Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Георги Квесиешвили: «Жамоа натижаларига раҳбарият ва мураббийлар жавобгар»

Баҳо:
+ | -

Ушбу мавсумнинг биринчи даврасини "Бухоро"да ўтказган грузиялик легионер Георги Квесиешвили иккинчи даврадан бошлаб бошқа жамоа шарафини ҳимоя қилиши аниқ. Квесиешвили бухоролик ишқибозларнинг ёқимтойига айланиб улгурган эди. Унга ҳеч ким легионер сифатида қарамай, балки маҳаллий футболчи сифатида қарар эди. Унинг жамоани тарк этганлиги кўпчилик мухлисларнинг норозиликларига сабаб бўлди. Албатта, футболчининг ҳозирги ҳолати фақат ва фақат бош мураббийга аён. Шунга қарамай, мухлислар бизда Квесиешвилидан интервью олишимизни илтимос қилиб келишди ва биз мухлислар фикрларини инобатга олган ҳолда, Георги билан қисқача сухбат уюштирдик.

— Салом, Георги! Сиз жамоани тарк этганингиздан сўнг кўплаб мухлислар сиз билан суҳбат уюштиришимизни сўраб мурожаат қилишмоқда.
— Салом, азизлар! Мени эслаганларингиздан жуда ва жуда хурсанд бўлдим. Раҳмат сизларга. Ўз мухлисларим учун нафақат интервью, балки жонимни беришга ҳам тайёрман.

— Бирданига жамоага керак бўлмай қолганингизни қандай қабул қилдингиз?
— Биласизми, бу ҳолат футболнинг бир бўлаги. Футболда табиий равишда футболчилар у жамоадан бошқасига ўтиб юришади. Мен буни тўғри қабул қилдим.

— Жамоани тарк этишингиз учун ким "кўмаклашиб” юборди?
— Албатта, бош мураббий Эдгар Яковлевичнинг хоҳиши сабабли жамоадан кетдим.

— Сизга чиқиш эшиклари кўрсатилганида, сиз бу нарсани кутгандингизми ёки бу қарор сиз учун умуман кутилмаган эдими?
— Мен мураббий айнан шу қарорга келишини давра ўртасига келиб билардим. Ростини айтсам, ўзим ҳам кетишни кўзлаб тургандим. Жамоада баъзи бир вазиятлар бўлиб турарди-ки, футболчи бунақа вазиятда фақат жамоани тарк этишдан бошқасини ўйламайди. Бундай ҳолатга ортиқ чидаб бўлмасди.

— Сизингча, нима сабабдан сизни бош мураббий жамоада ушламасликка қарор қилди?
— У мени марказий ҳимоячи сифатида кўрмади. Нуқул мени қанот ҳимоясига қўяверди. Мен учун қанотда ўйнаш умуман ноқулай. Ҳар бир футболчининг ўзига яраша хусусиятлари бор, футболчи у ёки бу позицияда яхши ўйнаши бу табиий. Қанот менинг позициям эмас эди.

— Дастлабки даврани жамоа ўта мувофақиятсиз ўтказди. Бир сўз билан айтганда, жамоа ўз олдига қўйган вазифани бажара олмаяпти. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Бундай натижаларда ким айбдор?
— Жамоанинг бу қадар мувофақиятсиз ўйин намойиш этишига барча айбдор. Футбол жамоавий ўйин ҳисобланади. Натижа бўлмагандан кейин жамоада кимлар бўлса, раҳбарият, мураббийлар ва футболчилар, барчалари айбдор саналишади.

— Раҳбарият ва мураббийларни тилга олдингиз. Улар билан муносабатларингиз қандай?
— Раҳбарият билан муносабатларимиз яхшидай эди. Бош мураббий билан эса... нима ҳам дердим. У — мураббий, мен — футболчи, бизда фақат профессионал муносабатлар бор эди, холос.

— Жамоадаги ўзгаришлар ҳақида хабардорсиз. Бу ўзгаришлар ўзини оқлайдими ёки йўқми?
— Ўзгаришлар қилиш керак эди, лекин, менимча, у қадар катта ўзгаришлар қилинмади. Муболаға қилиб айтадиган бўлсак, "алининг ўрнига вали" бўлди. Шуни аниқ атишим мумкинки, иккинчи даврада жамоага биринчисига нисбаттан анча оғир бўлади.

— Ҳозирги кунда жамоада қандай ўзгаришлар қилиниши керак деб ўйлайсиз?
— Ўзгаришлар қилиб бўлинди. Энди кутишдан бошқа чора йўқ. Ижобий натижалар қайд этилса, демак, барчаси тўғри бажарилган, аксинча бўлса... Ҳар бир натижа учун мураббийлар штаби ҳамда раҳбарлар жавобгар саналишади.

— Бухоро халқи ва мухлислари ҳақида нима дея оласиз. Мухлисларингизга тилакларингиз.
— Бухоро шаҳри — жуда гўзал. Менинг иккинчи уйим бўлиб қолган. Бухоро халқи жуда ширинсўз, хушмуомала эканлигини доим эътироф этиб келаман. "Бухоро" жамоасининг мухлислари эса мамлакатимизда етакчилардан бири саналишади. Буни ҳаттоки стадионга ташриф буюрганлар сонидан, статистикадан билиб олиш қийин эмас. Мухлислик қилиш маданияти ҳам аъло даражада. Кўпчилик бу жамоада ўйнаб кетганидан сўнг биринчи навбатда мухлисларни илиқ сўзлар билан эслашади. Бухоролик мухлисларни ҳақиқатгўй, виждонли ва ҳақиқатга интилувчанликларини доим эслаб юришади. Менга энг ёқадиган томони, бухороликлар футболни яхши тушунишади. Футболчи қайсидир вазиятда борини бериб ўйнамаса, ҳақли равишда унга танбеҳ беришади. Қайсидир вазиятда майдонда қора ишларни бажарган футболчи бўлса, кўзга кўринмай, аммо жуда катта ҳажмдаги ишни бажарса, бу ҳолатни ҳам пайқай олишади ва учрашувдан сўнг унга алоҳида миннатдорчилик билдиришади. Бунга ўхшаш мухлисликни Европада кузатиш мумкин. Қисқаси, "Бухоро" жамоаси ўз мухлислари билан қанча фахрланса арзийди.

Ҳурматли ва қадрдон мухлисларим, сизларга катта раҳмат айтаман. Мени оғир дамларда ҳам, ютуқларда ҳам бир хил қўллаб турдингиз. Ўйиним чиқмай қолган пайтлари берган танбеҳларингиз учун алоҳида раҳмат, мен учун бу танбеҳлар олтинга тенг маслаҳат саналиб келган. Сизлардан илтимос, жамоани ёлғизлатиб қўйманг. Салбий натижалар бўлган бўлса ҳам, мен аниқ сизга айтаман, болалар борини бериб ўйнашди. "Бухоро"га омадлар ёр бўлсин!

Азиз Салиҳов суҳбатлашди

Манба: www.pfkbuxoro.uz
Киритилди: 18:22, 03.08.2014.
Ўқилди: 4385 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.