"Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Уэйн Руни янги бош мураббий қўлостида ўтказган дастлабки машғулотлар борасида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Ван Гал билан атиги бир неча кундан бери ишлаяпман. У кучли шахс. У машғулотни жуда яхши ўтказмоқда ва бундан мароқланмоқда. У жамоага янги ўйин услубини жорий қилмоқда ва тезроқ бу услубни ўзлаштириб олишимизни истамоқда.
Албатта, биз чемпионликни қўлга кирита оламиз. Ўтган мавсум биз учун энг ёмонларидан бири бўлганини биламиз. Лекин ҳаммасини ўз жойига қўя олишимизга ишонамиз. Чемпион бўла олишимизга ишонишимиз керак. Табиийки, мен жамоа сардори бўлишни истардим, аммо бу мураббийнинг иши. Ўйлайманки, у футболчилар билан ишлашни истайди ва шундан келиб чиқиб сардорни танлайди. У сардорни кўр-кўрона танламаса керак. У ҳозир барча ўйинчиларни диққат билан кузатмоқда ва бир неча ҳафтадан кейин бир қарорга келади.
Машғулот пайтида Ван Гал ўзини ростгўй тутмоқда. Қаердадир машқни охиригача бажармасанг, у ўша заҳоти хатони кўрсатади ва бу ҳақда айтади. Агар қаердадир яхши ўйнасанг, у албатта сени мақтайди. Машғулот пайтида ниманидир яхши қила олмасанг, уни тўғрилаш учун сен бу ҳақида билишинг шарт. Голландия терма жамоаси Бразилияда қандай ўйнаганини кўрдим. Лекин телевизор орқали кўриш бошқа, ушбу мутахассис билан машғулотда ишлаш бошқа нарса. У ўз фикрини ўйинчиларга етказаётганини кўриб, беихтиёр ўрганишни бошлайсан", - дейди Руни.