Европа лигасининг саралаш плей-офф босқичидан ўрин олган дастлабки ўйинда Москванинг "Локомотив" жамоаси Кипр сафаридан дуранг билан қайтди.
Барчаси "темирйўлчилар" учун яхши кечаётганди. Биринчи бўлим охирларида Касаев 22 метрлардан чиройли зарба билан ҳисобни очди. Иккинчи бўлим бошида Виталий Денисов ажойиб имкониятни қўлдан чиқарди. У дарвозагача 4 метрлар масофадан тўпни юқорига тепиб юборди. Ушбу вазиятдан фойдаланганида ҳамюртимиз ўйин қаҳрамонига айланиши мумкин эди, ваҳоланки антиқаҳрамонга айланишига бир баҳя қолди.
Ўйиннинг 61-дақиқасида Денисов тўпни ён чизиқдан ўйинга киритишда вақт чўзгани учун ҳакам томонидан огоҳлантирилди. 74-дақиқада эса "Локо" футболчиси Тигорев рақибга нисбатан тик оёқ билан ўйнашда айбланиб, майдондан четлатилди. Орадан кўп ўтмасдан "Аполлон" ҳисобни тенглаштирди.
Ўйин тугашига 4 дақиқа қолганида иккинчи сариқ карточка туфайли Виталий Денисов майдонни тарк этди. Меҳмонлар бурчак тўпини ўйинга киритиб беришганидан кейин мезбонлар дарвозабони Бруну Вале тўпни муштлари билан уриб юбориб, жамоасининг ҳужумига асос солди. Рашид Ҳамданий ҳужумга ўтаётганида ҳамюртимиз уни чалиб йиқитишга мажбур бўлди ва иккинчи "сариқ"...
"Локомотив" ўйиннинг сўнгги дақиқаларини 9 киши бўлиб ўтказди ва дурангни сақлаб қолди. Ваҳоланки, кипрлар қўшимча дақиқаларда дарвозани ишғол қилиш учун 2та имкониятни қўлдан чиқаришди.
Жавоб баҳсида Виталий Денисов жамоасига ёрдам бера олмайди.
Европа лигаси, саралаш плей-офф босқичи, дастлабки ўйин
"Аполлон" (Кипр) – "Локомотив" (Россия) - 1:1 (0:1)
Голлар: 0:1 – 39 Касаев, 1:1 – 80 Гуйе Гуйе.
"Аполлон" Бруну Вале, Робер, Андраде, Меркис, Ҳамданий, Василиу (Тюрам, 79), Стилиану (Мюлдер, 70), Гульон, Папулис, Мерьем (Резек, 69), Гуйе Гуйе.
"Локомотив": Гильерме, Шишкин, Чорлука, Денисов, Дюрица, Фернандеш, Тарасов (Михалик, 65), Ньяссе (Н′Дойе, 46), Тигорев, Самедов, Касаев (Майкон, 62).
Огоҳлантиришлар: Стилиану (33), Меркис (53), Денисов (63), Майкон (88).
Четлатишлар: Тигорев (76), Денисов (87).