“Нефтчи” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач, ҳар икки клуб бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Журналистларнинг саволларига дастлаб “Навбаҳор” устози Бахтиёр Ашурматов жавоб қайтарди.
"Бугунг иккита тенг кучга эга бўлган жамоалар майдонда куч синашишди. Баҳс “дерби” мақомига эга бўлганлиги боис “Нефтчи” ва “Навбаҳор” ўртасидаги қарама-қаршиликлар доимо кескинлиги, муросасизлиги билан алоҳида ўринга эга бўлиб келган. Лекин, биринчи бўлимда мухлисларбоп ўйин бўлмади. Жамоамиз аъзолари ёмон ўйин кўрсатишмади. Танаффусдан кейин эса худди жамоа алмаштириб қўйилгандек таассурот қолдирди. Яъни футболчиларимиз иккинчи бўлимда жуда бўш ҳаракат қилишди. Айнан шу сабабли, жамоамизнинг иккинчи бўлимда кўрсатган ўйини учун бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларган узр сўрайман.
Фурсатдан фойдаланиб, “Нефтчи” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Иккинчи бўлимда футболчиларимиз нима сабабдан суст ўйин кўрсатганликларини тушунмадим. Балки танаффусга қадар захира ўриндиғида ўтириб, кўрсатмалар бериб турганим боис ҳаммаси кўнгилдагидек кечгандир. Танаффус пайтида назоратчи ҳакамининг кўрсатмасига кўра захира ўриндиғида ўтириш ҳуқуқидан маҳрум бўлдим ва бевосита футболчиларга кўрсатма бериш имкониятига эга бўлмадим. Балки бу жиҳат ҳам ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин. Чунки, бутун учрашув давомида жамоа билан бирга бўлишни истайман. Афсуски, иккинчи бўлимда яхши кўрган ишимдан маҳрум бўлдим ҳамда йигитларга қўшимча куч бағишлай олмадим. Қолаверса, йигитлар устунликка эришганликлари боис танаффусдан кейин ҳам “Нефтчи”ни бўш ўйин кўрсатади деб ўйлашгандир.
Бир сўз билан айтганда, бунга аниқ бир жавобни айтиш мушкул. Лекин, мезбонлар сафида амалга оширилган ўзгаришларни ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Хусусан, захирадан сафга қўшилган Шерзод Ҳакимов ўйинга яхши киришиб кета олди", - дейди Бахтиёр Ашурматов.