«Эрудит Спорт» газетаси биринчи давра якунларига кўра, Олий лига бош мураббийлари ўртасида сўровнома ўтказди. Қуйида аксарият мураббийларнинг сўровномадаги жавобларини келтирамиз.
Саволлар:
1. Биринчи давра сизда қандай таассурот қолдирди?
2. Кучли тўртлик жамоалардан ташқари, қайси жамоанинг ўйини сизга маъқул бўлди?
3. Уй учрашувларидан ташқари, қайси стадионларда тўп суриш нисбатан ёқимли ва нега?
4. Имконияти бўлганда, Олий Лигадаги қайси уч нафар футболчини ўз жамоангизга қўшиб олган бўлардингиз?
Рустам Мирсодиқов (“Металлург” бош мураббийи):
1. Қанақа таассурот қолдириши мумкин? Олдинда ҳали иккинчи давра баҳслари турибди. Мавсум тугаганидан кейин нимадир дейишим мумкин. Ҳар доим қизиқ саволлар берасизлар-да, ёқдими-ёқмадими деб. Ҳаммаси режа асосида давом этяпти-ку. Қаердадир яхши, қаердадир ёмон ўйин кўрсатдик. Умумий таҳлилни мавсум тугаганидан кейин қилса бўлади.
2. “Олмалиқ” жамоаси яхши ўйин кўрсатяпти. “Навбаҳор” ва “Қизилқум” ҳақида ҳам шундай фикрни билдиришим мумкин. “Андижон” ҳам охирги ўринда бўлишига қарамасдан, ҳеч бир жамоа у ерга борганида албатта ютамиз деб айта олмайди. Нимагаки, ҳар бир учрашув қизиқарли ўтди.
3. Қаерда яхши майдон бўлса, ўша ерда ўйнаш футболчиларга ҳам қулай, ҳам осон. Масалан, «Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф», «Динамо» ва яна бошқа жамоаларнинг стадионлари ажойиб ҳолатда. Бу стадионларда тўп суриш анча қулай.
4. Мураббийга бунақанги савол бериш ноўрин. Чунки мен қайсидир футболчини айтсам, унинг мураббийи хафа бўлиши мумкин. Жамоамда тўп сураётган ўйинчилардан қониқаман, менга бошқа футболчилар керак эмас. Бу ҳақда чемпионатдан сўнг гаплашса бўлади.