Ҳозирда дунё футболида тенгсиз деб топилган Германия терма жамоаси ҳақиқатан ҳам иқтидорларга тўла. Умуман олганда, немис футболи ривожланса ривожланяптики, асло сусайгани йўқ. Буни Германия термаси ва немис клублари қайд этаётган натижалардан, германиялик футболчиларнинг Европада ажойиб ўйин кўрсатаётганидан ҳам билиш мумкин. Бугунги саҳифамизнинг қаҳрамони эса немис футболининг ана шундай тиниб-тинчимас футболчиларидан бири, кўпчилик ишқибозларнинг таърифи билан айтганда, сирти сокин, аммо ичида шиддатли пўртана яширинган Тони Кроос.
ОИЛАСИ
Тони Кроос спортчилар оиласида туғилган. Онаси Биргит бадминтон бўйича ГДР чемпиони бўлган. Отаси Роланд Германияда профессионал болалар футболи мураббийси сифатида фаолият юритади. Тони Крооснинг Феликс исмли укаси бор. Ҳозирда у Бременнинг “Вердер” клубида ўйнайди. Феликс, аслида, ҳужумчи ҳисобланади, аммо ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ҳаракат қилиши ҳам мумкин.
Кроос Жессика Фабер билан турмуш қурган, ўтган йили улар ўғилли бўлишди. Чақалоққа эса “Леон” деб исм қўйишди.
ҚИЗИҚИШИ
Тони уй ҳайвонларига жуда қизиқади. Айниқса, итларга меҳри баланд. Унинг Юлий ва Леннокс деган иккита ити бор.
Тенниснинг ҳақиқий ишқибози ҳисобланган Кроос швейцариялик ракетка устаси, дунёнинг энг кучли теннисчиларидан бири Рожер Федерернинг энг кучли спортчи деб ҳисоблайди.
Бременнинг “Вердер” клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Йоан Микунинг ўйин услубига тан беради ва бу футболчига бевосита тақлид қилади.
Ўйин ёки машғулотдан сўнг Кроос спагеттини маза қилиб паққос туширади. Шунингдек, курка ёки товуқ гўштини ҳам севиб истеъмол қилади.
КАМЧИЛИГИ
Тони Крооснинг ожиз томони — покер. У турли кеча ёки тадбирларга борганида имкон қадар шу ўйиндан узоқроқ юради. Чунки Кроос деярли ҳеч қачон покерда омадли ҳисобланмаган.
Кўп вақтини “PlayStation”га сарфлайди. Бу борада ўзи агар севикли рафиқаси ва ўғли бўлмаганида, бутун умрини шу ўйинга бағишлаши мумкинлигини ҳам таъкидлайди. Яна шуни ҳам айтади-ки, бу қадар қизиқиш — инсоннинг камчилиги.
БОШҚА ФАКТЛАР
Икки йил олдин Тони Крооснинг расмий сайтида мухлислар ундан “Барселона” ёки “Реал”дан қайси бирини маъқул кўришини сўрашган. Шунда Кроос қуйидагича жавоб берган: “Булардан бирини ортиқ кўриш — қийин масала, чунки иккаласи ҳам буюк клублар. Агар ўзимга қолса, “Барселона”ни танлаган бўлардим”.
Қаҳрамонимизга “Сантьяго Бернабеу” ва “Сигнал Идуна Парк” стадионлари атмосфераси жуда ёқади. Ўзи айнан ана шу икки стадиондан бирида тўп суришни жуда исташини такрорларди. Ахийри Мадридда ўйнаш насиб этди.
Тони Крооснинг саёҳат қилишни ёқтирадиган шаҳарлари: Барселона ва Лондон.
Кроос Мадриднинг “Реал” жамоаси сафида тўп суриш бахтига мушарраф бўлган тўққизинчи немис ҳисобланади. Унгача қуйидаги футболчилар “қироллик клуби”да ўйнашган: Гюнтер Нетцер, Ули Штилике, Пауль Брайтнер, Бодо Иллгнер, Бернд Шустер, Кристоф Метцельдер, Месут Ўзил ва Сами Хедира.
Ушбу ўйинчи яна бир қизиқ характерга эга, яъни у ўнг оёқда тўп тепса-да, ўзини чапақай деб ҳисоблайди. Ҳатто “Реал” билан шартномани ҳам чап қўлда имзолаган.
Мадрид клуби билан шартнома имзолаганидан сўнг мухлислар Тонига икки йил олдинги гапини эслатишди. Шунда Кроос қуйидагича жавоб қайтарди: “Ўзимга қолса, “Барселона”ни танлардим, аммо ҳозирги “Барселона” мен мухлислик қилган икки йил олдинги клуб эмас”.
Интернет материаллари асосида НИЗОМЖОН тайёрлади.