Мадриднинг «Реал» клуби янги мавсум арафасида ўз сафига бир қатор юлдузларни жалб қилиб, янги мавсумга юқори кайфиятда киришга тайёргарлик кўраётганига қарамай, уларнинг қаршисида ҳал этилиши лозим бўлган яна бир муаммо пайдо бўлди. Аниқроғи, янги мавсумда асосий дарвозабон ким бўлиши керак деган савол ҳамон очиқ турибди. Мадрид клуби раҳбарияти Кейлор Навасни жалб қилиб, бу муаммони узил-кесил ҳал қилгандек кўринсада, кўпчилик Икер Касильяс ва Диего Лопесларнинг кейинги тақдири борасида ҳавотирда.
Моуриньо Касильясдан кўра Лопесни афзал билганди.
Икки йил олдин Жозе Моуриньо Касильясда ўйин амалиёти етарлича эмас дея, Мадридга Диего Лопесни олиб келганида кўпчилик Моуриньони танқидларга кўмиб ташлаганди. Аммо, ўша мавсум ярми ўтмасдан туриб, Моуриньо ўз танловида адашмаганини Лопес ажойиб ўйинлари билан исботлай олган эди. Аммо, жамоа сардори, Мадрид дарвозасининг кўп йиллик ишонган қўрғони заҳирада ўтиришини Мадридда кўпчилик ҳазм қила олмаётган эди. Моуриньо кетиб унинг ўрнига Анчелотти келганда ҳам вазият ўзгармади. Мавсум аввалида ҳар иккала дарвозабонни ҳолатини кўздан кечирган италиялик мутахассис барчасини ўз ўрнида қолдирди - Лопес Ла Лига баҳсларида, Касильяс эса Испания Кубоги ва Чемпионлар Лигаси баҳсларида дарвозада туриши белгилаб қўйилди. Бу вазият эса, Анчелоттининг Диего Лопесга бўлган ишончи кўпроқ дегани эди. Мавсум ҳар иккала дарвозабон учун оғир кечди. Диего Лопес «Атлетико», «Барселона» ва «Севилья» клубларига қарши кечган чемпионатнинг марказий ўйинларида хатоларга йўл қўйди. Касильяс ҳам ўз навбатида Чемпионлар Лигасининг баъзи ўйинларида Лопесникидан ҳам қўполроқ хатоларга йўл қўйди. Ҳатто ЧЛ финалида ҳам ўзига ярашмаган гол ўтказиб юборади.
Диего Лопесдан фарқли равишда Касильяс мавсум якунида икки турнирда ғалаба қозона олди. Чемпионалар Лигасидаги орзиқиб кутилган ғалаба ва умуман мадридлик мухлис ва мутахассисларнинг унга бўлган муносабати яна Касильясни ўз савиясига қайтганидан далолат бераётгандек эди. Аммо, Бразилиядаги мундиал ҳаммасини ўз жойига қайтарди. Гуруҳ ўйинларида Касильяс ўзига ўхшамади ва жамоадошларига қўшилиб қўша-қўша хатоларга йўл қўйди. Жамоадошлари хатога йўл қўйса, доимо уларнинг хатоларини ўз ўйини билан ювиб кетадиган Эль Капитано» руҳан анча ўзини йўқотгандек кўринди.
Янги мавсум олдидан кимда имконият қандай?
АҚШда ўтказилган мавсумолди йиғин ва «Guinness International Champions Cup» турнирида «МЮ» ва «Рома»га қарши ўйинларда Анчелотти дарвозада яна Касильясга ишонч билдирди, аммо дарвозабон ҳар иккала ўйинда ҳам бир қатор қўпол ва ўзига ярашмайдиган хатоларга йўл қўйди. Айтишларича, Анчелотти айнан мана шу ўйинлардан сўнг қатъий қарорга келган - Анчелотти жамоасида Касильяс эндиликда «Реалнинг асосий дарвозабони бўлмайди. Италиялик мураббийнинг Касильясга нисбатан ишонч кредити якунланганини пайқаш қийин эмасди. «Дарвозабон истаса кетиши мумкин, қолса ҳам унга ҳеч нима қилмаймиз, аммо клубга юқори савияли янги дарвозабон керак», деган сўзлар Анчелотти томонидан айтилганини клубга яқин бўлган манбаалар тасдиқлади.
«Реал» афсонаси бўлган дарвозабон клубдаги, кўп эъҳтимол билан сўнгги мавсумини ўтказиши ва бу мавсумни юқори нуқтада якунлашига ҳеч ким қарши эмас эди. Мураббий ҳам, жамоадошлари ҳам. Аммо, матбуотда унинг жамоани тарк этиши, янги мавсумни «Арсенал» ёки «ПСЖ»да бошлаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Сўнгги палладагина унинг собиқ жамоадоши, айни дамда Анчелоттининг биринчи ёрдмачиси бўлиб турган Фернандо Йерро уни жамоада қолишига кўндиради.
Мухлислар Лопеснинг кетишига қарши
Бир неча кун аввал «MARCA» нашри томонидан ўтказилган сўровномада 59,7 % иштирокчилар Диего Лопеснинг жамоада қолиши кераклигини ёқлаб чиқишади. Бу - Лопеснинг жамоа билан келиша олмай клубни тарк этиши ҳақидаги хабарлар тарқалгандан кейин ўтказилган сўровнома натижалари. Мухлислар фикри бир ҳафта ичида ўзгарганига сабаб иккита. Биринчиси, Кейлор Навас «Реал» таркибида аввалгидан ҳам яхшироқ ўйнаб кета олишига «Реал мухлисларининг барчаси ҳам ишонаётгани йўқ. Иккинчидан, Диего Лопес ҳозирги ҳолатда Икер Касильясдан яхшироқ формада.
Албатта, бу сўровнома, мухлислар фикри деярли ҳеч нарсани англатмайди. Флорентино Переснинг Мадридга Кейлор Навасни олиб келиши Анчелоттида деярли танлов қолдирмади. Коста-рикалик дарвозабон келаётган мавсумда «Реал»нинг асосий посбони бўлади. Диего Лопес эса, унинг ўринбосари сифатида заҳирада ўтиришни истамаяпти ва клуб раҳбарияти билан очиқчасига жанжаллашмоқда. Касильяс? Икер Касильяс кетма-кет учинчи мавсумни жамоанинг иккинчи рақамли дарвозабони мақомида бошлашга тайёрми? Трансфер ойнаси ёпилгунича, Мадрид яна бир юқори савияли дарвозабонни Навасга ўринбосар сифатида олиб келиши, ёки Лопес ва Касильяслардан бирини жамоада сақлаб қолиши зарур бўлиб қолди.
Бир қарашда "Реал" юқори савиядаги уч нафар ажойиб дарвозабонга эга, амалда эса.....