Бразилия терма жамоаси ўз уйида ўтказилган жаҳон чемпионатини медалсиз якунлади. "Футбол сеҳргарлари" юрти учун бундан ортиқ муваффақиятсизлик, бундан ортиқ омадсизлик бўлмаса керак. Мазкур мундиалда энг чиройли ва энг барқарор ўйин намойиш қилган жамоалардан бири Голландия эса бронза медали эгасига айланди.
Бугунги ўйин олдидан иккала жамоада икки хил муаммо мавжуд эди. Бразилияликлар 1:7дан кейин руҳий тушкунликдан чиқиб кетишларини тахмин қилиш қийин эмасди. Голландия эса рақибига нисбатан 1 кун камроқ дам олган ҳолда, ярим финалда 120 дақиқалик ўйинни ўтказганди. Ван Гал шогирдлари жисмоний жиҳатдан ўйинга тўлиқ тайёр бўлишлари осон эмасди.
Ўйиннинг дебюти эса Голландия учун жуда ҳам омадли бўлди. Учрашувнинг 2-дақиқасидаёқ улар пенальти ишлашнинг уддасидан чиқишди. Ван Перси тўпни Роббенга узатди ва Арьен жарима майдончасига кириб бораётганида Тиагу Силва унинг елкасидан тортиб қолди. Қоида бузилиши жарима майдончасининг ташқарисида амалга оширилди, аммо Роббен анча ичкарига кириб йиқилди ва яна бир неча қадам думалади. Жазоирлик ҳакам эса пенальти белгилади. Бундан ҳар иккала томон норози бўлди. Боиси, Силва қоидани майдон ташқарисидан бузилганини таъкидлашга уринган бўлса, Роббен қоида бузилишига учун Бразилия сардорига сариқ эмас, қизил карточка берилиши лозимлигини ҳакамга уқтиришга ҳаракат қилди. Пенальтини эса Робин ван Перси аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди.
Натижада Бразилия яна ўша 1:7даги руҳий ҳолатга қайтди ва буёғига европаликларга осон бўлди. Ўйиннинг 17-дақиқасида урилган гол бунинг исботи бўлди. Роббен ўнг қанотда очилган Ван Персини тўп билан таъминлади ва Робин тўпни жарима майдончасига узатди. Давид Луиз тўпни ортга қайтаришга қарор қилди. У ерда эса Блинд тўпни ёлғиз қабул қилди ва дарвозага аниқ йўллади - 2:0. Дарвоқе, компьютер графикаси орқали кўрсатилган такрорий лавҳа тасдиқладики, Роббен тўп узатаётганида Ван Перси оёғининг учлари ҳимоячига нисбатан дарвозага яқинроқ турган экан. Демак, "микроскоп" остида қарайдиган бўлсак, офсайд бор эди.
Учинчи дақиқада урилган гол Бразилияни нокдаун ҳолатига келтирган бўлса, ушбу гол уларни биратўла нокаутга учратди. Мезбонлар бутун ўйин давомида мазмунсиз ва мақсадсиз ҳужумлар ташкил қилишди. Тан олиш керак, уларнинг ичида яққол голга тортадигани бўлмади.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар бошланган пайтда европаликлар яна бир голни Бразилия дарвозасига йўллашди. Бу голда ҳам Роббен иштирок этди. Бу комбинация иккинчи голдаги комбинациянинг "копия"си бўлди. Фақат қанотдан узатилган тўпга Вейналдум тўғридан-тўғри зарба бериб, дарвозани ишғол қилди.
Арьен Роббен, шубҳасиз, мазкур жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси. Агар финалда Месси қандайдир мўъжиза кўрсатиб юбормаса, ЖЧнинг "олтин тўп"и катта эҳтимол билан унга насиб этмади.
ФИФА ҳакамлар қўмитаси эса медал тақдири ҳал бўладиган ўйинга муносиб ҳакамни тайинлай олмади. Юқоридаги иккита голдаги хатодан ташқари, Жамол Ҳаймудий иккинчи бўлим сўнгида Роббенга нисбатан ишлатилган қоидабузарлик учун Бразилия дарвозасига пенальти белгилашга жазм эта олмади. Ундан ташқари, яна бир қанча вазиятларда тўғри қабул қила олмади.
Голландия терма жамоаси мухлисларини бронза медали билан табриклаймиз!
ЖЧ-2014. 3-ЎРИН УЧУН БАҲС
БРАЗИЛИЯ - ГОЛЛАНДИЯ 0:3 (0:2)
Голлар: 0:1 – 3, пенальти ван Перси, 0:2 – 16 Блинд, 0:3 – 90 Вейналдум.
Бразилия: Жулио Сезар, Майкон, Силва, Давид Луиз, Максвелл, Паулиньо (Эрнанес, 57), Л. Густаво (Фернандиньо, 46), Виллиан, Оскар, Рамирес (Халк, 73), Жо.
Голландия – Силессен (Ворм, 90), де Врей, Влар, Блинд (Янмат, 70), Кюйт, Вейналдум, Класи (Велтман, 90), Мартинс Инди, де Гузман, ван Перси, Роббен.
Огоҳлантиришлар: Силва (2), Роббен (9), де Гузман (36), Фернандиньо (54), Оскар (68).