Бугун Испаниянинг "Реал Мадрид" ва "Севилья" жамоалари ўртасида Европа суперкубоги учун баҳс бўлиб ўтишидан хабарингиз бор. Ўтган мавсумда "Реал" ЕЧЛда ғолиб чиққан бўлса, андалусияликлар Европа лигасини қўлга киритишган.
Ўтган мавсум билан солиштирганда, ҳар иккала жамоа таркибида бир қанча ўзгаришлар бор. Мадридликлар ЖЧда ўзини кўрсатган 3 нафар юлдуз билан таркибни бойитишган бўлса, "Севилья"ни жамоа сардори ва етакчиси Ракитич тарк этди. Шунга қарамай, ҳар иккала жамоа ўзининг ўйин услубини кескин ўзгартириб юбормаса керак.
Тахминий таркиблар
"Реал". Дарвозани, Анчелотти таъкидлаганидек, Икер Касильяс эгаллайди. Мудофаа чизиғини ўтган мавсумдаги тўртлик — Карвахаль, Пепе, Рамос ва Коэнтрау эгалласа керак. Дисквалификация қилинган Алонсо ўрнини майдон марказида Хедира ёки жамоага янги қўшилган Кроос эгаллайди. Шунингдек, Роналду ҳам жароҳатидан тўла фориғ бўлди ва ҳужумкор учлик — Роналду, Бензема, Бэйлни бугун майдонда кўришимиз мумкин.
"Севилья". Андалусияликлар таркибини тахмин қилиш осон эмас. "КПР"га қайтиб кетган Мбиа ўрнини майдон марказида Каррис ва Висенте Иборра эгаллаши кутилмоқда. Денис Суарес эса Ракитичнинг йўқлигини билинтирмасликка ҳаракат қилади. Ҳимоянинг чап қанотини Коке ёпади. Шифокорларнинг хулосасига кўра, юз қисмидан олган жароҳат унинг ўйнашига халал бермайди. Афсуски, Карлос Бакка жароҳат боис ўйинни ўтказиб юборади.
Ўзаро учрашувлар тарихи
Бу жамоа Европа суперкубоги доирасида илк марта тўқнаш келадилар. Бошқа мусобақаларда эса улар 148 марта тўқнаш келишган. 77та ўйинда "Реал" ғалаба қозонган бўлса, 44 марта "Севилья" зафар қуйган. 27 ўйин эса дуранг билан якун топган. Тўплар нисбати — 317-203, "Реал" фойдасига.
Қизиқарли фактлар
- "Мадрид" (2002) ва "Севилья" (2006) бир мартадан Европа суперкубогини қўлга киритишган.
- Карло Анчелотти икки марта Европа суперкубогини икки марта қўлга киритган. 2007 йилги суперкубокда "Милан" билан "Севилья"ни мағлуб этган (3:1).
- Бу бир мамлакат ўртасида кечадиган тўртинчи УЕФА суперкубоги баҳси бўлади. 1990 ва 1993 йилларда Италия жамоалари ("Милан" – Сампдория", "Милан" – "Парма"), 2006 ва 2014 йилларда эса Испания клублари ("Барселона" – "Севилья" ва "Реал Мадрид" – "Севилья") ўзаро баҳс олиб боришган.
- Европа суперкубоги баҳси Голландиянинг «De Telegraaf» нашри мухбири Антон Виткамп томонидан ўйлаб топилган ва 1972 йилдан бери ўтказилиб келинмоқда. Испания жамоалари барчадан кўп — 10 марта ушбу соврин қўлга киритишган: "Барселона" — 4 марта, "Валенсия" ва "Атлетико" – 2 мартадан, "Реал Мадрид" ва "Севилья" – бир мартадан.
- "Қаймоқранглилар" ярим ҳимоячиси Гарет Бэйл бугун Суперкубок учрашуви бўлиб ўтадиган Кардифф шаҳрида таваллуд топган, аммо 9 ёшида "Саутгемптон" скаутларининг эътиборига тушиб, ушбу жамоа академиясида ўқишни давом эттирган.
- "Севилья" ҳимоячиси Серхио Рамос "Севилья" футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Дарвозабон Диего Лопес "Мадрид" сафига айнан "Севилья"дан ўтган.
- Криштиану Роналду ҳали бирор марта ҳам Европа суперкубоги совринини қўлга киритмаган. 2008 йилда "Манчестер Юнайтед" Россиянинг "Зенит" жамоасига имкониятни бой берган (1:2). Ўша баҳсда Роналду жароҳат боис майдонга туша олмаган.
Ҳакамлар
Ўйинни британиялик ҳакамлар бошқариб боришади. Бош ҳакам - Марк Клатенбург (39 ёш). Қанотларда, дарвоза ортида ва захирада унга ҳамюртлари ёрдам беришади.