Осиё футбол конфедерацияси футболда келишилган ўйинларга қарши курашни янада кучайтирмоқда.
Яқинда қитъа футболи бошқарувидаги ташкилот "3R's – recognise, reject and report" ("бил, рад эт ва хабар бер") деб номланган қўлланма чоп этди. Унда футбол ишқибозлари ва мутахассислар учун келишилган ўйинларнинг характери тасвирланади. Қандай учрашувлар шубҳали бўлиши мумкин, қайси ўйинларни келишилган деб гумон қилишга асослар бўлади, келишилган ўйинларда асосан нималар юз беради, деган саволларга жавоб берилади.
Бунга яқинда Вьетнам, Малайзия ва Австралия чемпионатларида келишилган ўйинлар билан боғлиқ можаролар авж олгани сабаб бўлди. Бу қўлланма ОФК шафелигида ўтказиладиган барча расмий турнирларда тарқатилади.