Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Рўзиқул БЕРДИЕВ: «Ёшларга ишонишда давом этамиз»

Баҳо:
+ | -

«Насаф» жорий мавсумда маҳаллий футболчиларга ишонч билдирди, «фалон» пул эвазига юртимизга келадиган, аммо ҳар доим ҳам кутилган ўйин намойиш қила олмайдиган легионерлардан воз кечди. Таркибда фақат туркманистонлик Артур Геворкян сақлаб қолинди. Зеро, у аллақачон ўз савиясини исботлаб бўлган, шу сабабли ҳам қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев туркманистонлик легионерни жамоада олиб қолишга қарор қилди.

«Насаф» таркиби легионерларсиз қолиб кетгач, кўпчилик ушбу мавсумда қаршиликлардан яхши натижа кутмаган эди. Аммо жамоа аввалгидек рақобатбардош эканини исботлай олди ва биринчи давра якунларига кўра учинчи ўринни эгаллаб турибди. Асосий умидни келажакка боғлаган клуб учун бу ёмон натижа бўлмаса керак. Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев билан қилган суҳбатимиз ҳам биринчи давра якунлари ва олиб борилаётган тайёргарликлар хусусида бўлди.

- Очиғини айтсам, бу йилги олий лига ўйинларидан кўп нарса кутган эдик, - дейди Рўзиқул Бердиев. - Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўзини оқламади. Бу йил чемпионлик учун даъвогарлар сони кўпроқ бўлишини тахмин қилгандим. Бироқ ўтган мавсумда бўлганидек бу йил ҳам тўрт жамоа чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. Шу томондан олиб қарайдиган бўлсак, олий лигада ўзгариш бўлганича йўқ.

 - Биринчи давра якунлари бўйича хулоса чиқарадиган бўлсак, сиз учун энг оғир ва аламли ўтган учрашув деб қайси ўйинни кўрсатган бўлардингиз?

- Ўзбекистон Кубоги ярим финалида «Бунёдкор»га қарши кечган жавоб учрашуви жуда оғир ўтди. Биз бу ўйинда ғалаба учун бор кучимизни ташлагандик. Имкониятларимиз ҳам ёмон эмас эди. Афсуски ҳаммаси биз ўйлагандек бўлмади. Мана шу учрашув мен учун энг оғири бўлиб турибди.

- Агарда имконият бўлганида, нималарни ўзгартирган бўлардингиз?

- Кубок ярим финалида «Бунёдкор»га қарши кечган биринчи ўйиндаёқ кўп нарсани ҳал қилишимиз мумкин эди. Бизда бир қатор вазиятлар бўлди, аммо улардан фойдаланишда оқсадик. Таркибда яхши савиядаги, тажрибали ҳужумчи бўлганида, балки натижа бошқача бўлармиди. Аммо бизда мана шундай футболчини таркибга қўшиб олиш учун шароит йўқ эди.

- Қишда бир қатор футболчилар «Насаф» кўригидан ўтди. Улардан баъзилари билан шартнома имзоладингиз, бошқаларига эса жавоб бериб юбордингиз. Мавсум бошланиб кетгач, ўйинлар давомида ўша футболчилардан бирортаси билан шартнома имзоламаганингиздан афсусланмадингизми?

- Йўқ. Бундай фикр умуман ҳаёлимга келгани йўқ. Мавсум бошланиши олдидан зарур селекция ишларини тўлиқ амалга оширдик. Ўзимиз учун керакли бўлган футболчиларни йиғинга жалб қилдик, уларнинг имкониятларини ўрганиб чиқдик. Жамоа талабига жавоб берадиганлари билан шартнома имзоладик, етарлича кучли деб билмаганларимиз билан эса хайрлашдик. Бу борада ҳеч қандай афсусланиш бўлгани йўқ. Ке-йин, биз мавсум бошида асосан ўтган йили таркибда бўлган футболчиларни сақлаб қолишга интилган эдик. Бу вазифани бажара олдик, қатор йиллар давомида «Насаф» шарафини ҳимоя қилган футболчилар ҳамон жамоада бўлиб турибди. Жамоамиз ривожи учун бунинг аҳамияти катта.

- Мавсум бошланиши олдидан легионерларга эҳтиёж йўқлигини айтган эдингиз. Давралар оралиғидаги тайёргарлик жараёнида режада ўзгариш бўлмадими? «Насаф» легионерларни таклиф этмаслик фикридан қайтгани йўқми?

- Ҳозирдан айтишим мумкин, биз катта пул эвазига келадиган хорижлик футболчилар билан шартнома имзоламаймиз. Бунга шароит йўқ. Жамоамиз асосан ёш иқтидорлар ва ўринбосарлар таркиби вакиллари билан ишлашни маъқул кўради. Ёшлар жамоасидан бир қатор иқтидорли футболчиларни асосий таркибга қўшиб олишни кўзлаб турибман ва улар билан ишлашда давом этмоқдамиз. Мана шу футболчиларни синаб кўрамиз. Уларнинг ҳар бирига имконият беришга тайёрмиз. Ўз кучи ва савиясини исботлай олганларинигина асосий жамоага оламиз. Биз вақт ва маблағни легионерларга сарфлагандан кўра, ўз ёшларимизга эътибор қаратишни маъқул кўрамиз.

- Дарвозабон Элдорбек Суюнов бир қатор ўйинларда сизнинг норозилигингизга сабаб бўлган эди. Ҳатто бир сафар: «алмаштириб бўлмас футболчилар бўлмайди. Элдор шуни тушуниши керак, бизда бошқа дарвозабонлар ҳам бор», - дедингиз. Бундай кескин фикрлардан сўнг Элдорбек Суюновнинг ўйинида ўзгариш бўлдими?

- Элдор ҳақиқатан ҳам бир қатор ўйинларда хатога йўл қўйган эди. Биринчи даврада унинг ўйинида пасайиш кузатилди. Шу сабабли уни танқид қилдим. Сўнг у билан суҳбатлашиб олдик. Барча хато ва камчиликларини кўрсатиб бердим. Элдор ўз айбини тан олди ва ҳозирда астойдил ишлашда давом этмоқда. Футболчининг фаолияти давомида пасайиш ва кўтарилишлар бўлиб туради. Муҳими - шундай вақтда унга нисбатан тўғри муносабатда бўлиш. Керак бўлганда талабчанлик керак, вақти келганда эса тўғри тушунтириш лозим. Элдор ишлашда давом этмоқда. У ҳар доим ўз савиясини ушлаб туриши шарт. Футбол - катта рақобат дегани. Фақат ўзига нисбатан талабчан ўйинчиларгина асосий таркибга муносиб бўладилар...

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:39, 20.07.2014.
Ўқилди: 5270 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.