"Навбаҳор" - "Бухоро" учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида наманганликлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов иштирок этди.
"Бугунги ғалаба жамоамиз учун зарур эди. Худога шукрки, якунда ютуқни қўлга киритиб, мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди. Ушбу ғалаба билан жамоамизнинг ашаддий жонкуяр ва «Навбаҳор» учун жонини берадиган мухлисларни табриклайман. Афсуски, «Навбаҳор»ни мағлубиятларидан хурсанд бўладиган ишқибозлар ҳам бор. Ўйлайманки, чиройли ўйинлар кўрсатиб турсак, бу тоифа мухлислар ҳам бизга ҳайрихоҳлик қилишади ва ишқибозларимиз сони ортади. Сўнгги пайтларда матбуотда «Навбаҳор» ҳақидаги танқидий мақолалар кўпайиб кетди. Хусусан, терма жамоадан назорат учрашувида учралган мағлубият ҳамда «Локомотив»га бой берилган ўйинлардан кейин салбий фикрлар билдирилди. Ваҳоланки, «Локомотив» Қаршида «Насаф»ни йирик ҳисобда доғда қолдирди. Аслини олганда «Насаф» ҳам кучли жамоа саналади. Улар буни Самарқанддаги ғалаба билан исботлашганди. Бундан ташқари «Бунёдкор» ҳам меҳмонда ютиб келди. Хуллас, бошқа жамоалар ҳақида танқидий мақолалар йўғу, «Навбаҳор» ҳақида бор. Балки мутахассислар жамоамиздан кўпроқ нарса кутганликлари боис шундай вазият юзага келгандир.
Яна бир бор ғалаба била нишқибозларимизни табриклаб, йигитлар номидан уларга миннатдорчилик билдириб ўтаман. Очиғини айтганда, «Бухоро» бизга муносиб тарзда қаршилик кўрсатди. Жамоаларни атиги учта очко ажратиб турганлиги боис қайсидир маънода олти очкони тақдири ҳал бўлди дейиш мумкин. Футболчиларга «Бухоро»га қарши баҳс жамоамизнинг вазифасини аниқлаб беришини тушунтириб ўтгандим. Ғалаба қозониш орқали 5-6-ўринлар учун курашиш имкониятига эга бўламиз ёки 10-поғонада қолиб кетишимиз мумкинлигини айтгандим. Шу сабабли йигитлар учрашувга жиддий тарзда тайёргарлик кўришди. Бунга ўйингоҳга йиғилган мухлислар гувоҳ бўлишди. Фурсатдан фойдаланиб, жиддий қаршилик кўрсатишгани учун «Бухоро» жамоаси аъзоларига ҳам миннатдорчилик билдириб ўтаман. Меҳмонлар камчиликда қолган бўлишлари қарамай, охиригача курашишга интилишди. Дарвозамизга киритилган гол эса чемпионатнинг энг чиройли голларидан бири бўлди деб айта оламан. Умуман олганда, ишқибозлар ҳар икки жамоа ижросида чиройли ўйинни гувоҳига айланишди", - дейди Бахтиёр Ашурматов.