушди. Ўйиннинг илк дақиқасидан майдонда ҳаракат қилган Бақоев учрашувнинг 68-дақиқасида алмаштирилди. Учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилган.